Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг Олмаота бошқармаси собиқ бошлиғи олти йилга озодликдан маҳрум этилди.
Ақмола туман суди Н.М., исмли шахс “хизмат лавозимидан ўз манфаати йўлида фойдаланганлик”да айбланиб судлангани, унинг олти йилга қамалгани ва 10 йилгача давлат лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан ҳамда генерал-майор унвонидан маҳрум қилинганини билдирди.
Маҳаллий нашрлар судланган шахс МХҚнинг Олмаота шаҳар бошқармаси собиқ бошлиғи Нурлан Мажилов эканини ёзмоқда. Бош прокуратура Мажиловга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани тўғрисида ўтган йилнинг февралида маълум қилганди. Мажилов 2022 йилнинг 13 январигача бошқарма раҳбари бўлган.
Жорий йил 7 апрелда Толдиқўрғон суди МХҚнинг Олмаота вилоят бошқармаси собиқ раҳбари Сабит Курманалиевни ҳам “хизмат лавозимидан ўз манфаати йўлида фойдаланганлик”да айблаб, олти йилга қамаган эди.
24 апрелда Остона суди Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси собиқ раиси Карим Масимовни 2022 йил январида ҳокимиятни эгаллаб олишга уринганлик ва давлатга хиёнатга оид иш бўйича 18 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди.
Масимов 2022 йил январидаги оммавий норозилик чиқишлари ортидан ҳибсга олинган эди. Мазкур норозилик акциялари манзарасида Қозоғистоннинг қатор вилоятларида қуролли тартибсизликлар содир бўлган. У ҳукумат қўшинлари томонидан бостирилган тартибсизликлар туфайли жиноий жавобгарликка тортилган энг юқори лавозимли мулозим бўлди.