Москвадаги “Митино” метроси атрофидаги ҳудудда 150 дан кўпроқ тожик мигрант қўлга олинди

Москвада тожик мигрантларнинг қўлга олиниши.

Москвадаги “Митино” метроси атрофидаги ҳудудда 30 майга ўтар кечаси 150 нафардан кўпроқ тожикистонлик мигрант қўлга олинди. Мигрантлар Озодлик радиоси тожик хизматига тун ярмида полиция уларни уйқудан уйғотиб, автобусларда Митинск туман ички ишлар бўлимига олиб боришганини айтганлар. Мигрантларга бунинг сабаблари тушунтирилган эмас. Полицияга олиб борилганларнинг барчаси “Митино” метроси атрофидаги қурилишда ишлаб, қурилиш майдонидаги чодирларда яшаб келган.

Россия томони бу хабарга муносабат билдирмади. Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси воқеадан хабардор эканини ва бу ишни назорат остига олганини маълум қилди.

Сўнгги ҳафталарда Россиянинг турли минтақаларида тожикистонлик мигрантларни қўлга олиш ҳолатлари кўпайди. 28 майда Москванинг Можайск туманидаги мактаб стадионидан ўнлаган тожик мигрант полицияга олиб кетилган эди. Бунга маҳаллий аҳолидан тушган аризалар сабаб бўлгани айтилган.

Бир ҳафта олдин Москва вилоятининг Котельники шаҳрида маҳаллий аҳоли ҳудуд “тожик анклави”га айланиб қолаётгани ва мигрантлар жамоат тартибини бузаётгани тўғрисида ҳукуматга видеомурожаат йўллаган эди. Кўп ўтмай шаҳарда полиция рейди ўтказилган ва юздан ортиқ мигрант ушланган ва маҳаллий масжид ёпилган эди.

Ўтган ҳафтада Россиянинг Душанбедаги элчиси Семён Григорьев мигрантлар атрофида юзага келган вазият борасида Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган.Тожикистон Россия ҳукуматидан тожик мигрантларга нисбатан полиция томонидан қилинаётган муносабатга баҳо беришни илтимос қилган.