Молдовада мамлакат расмийлари қарорига кўра Россия илмий ва маданий маркази (“Рус уйи”) ёпиладиган бўлди. Бу ҳақда 13 февраль куни маълумот тарқатган Молдова Ташқи ишлар вазирлигига кўра, мазкур қарор Россиянинг ҳужумчи дронлари мамлакат ҳаво ҳудудини бузгани муносабати билан қабул қилинган.
Молдова ТИВ 1998 йили Россия билан тузилган маданий марказлар ташкил қилиш ва улар фаолияти тўғрисидаги ҳукуматлараро келишувни бир томонлама денонсация қилиш ҳақида қарор қабул қилган.
“Шартномани бекор қилиш жараёни якунланганидан кейин Россия маданий маркази мамлакатимизда ўз фаолиятини тўхтатади”, дейилган вазирлик сайтида ёйинланган хабарномада.
Аввалроқ Молдова президенти Майя Санду Россия дронларининг Одесса вилоятига (Украина) ҳужуми чоғида иккита дрон Молдова ҳудудига учиб киргани ва иддаога кўра, ўша ерда портлагани ҳақида маълум қилган. Дронлар портлашидан ҳеч ким зарар кўрган эмас.
Ҳодиса ортидан Россия элчиси Олег Озеров зудлик билан Молдова ТИВга чақирилган.
“Учрашув чоғида Молдова томони қабул қилиб бўлмас бу ҳуқуқбузарликлар юзасидан қатъий норозилик изҳор қилиб, бу каби нохуш ҳодисалар Молдова Республикаси миллий хавфсизлиги ва фуқаролари учун жиддий таҳдид туғдиришини урғулади. Россиялик дипломатга бу каби хатти-ҳаракатлар миллий суверенитетни бузиш экани ва Россия Федерация томонидан галдаги дўстона бўлмаган ҳаракат бўлиб ҳисобланиши маълум қилинган”, дея қайд этилган ТИВ хабарномасида.
Маълумотларга кўра, Россия элчисига портлаган дрон парчалари кўрсатилган. Москва Молдова томони қарори юзасидан ҳали муносабат билдирганича йўқ.
Аввалроқ Озодлик Бокуда “Рус уйи” ёпилиши ҳақида хабар қилган эди. Озарбайжон расмийлари Россотрудничество ваколатхонасига юридик эътирозлар борлигини билдиришган.
Боку билан Москва ўртасидаги муносабатлар 2024 йил декабрида Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрида Azerbaijan Airlines авиаширкати учоғи ҳалокатга учрагани ортида ёмонлашиб кетган. Озарбайжон расмийлари мазкур учоқ Россия ҳаводан мудофаа тизими тарафидан атайлаб ўққа тутилганини иддао қилиб, ҳодиса учун масъулиятни Россия томонига юклашмоқда.