Москвада Украинадаги урушга сафарбар қилинганларнинг яқинлари митингга чиқишди

Украина урушига сафарбар қилинган россияликлар (иллюстратив сурат)

Жорий йилнинг 7 ноябрь куни Украинадаги урушга сафар қилинган россияликларнинг яқинлари бўлган 20 чоғли аёл Москва марказида митинг ўтказишди. Улар ўз яқинларининг Украинадаги жанговар ҳаракатлар ҳудудида чекловсиз муддат қолаётганидан норози бўлишган.

“Осторожно, новости” нашри хабарига кўра, урушга сафарбар қилинганлар қариндошларининг митинги алоҳида тадбир бўлган эмас, митинг иштирокчилари Россия Коммунистик партиясининг расмийлар рухсати олинган акциясига қўшилишган, бироқ улар акция чоғида “Урушга сафарбар қилинганларнинг уйга қайтиш вақти келди” ва “Йўқолсин муддатсиз мобилизация” деб ёзилган плакатларни очиб олишган. Бир неча дақиқадан кейин аёллар полициячилар томонидан ўраб олинган, бироқ улар қўлга олинган эмас.

Пировардида митинг иштирокчилари ўз талабларини ёзма равишда Россия Коммунистик партиясининг Давлат думасидаги депутатларига топширишган. Унда аёллар, жумладан, ўтган йил кузидан буён жанг майдонларида юрган яқинлари тез орада демобилизация қилинишини сўрашган. Ўз навбатида, коммунист депутатлар талабномага бир ойдан кейин жавоб беришни ваъда қилишган.

Россияда мобилизация 2022 йил кузида Украина урушида армия учун ҳарбийлар етишмаётгани манзарасида ўтказилган эди. Ўшанда армияга 300 мингга яқин киши йўллангани иддао қилинган.

Урушга сафарбар қилинганларнинг айрим бўлинмалари дарров украиналик ҳарбийлар контрҳужумини қайтариш учун ташланган. Оилалар мобилизация қилинганлар учун ҳарбий уст-бош, озиқ-овқат етишмаётгани ва улар ўқитилмаёқ фронтга жўнатилаётганидан мунтазам равишда шикоят қилиб келишади. Урушга сафарбар қилинаётганлар орасида талафот юқори бўлиб, уруш ҳақида суриштирув ўтказаётган журналистларнинг ҳисоб-китоблари ҳам шундан далолат беради.