Медведевнинг саҳифасида Қозоғистон “сунъий давлат” экани иддао қилинган пост пайдо бўлди

Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведевнинг “ВКонтакте” ижтимоий тармоғидаги саҳифасида 2 августга ўтар кечаси Қозоғистон “сунъий давлат” дея таърифланган ёзув пайдо бўлди. Мазкур постда “Шимолий ва Жанубий Осетия, Абхазия ва Грузиянинг ҳозирги ҳудуди фақат Россия билан ягона давлат таркибидагина бирлашиши мумкин”лиги иддао қилинган. Ёзув 10 дақиқадан кейин ўчириб ташланган, Медведевнинг ёрдамчиси эса кейинроқ собиқ президентнинг саҳифасига кимдир томонидан бузиб кирилганини билдирган.

Дмитрий Медведевнинг “ВКонтакте”даги саҳифасида пайдо бўлган ёзувга телебошловчи Ксения Собчак эътибор қаратган. У пост скриншотларини Твиттердаги ўз саҳифаси орқали чоп қилган.

Постда муаллиф 1801 йилгача Грузия деган давлат бўлмагани, у фақат Россия империяси чегаралари ичида пайдо бўлганини иддао қилган. Қозоғистон эса, муаллиф фикрича, “сунъий давлат” бўлиб, унинг ҳудудлари “собиқ рус ҳудудлари”дир – ҳозир у ерларга расмийлар турли миллат вакилларини кўчирмоқда ва бу ҳолатни “русларни геноцид қилиш дея таснифлаш мумкин”.

“Биз бунга кўз юммоқчи эмасмиз. У ерларга руслар бормагунича, тартиб бўлмайди”, деб ёзган пост муаллифи.

Мазкур ёзув скринлари оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлганидан бир неча соат ўтгач, Медведевнинг ёрдамчиси Россия Хавфсизлик кенгаши раисининг “Вконтакте”даги саҳифасига бузиб кирилгани, у ердаги сўнгги расмий пост Ҳарбий-денгиз флотига оид бўлгани, саҳифани ким бузиб кирганини эса ижтимоий тармоқ маъмурияти аниқлаши кераклигини маълум қилган.