Нетаняҳу: Ғазонинг Миср билан чегарасини назоратга олмагунимизча ҲАМАС билан уруш тугамайди

Исроил Ғазо бўлгасининг Миср билан чегарасини ўз назоратига олмагунича, АҚШ ва ЕИда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАС билан урушни якунлай олмайди, деб баёнот берди бош вазир Бинямин Нетаняҳу.

The Times of Israel газетасининг ёзишича, Нетеняҳу бўлгани демилитаризациялашнинг ягона йўли Ғазо-Миср чегарасини Исроил назорати остига ўтказиш, деб ҳисоблайди.

Нетаняҳуга кўра, ҲАМАСни йўқ қилиш мумкин, аммо яхши қўриқланмайдиган чегарадан Ғазога яна қурол ва жангарилар ўтиб келаверади.

The Wall Street Journal Исроил Мисрни Ғазо бўлгаси билан 14 километрлик чегарасини ўз назоратига олиш режаси мавжудлигидан огоҳлантиргани ҳақида хабар берди. Ҳозирча бу борада якуний қарор қабул қилинган эмас ва масала Қоҳира билан музокаралар натижасига қараб ҳал этилади.

14 январь куни ҲАМАС Исроил жанубига ҳужум қилганига юз кун бўлди. Ўтган йилнинг 7 октябрида ҲАМАС ҳужумидан 1200 киши ҳалок бўлган. ҲАМАС камида 200 кишини, жумладан, болаларни гаровга олган. Улардан 105 нафари Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги вақтинчалик оташкесим келишувига асосан озод қилинган. Исроил ҳозирла яна 136 киши ҲАМАС гаровида қолаётганини билдирган. Уларнинг тақдири номаълум.

ҲАМАС назорати остидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроил ҳужумлари оқибатида 23 минг фаластинлик ҳалок бўлганини билдирди. Уларнинг асосий қисми аёллар ва болалардир. Мустақил манбалардан бу маълумотни тасдиқлатиш имконияти мавжуд эмас.