Литва ноқонуний мигрантларни ярим йилгача ҳибсда сақлаши мумкин

Литвадаги қочқинлар лагерида турган камерунлик муҳожирлар, 2021 йил июли

Литва президенти Гитанас Науседа ноқонуний мигрантлар билан боғлиқ инқирозли вазият юзага келиши муносабати билан хорижликларнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги қонунга тузатишларни имзолади. Бу ҳақда Delfi нашри хабар қилган.

Тузатишлар бошпана беришга оид илтимосномани кўриб чиқиш муддатини ўн кунга қисқартиради ва бошпана сўровчиларни биринчи инстанция суди қарори устидан апелляция тартибида шикоят қилиш ҳуқуқидан абадиян маҳрум қилади.

Бундан ташқари, агар бошпана сўровчи шахс Литвага ҳарбий ҳолат ва фавқулодда вазият шароитида ноқонуний келган бўлса, давлат уни олти ойгача ҳибсда сақлашга ва манзилгоҳ ҳудудини тарк этиш ҳуқуқини чеклашга ҳақли бўлди.

Науседа ҳужжат инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан қусурли эканини тан олган. Шундай бўлса-да, президентга кўра, Литва-Беларусь чегарасида мигрантлар билан юзага келган фавқулодда вазият манзарасида бирон-бир норматив ҳужжатсиз қолгандан кўра лоақал шунақа қонун бўлгани маъқул.

Ёзда Литва Беларусь ҳудуди орқали ЕИга қочаётган қочқинлар сони кескин кўпайганини маълум қилганди. Аксари мигрантлар Минскка Туркия ва Ироқдан келишган. ЕИнинг Frontex чегараларни қўриқлаш агентлиги Литва-Беларусь чегарасида ўз миссиясини жойлаштирган.

Евроиттифоқ мигрантлар оқимини ташкил қилиб, уларни ЕИ ҳудудига ноқонуний ўтказаётган тузилмаларга Беларусь ҳукумати ҳомийлик қилаётганини таъкидламоқда. Литва ҳукуматига кўра, Минск қочқинлардан Александр Лукашенко режимига қарши санкциялар жорий этган ЕИга сиёсий босим ўтказиш воситаси ўлароқ фойдаланяпти.

Лукашенко фикрича эса, ЕИ санкциялар жорий этаркан, ўз манфаатларини ҳимоя қилишни талаб қилишга ҳаққи йўқ.