Коррупция можароси ортидан Эстония бош вазири истеъфога чиқди

Эстония бош вазири Юри Ратас

Эстония бош вазири ва Марказчи партия лидери Юри Ратас коррупцияга оид можаро қабатида истеъфога чиқишини эълон қилди.

Бугун прокуратура томонидан очиқланган гумонловлар кимнингдир муҳаққақ айбдор эканини англатмайди, бироқ улар бу ишга дахлдор барчага албатта жиддий соя солади. Бунақа вазиятда энг тўғри йўл истеъфога кетиш орқали барча ҳолатларнинг ойдинлашуви ва очиқликка эришилиши учун имконият беришдир”, деб ёзган Ратас Facebook тармоғидаги ўз саҳифасида.

Шу йилнинг 12 январь куни Эстония хавфсизлик полицияси Марказчи партия бош котиби Михаил Корб, молия вазирининг маслаҳатчиси Керсти Крахт, тадбиркор Хиллар Тедер ва исми ошкор қилинмаётган яна икки кишига нисбатан жиноят содир этганликда гумонлов билдирган.

Полиция тахминига кўра, Тедер ва Корб тадбиркорнинг Марказчи партияга миллион еврогача иона қилиши ҳақида келишиб олган. Бунинг эвазига Корб Тедерга алоқадор Porto Franco фирмасига Таллинда йўл қуришга имтиёзли имконият яратиб берилиши учун гўё пойтахт мэрига таъсир ўтказиши керак бўлган.

Молия вазири маслаҳатчиси Керсти Крахт эса Porto Franco талабномаси бўйича ижобий қарор чиқарилиши учун вазирликдаги ўз нуфузидан фойдаланиш ҳақида Тедер билан келишганликда гумонланмоқда. Ўз хизмати учун Крахт Тедердан пора олиши керак бўлган, бироқ пул тадбиркор ва мулозима аёл қўлга олиниши ортидан берилмай қолган.

Юри Ратас Эстония бош вазири лавозимини беш йил муқаддам эгаллаганди. У 2005 йилдан 2007 йилгача Таллин мэри бўлиб ишлаган.