Москвада ўзбек, тожик ва қирғиз мигрантлари муштлашди

Москва шарининг Люблинская кўчасидаги кафелардан бирида содир этилган оммавий муштлашувда иштирок этганлардан 15 нафари қўлга олинди. Россиянинг РЕН ТВ канали сайти 19 февралда содир этилган муштлашувда Россия, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари иштирок этганини ёзди.

Ҳозирча Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг Москвадаги элчихоналари бу хабарга муносабат билдирмади.

Хабарда айтилишича, дастлаб Россия фуқаролари ва мигрантлар кафеда айтишиб қолишган. Шундан сўнг улар кўчага чиқишиб, муштлашиб кетишган. Йўловчилар полиция чақирган ва муштлашув ишитрокчилари қўлга олинган. Воқеанинг бошқа тафсилотлари маълум эмас.

Москвада меҳнат мигрантларининг оммавий муштлашувлари тез-тез содир этилади.Жумладан, 2022 йилнинг апрелида Москвада меҳнат муҳожирлари ўртасида содир этилган муштлашувда иштирок этганликда гумонланган 41 тожикистонлик ва 85 ўзбекистонлик ҳибсга олинганди. Уларнинг 20 нафарига нисбатан депортация қилиш чораси қўлланилган.

Бундан аввалроқ эса Москвадаги “Сердсе столици” турар жой мажмуаси қурилиши ҳудудида мигрантлар ўртасида оммавий муштлашув содир этилгани ва воқеа жойига етиб келган полиция 125 кишини қўлга олгани хабар қилинганди.