Мигрантларни тиббий кўрикдан ўтказиш учун Россиядан Ўзбекистонга 40 нафар тиббиётчи келди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонлик 10 минг нафар қурувчини Россияга ишга жўнатиш лойиҳаси доирасида меҳнат муҳожирларини Ўзбекистон ҳудудида тиббий кўрикдан ўтказиш Россиядан 40 нафар тиббиёт ходими келган. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Агентлик жорий йилнинг сентябрь ойида Россия Федерацияси Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири ўринбосари А. Пудов бошчилигида қатор давлат ташкилотлари ва йирик иш берувчи корхоналар вакилларидан иборат делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида меҳнат миграцияси масалаларига бағишланган музокаралар ўтказилиб, қурилиш соҳасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ўн минг нафар ўзбекистонликни яқин вақт давомида соддалаштирилган тартиб асосида Россияга ишга жалб қилишга келишилганини эслатган.

Ўзбекистондан Россияга 10 минг нафар қурувчи жалб қилиш назарда тутилган қарор РФ ҳукумати томонидан тасдиқлангани ҳақида Озодлик ўтган ҳафта хабар қилганди.

Ташқи меҳнат миграция агентлиги мазкур лойиҳа доирасида номзодларни ишга жалб қилиш билан боғлиқ, жумладан, тиббий кўрикдан ўтказиш, эмлаш, рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги бўйича имтиҳон топшириш, патент расмийлаштириш ва транспорт харажатлари иш берувчилар томонидан қопланиши кўзда тутилаётганини билдирган. Шу тариқа Россияга ишга кетадиган қурувчилар Тошкентнинг ўзида тиббий кўрикдан ўтадиган бўлган.

Аввалроқ ССВ қурувчи мигрантларни эмлаш учун Россиядан Ўзбекистонга 12 минг доза Sputnik Light вакцинаси олиб келингани ҳақида маълумот тарқатган эди.