Когондаги портлаш: Нима маълум?

Фавқулодда хизматлар ходимлари портлаш саҳнасида жароҳатланганлардан бирини тез ёрдам машинасига ортмоқда. 6 декабрь, 2025

Бухоро вилояти Когон туманида жойлашган тоғ-кон саноати корхоналари учун портловчи моддалар ишлаб чиқариш цехида 6 декабрь куни содир бўлган портлашда 4 киши ҳалок бўлди.

Расмий хабарларга кўра, яна тўрт киши жароҳат олиб, касалхонага ётқизилган.

Исми сир қолишини сўраган когонликлардан бирининг айтишича, аҳоли портлаш овозига унча эътибор бермаган.

“Корхонада ишлаб чиқарилган, лекин брак чиққан портловчи снарядларни ҳар замон унча узоқ бўлмаган полигонда портлатиб туришарди. Шунинг учун биз бу портлаш овози ҳам ўшаларники бўлса керак, деб аҳамият бермадик. Кейин билсак, ўша цех портлаган экан”.

Ҳодиса 6 декабрь куни соат 09:40 да «Мустақиллик» МФЙ ҳудудида жойлашган “Shams Ltd” корхонасига қарашли, тоғ-кон саноати корхоналари учун портловчи моддалар ишлаб чиқариш цехида содир бўлган ва катта ёнғин келиб чиққан.

Ҳозиргача портлашнинг аниқ сабаблари ҳақида маълумот берилмаган.

Озодликнинг аниқлашича, вафот этганлардан бири Когонда таниқли бўлган, узоқ йиллар колхоз раиси бўлиб ишлаган, кейин фермерлик қилган Эркин Ашуровнинг набираси бўлган.

“Бу йигит тўрт ой аввал уйланган эди. Тўйида қатнашган эдик. У ўша корхонада компьютерчи бўлиб ишлар экан. Қандай қилиб ўша пайт цехга бориб қолгани номаълум. Портлаган нарсанинг осколкаси бунга ҳам етган экан. Жуда кўп қон йўқотган ва касалхонада жон берган. Ҳозир портлашдан жароҳатланган яна 4 киши касалхонада. Уларнинг аҳволи барқарор-оғир, дейишмоқда”, дейди когонликлардан бири.

Когонликларнинг айтишларича, корхона милиция ва хавфсизлик ходимлари томонидан ўраб олинган ва ҳеч қандай маълумот берилмаяпти.

Когон тумани ҳокимлигининг исми сир қолишини сўраган бир мулозимининг айтишича, “SHAMS LTD” МЧЖни очган шахслар собиқ МХХ ходимлари бўлган:

“Бу корхонанинг эгаси асли наманганлик. Аввал ‘SHAMS RUBIN’ деган, темир-терсак билан ишлайдиган корхонаси бор эди. Асли МХХдан чиққан болаларники эди. Ички хавфсизлик бошлиғи бўлган. Кейин ‘SHAMS LTD’ МЧЖни очган. Навоий комбинати учун портловчи моддалар ишлаб чиқарадиган корхонага лицензияни ҳар ким ҳам ололмайди. Аслида унинг ҳақиқий эгаси ким эканини ҳеч ким билмайди. МЧЖ ҳам бошқанинг номига очилган бўлиши мумкин”.

Orginfo.uz сайтида “SHAMS LTD” МЧЖ директори Фазлитдин Муҳитдинов эканлиги кўрсатилган.

Shams LTD orginfo.uz

МЧЖ манзили Наманган вилояти, Тўрақўрғон тумани, Оқтош шаҳарчаси, Оқтош МФЙ деб қайд этилган.

МЧЖ 2023 йилда сейсморазведкада портлатиш ишлари учун оддий аралашма аммиак-селитра портловчи моддаларни етказиб бериш ҳамда эмульсион портловчи моддаларни етказиб бериш бўйича тендерларда ғолиб бўлгани айтилмоқда.

Озодлик “SHAMS LTD” МЧЖнинг orginfo.uz сайтида кўрсатилган телефон рақамига бир неча бор қўнғироқ қилди, аммо жавоб бўлмади.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев топшириғига мувофиқ Саноат хавфсизлиги қўмитаси раиси Абдуваққос Рафиқов бошчилигида масъул вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат Ҳукумат комиссияси тузилган.

Ҳукумат комиссиясига жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатиш, портлаш оқибатларини бартараф қилиш, ушбу бахтсиз ҳодисанинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ҳамда келгусида бу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўриш вазифаси юклатилган.

Мавзуга алоқадор Когон портлашлари: Мавҳумлик қобиғи ҳамон йиртилгани йўқ

2008 йилнинг 10 июль кечаси Когон туманида жойлашган ҳарбий қисм омборида кучли портлаш рўй берган эди.

Расмий маълумотларга кўра, бу портлашлар натижасида уч киши нобуд бўлган, 20 дан ортиқ фуқаро тан жароҳати олган.

Аммо ўша пайтда мустақил текширув ўтказган Ўзбекистондаги Қийноқларнинг олдини олиш ва қийноқларга қарши тезкор гуруҳи ҳисоботида тахминан 27 киши ҳалок бўлгани ёзилган эди.

Ўшанда ҳам портлаш қандай ва нима сабабдан содир бўлгани, қандай кўламда содир бўлгани, қанча уй вайрон бўлгани, қанча одам ҳалок бўлгани, расман тан олинган 3 нафар қурбон ким экани, жароҳатланганлар қаерда экани каби ўнлаб саволлар жавобсиз қолган эди.