Москвада қирғиз дипломатининг уйини полиция босди

Қирғизистоннинг Москвадаги элчихонаси биноси

Москвада Қирғизистон элчихонаси маслаҳатчиси Манас Жолдошбековнинг квартирасига полиция бостириб кирган. Дипломатнинг ҳамкасбларига кўра, полиция ходимлари ўзларини тажовузкор тутишган.

“ВЧК-ОГПУ” телеграм-каналининг аниқлик киритишича, полициячилар эшикни бузиб киришган. Полиция вакиллари ўз ташрифларидан мақсад ҳужжат текшириш эканини айтишиб, уларга дипломатик паспортлар кўрсатилганидан кейин ҳам миграция қайдига қўйилганига оид ҳужжат тақдим этишни талаб қилишган.

Полиция босқинига оид маълумотни Қирғизистон парламенти депутати Дастан Бекешев тасдиқлаган. “Агар элчихона ходимларига шунақа муомала қилишаётган бўлса, иммунитетга эга бўлмаган фуқароларга қанақа ҳунарлар кўрсатишларини тасаввур ҳам қилолмайман”, дея қўшимча қилган депутат.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия расмийларига расмий нота топширган. 12 апрель куни Қирғизистон ТИВ Консуллик департаментида Россия элчихонаси консул-маслаҳатчиси Андрей Бурьев билан учрашув бўлиб ўтгган.

“Учрашув давомида Қирғизистон томонидан 1961 йилги “Дипломатик алоқалар тўғрисида”ги Вена конвенцияси моддаларини қўпол равишда бузган РФ ички ишлар органлари ходимларининг Москвадаги Қирғизистон элчихонаси маслаҳатчиси оила аъзоларига нисбатан хатти-ҳаракатлари юзасидан ташвиш изҳор қилинди”, дейилган ТИВ хабарномасида.

Бурьев Россия расмийлари нохуш ҳодиса юзасидан текширув ўтказишларини билдирган.

Россияда ишлаётган Қирғизистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари фуқаролари маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан кутилмаган текширувларга дучор қилиниши аввал ҳам кўп кузатилган.

Мигрантларни текширувдан ўтказиш 22 март куни Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” кўнгилочар марказида содир бўлган терактдан кейин янада кучайиб кетган. Ўшандаги ҳужумда, расмий маълумотларга кўра, 144 киши қурбон бўлган, ўнлаб одам эса бедарак йўқолгани айтилмоқда.

Ҳодиса ортидан теракт моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган ва бу иш доирасида тергов бевосита теракт ижрочиси деб ҳисоблаётганлар дохил 10 нафардан зиёд одам ҳибсга олинган. Ҳибсга олинганларнинг кўпчилиги Марказий Осиё минтақасидан бўлган шахслардир.