Камчатка ва Новосибирскда мигрантларга такси ҳайдаш тақиқланди

Москва кўчаларидаги таксилар (иллюстратив сурат)

Россиянинг Новосибирск вилоятида меҳнат муҳожирларига таксичи, ичкилик ва тамаки сотувчиси бўлиб ишлаш ман этилди.

Вилоят губернатори Андрей Травников томонидан 15 апрель куни имзоланган қарорга кўра, мазкур соҳаларда фаолият юритувчи корхоналар “ишлатилаётган хорижлик ходимлар сонини қарор билан мувофиқ ҳолга келтиришлари” лозим. Бу иш “Новосибирск вилоятида миллий хавфсизлик, турмуш хавфсизлиги ва аҳоли саломатлигини таъминлаш мақсадида” амалга оширилаётгани айтилган.

16 апрель куни Камчатка ўлкаси губернатори Владимир Солодов патент асосида ишлаётган мигрантларга ўлка ҳудудида таксичилик қилишни тақиқлаб қўйган. Ҳудуд раҳбари бу қарорни “минтақада турли жиноятларни содир этаётган ноқонуний мигрантлар кўпинча таксида ишлайди”, дея изоҳлаган.

Қабул қилинган чора ва миграция сиёсатининг кучайтирилиши таксиларда йўловчи ташиш бозорини янада хавфсизроқ қилади, деб ҳисоблайман”, деб ёзган Солодов ўз telegram-канали орқали.

2023 йил октябрида Россия Давлат думасига хорижлик фуқароларга бутун мамлакат бўйлаб мактабларда, фармацевтика соҳасида, давлатга қарашли тиббий муассасаларда, такси ва юк ташиш соҳаларида ишлашни тақиқлаш таклиф этилган қонун лойиҳаси киритилган эди.

2023 йил ноябрида Давлат думаси спикерининг ўринбосари Пётр Толстой “Россиянинг мигрантларга нисбатан позицияси пассив”лигидан таассуфда эканини айтган. У айрим постсовет мамлакатларидан келган кишиларга курьер, такси ҳайдовчиси ва сотувчи бўлиб ишлашни тақиқлашни таклиф қилган эди.

Москва вилоятида жойлашган “Крокус Сити Холл”даги терактдан кейин Россияда мигрантларга нисбатан ксенофобик кайфиятлар кучайиб кетди. Расмий версияга кўра, мазкур концерт залидаги террор хуружи Тожикистон фуқаролари томонидан амалга оширилган. Бунинг ортидан Россиянинг турли ҳудудларида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари хорижлик ишчилар яшайдиган ва ишлайдиган жойларда ёппасига текширувлар ўтказа бошлаганлар. Айрим ҳолатларда мигрантларни ҳарбий комиссариатда қайдга қўйиш кузатилган.