Мьянмада исёнчилар армия вертолётини уриб туширишгани ҳақида эълон қилишди. Reuters агентлиги хабарига кўра, мамлакатнинг шимолий ва шарқий чегара ҳудудларида хунтага қуролли қаршилик сезиларли даражада кучайган.
Хунта, яъни ҳарбийлар бошқаруви жорий йилнинг 1 февралида давлат тўнтариши натижасида ўрнатилганди.
“Качин мустақиллик армияси” (Качин — Мьянманинг энг шимолий округи) вакили вертолёт 3 май куни армия авиациясининг давомли рейдларидан сўнг уриб туширилганини айтган.
Бирма (Мьянманинг иккинчи номи) матбуоти сўнгги кунларда Янгон шаҳрида юқори мартабали амалдорнинг ўлдирилишини ҳам қаршилик кўрсатиш ҳаракатига оид воқелик сифатида баҳолаган.
Reuters қайдича, Мьянмада фитначилар ҳокимият тепасига келганидан сўнг ўтган уч ой давомида қарийб 770 нафар одам зўравонлик қурбони бўлган.
Мамлакатнинг шимоли ва шарқидаги қишлоқ ва шаҳарларда ҳарбийларга маҳаллий этник гуруҳлар қуролли қаршилик кўрсатмоқда.
БМТ баҳосига кўра, Мьянма қуролли кучлари билан исёнчилар отрядлари ўртасида ҳарбий тўқнашувлар бўлиб ўтган туманларни ўн минглаб аҳоли тарк этган.