Киев Донбассдаги можаро ҳудуди ўнлаб марта ўққа тутилганини иддао қилди

Украиналик ҳарбийларнинг Горловка қишлоғи (Донбасс) яқинидаги мавқеи, 2022 йил 17 феврали

Украина Мудофаа вазирлиги 17 февралга ўтар кечасидан эътиборан Донбассда вазият сезиларли даражада кескинлашгани шу куни БМТ Хавфсизлик кенгашининг Минск битимлари ижросига бағишланган йиғилиши ўтказилгани билан боғлиқ, деб ҳисоблайди.

Мамлакат мудофаа вазири Алексей Резников Донбассдаги ўққа тутишларни “онгли равишда қилинган провокациялар” деб атаган. Вазирнинг урғулашича, айирмачилар Россия қўлловида ҳаракат қилишмоқда, Москва эса Украинага қарши агрессиясини асослаш учун ахборот кампаниясини кучайтиряпти.

Украина шарқидаги айирмачилар украин армияси 17 февралдан бошлаб “ДХР” ва “ЛХР” ҳудудини ўққа тутишни кўпайтирганини иддао қилишмоқда. Хусусан, “ДХР” ҳудуди 20 дан ортиқ маротаба ўққа тутилгани, тинч аҳоли вакилларидан бир аёл ярадор бўлгани айтилган.

Украина расмийлари эса 17 февраль куни Луганск ва Донецк вилоятларидаги айирмачилар тарафидан элликка яқин марта ўт очилганини билдирганлар.

Киев таъкидича, фуқаровий инфратузилма объектлари, жумладан “Луганская” станицасидаги болалар боғчаси зарбага учраган, тинч аҳоли орасида жабрланганлар бор. Россияпараст айирмачилар эса болалар боғчасини Украина қуролли кучлари ўққа тутганини иддао қилишган.

Украина тарафи маълумотига кўра, 17 февраль оқшомига қадар айирмачилар Новотошковское, Водяное, Трудовское, Старогнатовка, Пивденное, Майорск, Марьинка, Светлодарск, Троицкое, Попасная, Луганская станицаси ва бошқа аҳоли пунктларини нишонга олишган.

Кремль ўз қўшинларини Украина чегараси яқинидан олиб кетаётганини эълон қилган эди, бироқ Ғарб мамлакатлари разведка хизматлари, жумладан Украина ҳам бунга ишонмаяпти. Аксинча, Россия ҳарбий фаоллигини ошираётгани тўғрисида маълумотлар бор.

Москва сўнгги кунларда Украина ҳукуматини Минск битимларига ҳурматсизлик қилишда бир неча бор айблаган.