Қўштема қандай лойиҳа?
Қўштепа канали — Амударёдан сув олиб, уни Афғонистоннинг ички ҳудудларига етказиш учун мўлжалланган гидротехник иншоотдир.
Лойиҳа Амударёдан сув олиш ҳудудида кенглиги 125 метр, чуқурлиги қарийб 8 метр бўлган, узунлиги 290 километрлик магистрал канал қурилишини назарда тутади. Қурилиш якунлангач, Афғонистон қарийб 550 минг гектар янги қишлоқ хўжалиги ерларини ўзлаштиришни режалаштирмоқда.
Лойиҳанинг тўлиқ ишлаши учун 500 километрдан ортиқ тақсимловчи каналлар тармоғини барпо этиш талаб этилади. Турли баҳоларга кўра, қурилиш харажатлари 680 миллион доллардан 2 миллиард долларгача бўлиши мумкин.
Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида Қўштепа кўпинча "Толибон" ҳаракати лойиҳаси сифатида тилга олинади. Аммо канал қуриш ғояси "Толибон" ҳокимиятга келишидан анча олдин пайдо бўлган.
Афғонистоннинг собиқ фавқулодда вазиятларни бошқариш вазири Нажиб Оға Фаҳимнинг айтишича, канал қурилиши ҳақидаги режалар бир неча ўн йиллардан бери муҳокама қилиниб келади. Унинг сўзларига кўра, дастлабки лойиҳа 1970-йилларда президент Муҳаммад Довуд даврида ишлаб чиқилган, Ғарб қўллаб-қувватлаган Афғонистон ҳукумати даврида эса (2001–2021 йиллар) уни амалга ошириш ишлари амалда бошланган.
"Республика ҳукумати ағдарилиб, "Толибон" ҳокимиятга келгач, лойиҳа уларга мерос қолди", — дейди Нажиб Оға Фаҳим. У 2021 йилда "Толибон" ҳокимиятни қайтариб олгунига қадар фаолият юритган Афғонистон ҳукуматида фавқулодда вазиятларни бошқариш вазири бўлган.
Толиблар қурилишни нега бошлади
2018 йилда Ғарб қўллаб-қувватлаган Афғонистон ҳукумати Амударё сув ресурсларидан фойдаланиш орқали мамлакатнинг шимолий ҳудудларини ўзлаштириш ғоясига яна қайтди.
Бу жараён жанубдаги Ҳилманд дарёсида Камолхон тўғони ва суғориш тизими лойиҳаси амалга оширилаётган бир пайтга тўғри келди. Ўша даврда ҳукумат қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини кенгайтириш ва мамлакатнинг озиқ-овқат импортига қарамлигини камайтиришни режалаштирган эди.
2018 йил декабрида Кобул америкалик муҳандислик компанияси AECOM билан лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини тайёрлаш бўйича шартнома имзолади. Ишлар АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан молиялаштирилди.
2021 йил август ойида "Толибон" ҳаракати Кобул устидан назорат ўрнатган пайтга келиб, канал лойиҳаси ҳужжатлари тўлиқ тайёр эди. AECOM муҳандислари Амударёда сув олинадиган жойни белгилаб бўлган, янги ҳокимият олдида эса фақат молиялаштириш манбаларини топиш ва қурилишни бошлаш вазифаси қолган эди.
Қўштепа канали лойиҳаси раҳбари Саид Забиҳулла Мирининг таъкидлашича, иншоот Амударё сув сатҳига сезиларли таъсир кўрсатмайди. Унинг сўзларига кўра, дарёда, айниқса тошқинлар ва музликларнинг эриши натижасида сув кўпайадиган даврларда, катта сув захиралари мавжуд.
"Қўштепа канали Амударё сув сатҳига сезиларли таъсир кўрсатмайди, деб кутилмоқда, чунки дарё катта ҳажмдаги сув оқимини олиб ўтади", — дейди Мири.
Амударё суви учун тортишув
Кобулда канал қурилиши қўшни давлатлар билан баҳсларга сабаб бўлиши мумкинлигини тан олишади. "Толибон" ҳокимиятга келишидан олдин ҳам Афғонистон расмийлари Амударё сувидан фойдаланиш ҳуқуқини ҳимоя қилишга тайёргарлик кўрган эди.
Нажиб Оға Фаҳимнинг фикрича, ҳуқуқий нуқтаи назардан Ўзбекистон ва Туркманистонда ушбу лойиҳани баҳс остига қўйиш учун етарли асослар йўқ. Унинг айтишича, Афғонистоннинг сувдан фойдаланиш ҳуқуқи тарихий келишувлар ва халқаро меъёрлар билан кафолатланган.
"Афғонистоннинг Амударё сувидан ўз улушига бўлган ҳуқуқи бир қатор тарихий ҳужжатлар ва халқаро конвенциялар билан таъминланган", — дейди Фаҳим.
У 1958 йилда Афғонистон ва Совет Иттифоқи ўртасида тузилган, унда Амударё трансчегаравий дарё сифатида эътироф этилган келишувга ишора қилади. Фаҳимнинг сўзларига кўра, ушбу ҳужжат томонларга сув ресурсларидан фойдаланишда тенг ҳуқуқларни назарда тутади.
Амударья в Афганистане
Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг Марказий Осиё давлатлари 1992 йилдаги Олмаота келишуви орқали сув тақсимоти бўйича совет даврида шаклланган тизимни сақлаб қолди. Ушбу ҳужжатга кўра, минтақа давлатлари собиқ Иттифоқ даврида белгиланган сув ресурсларидан фойдаланиш лимитларини сақлашга келишиб олган.
Белгиланган квоталарга кўра, Амударёдан йиллик сув олиш ҳажми қуйидагича тақсимланади:
- Ўзбекистон — 48,2 фоиз;
- Туркманистон — 35,8 фоиз;
- Тожикистон — 15,4 фоиз;
- Қирғизистон — 0,6 фоиз.
Афғонистон ушбу келишув иштирокчиси эмас.
Афғонистон сувнинг қанчасини олиши мумкин
Амударё Марказий Осиёдаги энг серсув дарё ҳисобланади. Унинг узунлиги (Панж дарёси билан бирга) қарийб 2400 километрни ташкил этади, йиллик сув оқими ҳажми эса Нил дарёсининг оқимига яқин — тахминан 75 куб километр сувга тенг.
Бир куб километр бир миллиард тонна сувга тенг.
Афғонистон томонининг таъкидлашича, Амударё ҳавзасидаги табиий сув оқимининг қарийб 30 фоизи унинг ҳудудида шаклланади. Сўнгги 30 йилдаги ўртача кўрсаткич ҳисобга олинса, бу йилига тахминан 21–23 куб километр сувни ташкил этади.
Қўштепа канали орқали Афғонистон ҳар йили 6 дан 10 куб километргача сувдан фойдаланишни режалаштирмоқда.
Нажиб Оға Фаҳимнинг фикрича, ҳатто Қўштепа лойиҳаси тўлиқ қувват билан ишлаган тақдирда ҳам, сув олиш ҳажми Амударёнинг умумий оқимининг 12 фоизидан ошмайди.
"Нега дунёга Қўштепа Амударё оқимининг 30 фоизини олиб қўяди, деган фикрни сингдиришга ҳаракат қилишмоқда — тушунарсиз. Бу мутлақо нотўғри", — дейди Фаҳим.
Айни пайтда экспертлар сув ресурсларининг ҳатто 10–12 фоизга қисқариши ҳам қуйи оқимда жойлашган давлатлар учун жиддий синов бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда. Чунки Ўзбекистон ва Туркманистон қишлоқ хўжалиги соҳаси катта даражада Амударё сувига боғлиқ.
Ўзбекистон музокара йўлини танлади
Ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида билдирилган хавотирли прогнозларга қарамай, расмий Тошкент канал қурилиши масаласида кескин баёнотлар беришдан воз кечди.
2025 йил баҳорида Ўзбекистон ва Афғонистон Амударё ҳавзасидаги сув ресурсларини биргаликда бошқариш бўйича келишув имзолади.
Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев Тошкент Афғонистонни қўшни давлат сифатида кўришини ва у ҳам дарё ресурсларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканини билдирди.
Ўзбекистондаги Амударё делтаси
"Агар очиқ гапирадиган бўлсак, афғонлар — бизнинг қариндошларимиз. Уларнинг ҳам Амударёдан сув олиш ҳуқуқи бор. Ҳозир интернетда турли гаплар ёзилмоқда: Қўштепа қуриляпти, нимадир бўляпти... Биз нима, қўлимизга қурол олиб, урушга боришимиз керакми? Йўқ. Биз муносабатларни йўлга қўйяпмиз, мулоқот олиб боряпмиз", — деди Ҳамроев.
Унинг сўзларига кўра, сув тақсимоти билан боғлиқ масалалар давлатлар ўртасидаги музокаралар, ҳужжатлар ва ишчи алоқалар орқали ҳал қилиниши керак.
Асосий муаммо — сув йўқолиши
Сўнгги 30 йил ичида Амударё сув оқими ҳажми тахминан 12 фоизга қисқарган. Аммо бу камайиш бир неча ўн йил давомида аста-секин содир бўлган бўлса, Қўштепа канали тўлиқ қувватда ишлай бошлаганидан кейин сув ҳажмининг қисқариши сезиларли даражада тезлашиши мумкин.
Шу билан бирга, экспертлар минтақадаги сув танқислиги муаммоси фақат янги Афғонистон лойиҳаси билан боғлиқ эмаслигини таъкидлайди.
Асосий хавф омилларидан бири — мавжуд суғориш тизимидаги сув йўқотишларидир.
Лондонда жойлашган Central Asia Due Diligence таҳлилий ташкилоти директори Алишер Илҳомовнинг таъкидлашича, Ўзбекистондаги сув ресурсларининг қарийб 90 фоизи қишлоқ хўжалигида ишлатилади. Аммо инфратузилманинг ҳолати сабаб сувнинг катта қисми якуний истеъмолчиларга етиб бормайди.
"Мамлакатимизда ва эҳтимол Туркманистонда ҳам қишлоқ хўжалиги умумий сув ресурсларининг 90 фоизини истеъмол қилади. Аммо бутун сув фермерларга етиб бормайди. Чунки барча суғориш каналларининг 65 фоизида бетон қоплама йўқ. Натижада сув ресурсларининг салмоқли қисми, ҳисоб-китобларга кўра тахминан 36 фоизи, шунчаки ерга сингиб кетади", — дейди Илҳомов.
Унинг сўзларига кўра, кўплаб каналлар қониқарсиз ҳолатда бўлиб, уларни қайта таъмирлаш талаб этилади.
Эски суғориш тизимлари
Ўзбекистон ва Туркманистон Амударё сувидан кенг тармоқли магистрал каналлар ва насос станциялари тизими орқали фойдаланади.
Икки давлатдаги магистрал каналларнинг умумий узунлиги 2500 километрдан ошади. Шу билан бирга, барча суғориш тармоқларининг узунлиги анча катта: Ўзбекистонда — 182 минг километрдан ортиқ, Туркманистонда эса — қарийб 39 минг километр.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, Амударёнинг қуйи оқимида суғориладиган ерларга етказиб берилаётган сувнинг фақат ярмига яқини етиб боради. Қолган қисми тупроқ каналлар орқали сизиб кетиши ва буғланиш туфайли йўқолади.
Энг мураккаб вазият Ўзбекистоннинг Хоразм ва Қорақалпоғистон ҳудудлари ҳамда Туркманистоннинг Дашоғуз вилоятида кузатилади.
Жаҳон банки сув йўқотишларининг асосий сабабларидан бири сифатида суғориш инфратузилмасининг эскириши ва каналлар сифатининг пастлигини келтиради. Ўзбекистонда каналларнинг тахминан 30 фоизи, Туркманистонда эса 20 фоизга яқини қаттиқ қопламали.
"Бунга яққол мисол — Туркманистондаги Қорақум магистрал канали. 1967 йилда қурилиб, фойдаланишга топширилган ушбу канал ҳозир Амударёдан олинаётган сувнинг фақат ярмига яқинини етказиб беради", — дейилади Жаҳон банки баҳосида.
Қорақум канали орқали ҳар йили 12 куб километргача сув олиб ўтилади. Бу Амударё оқимининг тахминан бешдан бир қисмига тенг.
Экологлар бундай иншоотларни модернизация қилиш минтақадаги асосий вазифалардан бири бўлиб қолишини таъкидламоқда.
Туркманистонлик эколог ва ҳуқуқ ҳимоячиси Фарид Тухбатуллиннинг айтишича, бутун сув етказиб бериш тизими янгиланмас экан, фақат битта йирик канални таъмирлаш муаммони ҳал қилмайди.
"Бу каналнинг ўзида сув кўпроқ сақланиши ҳали ўша сув далаларга ҳам етиб боради дегани эмас. Бу иш биринчи тартибли, иккинчи тартибли каналларда ҳам амалга оширилиши керак. Бу каналларнинг кўпчилиги анчадан бери таъмирланмаган, тозаланмаган", — дейди Тухбатуллин.
Ўзбекистон сув истеъмолини камайтиришга ҳаракат қилмоқда
Сув ресурслари танқислиги кучайиб бораётган бир пайтда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва сув сарфини камайтиришга қаратилган технологияларни жорий этишни бошлади.
Асосий йўналишлардан бири қишлоқ хўжалигида кластер тизимини жорий қилиш бўлди. Бу модель хомашё етиштирувчилар, қайта ишловчилар ва етказиб берувчиларни ягона ишлаб чиқариш занжирига бирлаштиришни назарда тутади. Ҳукумат бу тизим орқали инвестицияларни жалб қилиш, замонавий суғориш усуллари ва сувни тежайдиган бошқа технологияларни жорий этишни тезлаштиришни режалаштирган.
Расмий маълумотларга кўра, ҳозирда бундай тизимлар 2,6 миллион гектар суғориладиган ерда қўлланилмоқда. Бу умумий майдоннинг қарийб 60 фоизини ташкил этади. Ҳукумат маълум қилишича, 2025 йилда ушбу технологиялар орқали қарийб икки куб километр сув тежалган.
Бироқ экспертлар фақат техник ечимларнинг ўзи етарли эмаслигини таъкидламоқда.
Central Asia Due Diligence ташкилоти раҳбари Алишер Илҳомовнинг фикрича, муаммо нафақат сув етказиб бериш усулларида, балки қишлоқ хўжалигининг ўзига хос моделида ҳам. Унинг айтишича, фермерлар, айниқса пахтачилик соҳасида ишлайдиганлар, экин танлаш ва ердан фойдаланиш бўйича мустақил қарор қабул қилиш имконияти чекланган.
"Ҳозир фермерлар, айниқса пахтачилик соҳасида ишлаётганлар, қарам ҳолатда қолмоқда. Улар марказлашган буйруқбозлик иқтисодиёти босими остида. Фермерлар ўз ерини тасарруф этиш, қайси экинни экиш ҳақида мустақил қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга эмас", — дейди Илҳомов.
Унинг фикрича, маъмурий усуллар ўрнига фермерлар сув сарфини камайтириш ва замонавий технологияларни жорий этишдан ўзлари манфаатдор бўладиган иқтисодий шароитларни яратиш керак.
"Ҳукумат кўраётган чоралар яқин 2–3 йил ичида юз бериши мумкин бўлган инқирознинг олдини олиш учун мутлақо етарли эмас", — ҳисоблайди эксперт.
Асосий кўрсаткич ўзгаришсиз қолмоқда
Сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича лойиҳалар сони ортиб бораётганига қарамай, Амударёдан сув олиш ҳажми сезиларли даражада қисқаргани йўқ.
Дарё оқимининг катта қисми ҳали ҳам қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун ишлатилмоқда, Орол денгизига эса сувнинг жуда кам қисми етиб бормоқда.
Экспертлар Қўштепа канали қурилиши минтақа сув тизимига тушаётган мавжуд босимни кучайтириши мумкинлигини таъкидлайди. Аммо уларнинг фикрича, бу келажакдаги муаммоларнинг ягона сабаби эмас.
Уларнинг баҳосига кўра, сувдан қанчалик самарали фойдаланиш Афғонистон канали ишга туширилганидан кейинги оқибатларни белгилайдиган асосий омил бўлади.
Қўштема қурилиши билан боғлиқ дастлабки муаммолар
Қўштепа лойиҳасининг ўзи ҳам тўлиқ қувватда ишга туширилишидан олдин техник қийинчиликларга дуч келди.
2023 йил охирида сунъий йўлдош тасвирлари қурилаётган каналнинг айрим қисмларидан сув сизиб чиққанини кўрсатди. Натижада сув қарийб 30 квадрат километр майдонга ёйилди.
Бу ҳолат қурилиш сифати ва Афғонистон томонининг мураккаб гидротехник иншоотни ишончли равишда ишлатиш имкониятлари ҳақида қўшимча саволларни келтириб чиқарди.