Ўзбекистонда Конституция қайта ёзилиб, амалдаги президент муддатлари ноллаштирилиши ортидан муддатидан олдин ўтказилган президент сайловини таҳлилчилар мамлакат тарихидаги энг "беўхшов сайлов" деб аташди. Шавкат Мирзиёев халқ танимайдиган уч номзод устидан ғолиб келишига ҳеч ким шубҳа қилмаганди.
Ўзбекистон ва Қозоғистонда ўтказиладиган сайловларнинг қандай ўхшашликлари бор? Мирзиёев идораси нимаси билан Нурсултон Назарбоев бошқарув услубини эслатади? Қасим-Жомарт Тоқаев билан Ислом Каримов ёндашувларида қанақа умумий жиҳатлар кўзга ташланади? Озодлик қозоқ хизмати АҚШда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик сиёсатшунос Рафаэл Сатторов билан ана шулар ҳақида суҳбатлашди.
Реал рақибларсиз, Конституция қайта ёзилганидан сўнг
- Ўзбекистондаги сайлов натижаси аввалбошдан маълум эди, Мирзиёев ғалаба қозонишига ҳеч ким шубҳа қилгани йўқ. ЕХҲТ миссияси оралиқ ҳисоботида сайловолди кампанияси ланж бўлганини, амалдаги президентга мухолифат йўқлигини урғулаган эди. ЕХҲТ 2022 йилда Қозоғистонда ўтган президент сайловини ҳам реал рақобат бўлмагани учун танқид қилган. Марказий Осиё мамлакатлари сайловларида нега чин муқобил бўлмайди?
Рафаэл Сатторов: Биринчидан, бу режимлар моҳиятан шахсий – ҳамма нарса бир киши атрофига жамланган. Мазкур омил уларни воқеликни танқидий қабул қилишга лаёқатсиз қилиб қўйган. Энг катта ташвишлари –президентни ранжитиб қўймаслик. Жамоатчилик фикри эса иккинчи ёки учинчи ўринда.
Иккинчи омил – ҳокимиятни монополлаштириш ва ресурсларни ўз қўлида жамлаш ҳисобига бойиган элита. Улар шу даражага етишдики, эндиликда ҳокимиятдан айрилиш – капиталдан айрилиш, капитални йўқотиш эса ҳокимиятни бой бериш, деганидир. Минтақанинг барча мамлакатларида неофеодал автократия ва олигархия шаклланиб бўлди. Элита ҳокимият ва капитални ўзлари учун абстракт сиёсий партияга эмас, балки болалари ва набираларига топширишдан манфаатдор. Мана шу Марказий Осиё мамлакатлари – Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва яқиндан бошлаб Қирғизистон сайловларида ҳам нега рақобат йўқлигини тушунтирувчи омиллардан биридир. Чунки элиталар ҳокимият ва пулнигина тан олади, мафкуранинг эса улар учун сариқ чақачалик қадри йўқ.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Озодлик суриштируви: Мирзиёев кластерига айланаётган Ўзбекистон
- Қозоғистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам президент сайловидан олдин Конституция ўзгартирилди. Ўзгартиш ва қўшимчалар референдумга қўйилди. Экспертлар, Тоқаев ўз муддатларини ўчириб, ҳокимиятини мустаҳкамлаб олиш учун шу ишларга қўл урди, дейдилар. Мирзиёев ҳам шу йўлдан боряпти деса бўладими?
Рафаэл Сатторов: Услуб бир хил, лекин ҳар бирининг хос томонлари бор. Мирзиёев тизими оилавий бошқарув тусини олмоқда. У кўпроқ “Баас” партияси давридаги Саддам Ҳусайн режимини ёки Суриядаги Асадлар режимини эслатади. Ҳафиз Асад ҳам иқтидорга келганидан сўнг ўз оиласи мавқеини кучайтиришга киришиб, барча кучишлатар тузилмаларга уруғ-аймоғини “экиб ташлаган эди”. Саддам Ироқида ҳам хавфсизлик соҳаси ўғиллар ва куёвлар назоратида бўлган.
Тоқаевни кўпроқ Ислом Каримовга ўхшатиш мумкин. Унинг уруғ-аймоғи Мирзиёевникидек кўп эмас. Лекин кўряпмизки, у ҳам тизгинни қаттиқроқ торта бошлади. Айни чоғда Тоқаев мангу ҳукмронлик қилишга интилаётгани очиқ белгилари ҳозирча йўқ. Ўзбекистонда эса бор. Аммо Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳокимият тизимлари худди эгизакдек: олигархик, репрессив, авторитар.
- Тоқаев Каримовни ёдга солади, дедингиз. Қозоғистонда жиловлар қаттиқ тортилаётганини кўряпсизми, хусусан 2022 йилги президент сайловидан сўнг?
Рафаэл Сатторов: Албатта. Янгиликларни кузатинг. Фаолларни ҳибсга олишяпти. Бутун мамлакат миқёсида бўлаяпти бу ишлар. Норозилик акциялари иштирокчилари ва фаолларни битта-битта ушлаб, қамаш Нурсултон Назарбоев даврида ҳам бўларди, Тоқаев бошқаруви йилларида ҳам давом этяпти.
“Янги” Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг нимаси янги?
- Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” бунёд этилажагини эълон қилди. У аслида қанчалик “янги”? Бу “янгилик” жамиятнинг умидларини нақадар оқлайди?
Рафаэл Сатторов: Мутлақо оқламайди. “Янги Ўзбекистон”ни қураётганлар бари “эски Ўзбекистон”дан чиққан. Шавкат Мирзиёев, Абдулазиз Комилов, Акмал Саидов, Содиқ Сафоев – барчаси Каримов даври одамлари. Ҳокимият қаттиққўллигича қолди, танқидчилар ҳануз қамалмоқда. Бизнесга зуғум қилиш давом этяпти. Ўрта ва кичик бизнес энергия ресурсларидан мосуво. Экспорт ва импорт учун шарт-шароит ҳамон соддалаштирилгани йўқ.
- 2022 йил январдаги қонли воқеалардан сўнг президент Тоқаев қуришга ваъда берган “янги Қозоғистон” борасида фикрингиз қандай? Қозоғистон ҳукуматининг ислоҳотларга интилишини қандай баҳолайсиз?
Рафаэл Сатторов: Ислоҳотлар натижалари ҳақида камида уч-тўрт йилдан кейин бир нима дейиш мумкин. Мирзиёев ҳам бошида ислоҳотлардан хўп лоф урган, ўзини бамисоли янги Ли Куан Ю каби тута бошлаган эди, аммо кўп ўтмай типик автократга айланди-қолди.
“Янги Қозоғистонни қурамиз”, дейишяпти. Яхши. Лекин аввало баъзи саволларга жавоб беришсин. “Эски Қозоғистон” нима? Унинг нимаси ёмон эди? “Янги”сидан нимаси билан фарқ қиларди? Нега “янги Қозоғистон”ни Назарбоев давридан қолган одамлар қуришяпти?
Ўзбекистон ва Қозоғистонда концепциялар (“янги Ўзбекистон” ва “янги Қозоғистон” концепциялари) сиёсий догматикага айлантирилмоқда, пиар ўлароқ қўлланмоқда, кўпчилик учун ёқимсиз ва тушунарсиз нарса бўлиб қолаётир. Стратеглар нима деб номласалар номлайверсинлар, бироқ янги давлатни қуриш – бу жуда баландпарвоз гап, бу яна “янги тарих бошланади” дегани. Ўзбекистонда “бизнинг тарихимиз 1991 йилдан бошланади, давлатимиз муайян шахслар шарофати билан жаҳон харитасида пайдо бўлган”, деб ўргатиларди ва бу ёлғон эди. Энди бўлса ҳақиқий тарих мана бу жаноблар иқтидорга келганидан сўнг бошланди, дейишмоқда. Бу ҳам нотўғри.
“Янги Қозоғистон” ва “янги Ўзбекистон” – коррупцияга барҳам берилган, судлари мустақил, университетлар автономияси ва тадқиқотлар эркинлиги таъминланган, чинакам меритократик, олигархлардан холи давлатлар бўлса, жон демасмидик? Ана, янги партияларни рўйхатдан ўтказишга ва янги сиёсий кучларнинг шаклланишига халал бераётган қонунларни бекор қилишсин, пропагандачиларни эфирдан қувиб, телеканалларга янгилик узатиши учун шароит қилиб беришсин. Лекин бунақа бўлмаяпти-да.
Сиёсий таҳлилчи Рафаэл Сатторов
- Остона “Тоқаев ташаббуси билан сиёсий партияларни рўйхатга олиш тартиб-таомиллари соддалаштирилди, баҳорда мустақил номзодлар иштирокида аралаш тизим асосида парламент сайлови ўтказдик”, дея бу айбловларингизга эътироз билдириши мумкин...
Рафаэл Сатторов: Расмийлар тилида ҳамма ёқ гўзал. Конституция сўз эркинлиги, йиғинлар эркинлигини кафолатлайди. Лекин қани ўша эркинлик? Кўплаб мустақил номзодларга, матбуот нашрлари ёмонотлиқ қилинмоқда, уларга ҳужумлар уюштириляпти. Қишда Қозоғистонда мустақил журналист Динара Егеубаеванинг машинасини ёқиб юборишди, оператор Роман Егоровга тегишли автомобил портлатилди. “Эски Қозоғистон”да бўлмасмиди бунақа ишлар?
Мен учун эски ва янги давлат йўқ. Янги маъмурият бор, келиб-кетадиган шахслар бор, тарих уларнинг атрофида айланмайди, улар билан тугамайди ҳам.
Оилавий спрут ва олигархиялашув
- Айримлар Мирзиёев идора услубида Назарбоев бошқарувига хос белгиларни кўришмоқда. Куёвлар жиддий куч тўплаган, панадан иш кўришади, қизлардан бири очиқ сиёсий майдонда. Хатолар учун жавобгарлик тобелар зиммасига юкланади, президент эса танқиддан холи. Назарбоев ва Мирзиёев бошқаруви ўртасида ўхшашлик сезасизми?
Рафаэл Сатторов: Ўхшашлик бор. Оилавий спрутда ҳам (оила аъзолари энг муҳим ресурсларни, банклар ва давлат ширкатларидаги лавозимларни эгаллаб олишмоқда), олигархиялашув даражасида ҳам. Айни чоғда Ҳафиз Асад, Саддам Ҳусайн ёки Ҳусни Муборак режимлари билан ўхшаш жойлар ҳам бор. Ўйин қоидаларини асосан кучишлатарлар белгиламоқда. Сиёсат ҳам, иқтисодиёт ҳам, хавфсизлик ҳам уларнинг қўлида.
- Президент фарзандларини кўкка кўтариш салбий тажрибалари нега иккинчи президентларга сабоқ бўлмайди, ахир кўз ўнгимизда Гулнора Каримова ҳамда Дариға Назарбоева мисоллари бор-ку?
Рафаэл Сатторов: Улар “биз бошқачамиз”, деб қаттиқ ишонишади. Лекин салафларининг хатоларини такрорлашмоқда, чунки уларни ҳам худди ўша одамлар қуршаб олган. Улар қоида бўйича ўйнашмайди. Гап Мирзиёевда ҳам эмас – эртага у кетса, ўрнига келган ҳам худди шу ишни қилади. Зотан тизим шунақа, жамият шунга йўл очиб беради, у ўзи тўлаган солиқларни назорат қилмайди, сиёсатга аралашмайди. Бунақа шароитда оилавий бошқарувни мустаҳкамлаш учун улкан имкониятлар мавжуд.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
МАХСУС ДАСТУР: Ўзбекистонда президент Мирзиёев муддатини узайтирадиган сайлов бўлиб ўтди
- Қозоғистонда сайловдан сўнг жиловлар қаттиқ тортилаётганини тилга олдингиз. Ўзбекистон ҳам шу йўлдан кетиши мумкинми?
Рафаэл Сатторов: Бу жараён бошланиб бўлган. Боз устига, баъзан ҳатто сиёсатга тегинмайдиган блогерларни ҳам жазолашмоқда. Бу ҳокимият қўрқоқ: агар бир одамнинг миллиондан зиёд обуначиси бўлса, “ҳозир тинч юрибди, аммо эртага ҳукуматга қарши бирон ёмон нарса ёзиб қўймасин, эзиб қўяйлик, эҳтиёт шарт”, деб фикрлайди.
Илгари танқидчиларни қўлга олиб, қийнашарди. Улар “сиёсий маҳкум” мақомини олар, инсон ҳақлари ташкилотлари эса уларнинг озод этилишини талаб қиларди. Бугун бошқача усул қўллашяпти. Бирон блогерни ушлашади, блогер бўлгани учун эмас, балки, айтайлик, фалон йўл ҳаракати қоидасини бузди ёки ҳокимият вакилини ҳақорат қилди, деб. Кейин 15 суткага қамашади. Блогер қамоқдан чиқади ва шу заҳоти баёнот беради: “Йўналишимни ўзгартираман, бошқа нарсалар ҳақида ёзаман”. Дарров англаймиз, унга босим ўтказилган.
- Марказий Осиё давлатлари автократия бўлишга маҳкумми?
Рафаэл Сатторов: Менимча, йўқ. Халқларимиз турли-туман жоҳил, ожиз, мустабид феодал ҳукмдорлар қўлида тутқун бўлган шафқатсиз ўрта асрларда ҳам демократия ва илм-маърифат ғояларидан байроқ кўтарган илғор кишилар етишиб чиққан эди. Гўё ҳеч қандай умид йўқдек туюлган пайтларда ҳам турли ҳаракатлар, жамиятни ўзгартиришга бел боғлаган инсонлар топилган. Бизнинг тарихимиз Назарбоев ёки Каримовдан бошланмаган, Тоқаев ва Мирзиёев билан тугамайди ҳам. Биз авторитаризм чангалида мангу қолмаймиз. Биз катта ўзгаришларга гувоҳ бўлишимиз мумкин. Бу 1904-1905 йиллардаги Эрон инқилобига, ёки Польша, Руминия ва Жанубий Кореяда юз берган демократик трансформацияга ўхшаш воқеалар бўлади. Эврилишлар бўлишига сира шубҳа қилмайман.