Киев суди Украина ватандошини ўлдирган Россия ҳарбийсини умрбод қамоққа ҳукм қилди

Вадим Шишимаринга нисбатан суд жараёни Киевда 13 май куни бошланган эди.

Киевнинг Соломенск туман суди Россия армияси сержанти Вадим Шишимаринни уруш тўғрисидаги қонунлар ва одатларни бузганликда, шунингдек, қасддан қуролсиз одамни ўлдирганликда айбдор деб топди. Суд Шишимаринни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Москва вилоятида жойлашган 4- Кантемир танк дивизиясининг 21 ёшли бўлинма командири бўлган сержант Вадим Шишимарин судда 28 февраль куни Сумск вилояти Чупаховка қишлоғида 62 ёшли Александр Шелиповни отиб ўлдирганини тан олди.

“Прапоршчик Макеев менга отишга буйруқ берди. Мен бош тортдим. Шунда яна бир ҳарбий хизматчи менга таҳдидли оҳангда отишга буйруқ берди, “акс ҳолда у бизни сотади”, деб айтди. Мен шундан сўнг қисқа навбат билан ўқ отдим”, -деб иқтибос келтирди Шишимариннинг судда берган кўрсатмасидан Озодликнинг украин хизмати.

Жабрланувчи сифатида судда гувоҳлик берган Александр Шелиповнинг бекаси Екатерина Шелипова рус ҳарбийсига умрбод қамоқ жазоси берилишини талаб қилди. “Бироқ у “Азовстал”даги бизнинг ҳимоячиларимизга алмаштириладиган бўлса, бунга қарши бўлмайман”,-деди бева.

Украина ҳукумати томонидан сержант Шишимаринга тақдим этилган адвокат Би-би-си радиосига Россия ҳукумати ёки Мудофаа вазирлиги расмийларидан бирортаси у билан алоқага чиқмаганини айтди.

Вадим Шишимарин Россия Украинага бостириб кирганидан бери тинч аҳолини ўлдирганликда айбланиб судланган биринчи рус ҳарбийси бўлди. Унга нисбатан суд жараёни Киевда 13 май куни бошланган эди.

Россия армияси Киев вилоятининг айрим туманларини бир ой – февраль ойи охиридан март ойи охирларига қадар ишғол этиб турган. Украина ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотига мувофиқ, биргина Киев вилоятида мана шу давр мобайнида 1200 нафардан зиёд тинч аҳоли вакили ўлдирилган.

2 апрелда Киев вилояти Россия босқинидан озод қилингач, қатор шаҳар ва қишлоқларда тинч аҳолининг жасадлари топилган. Буча шаҳрида камида 400 киши оммавий қатл қилингани тасдиқланди.

Москва эса Украинада тинч аҳоли қатлиом қилинганини, Россия ҳарбийлари фуқаровий инфраструктурани вайрон қилаётганига оид айбловларни инкор қилиб келмоқда.

Айни пайтда Украина расмийлари Россия ҳарбийлари тинч аҳолини қатлиом қилаётганига оид ҳужжат ва далиллар сунъий йўлдошлардан ҳамда видеокузатув камераларидан олинган тасвирлар воситасида тасдиқланганини айтиб келадилар.