Нобел тинчлик мукофоти эронлик ҳуқуқ фаоли Наргис Муҳаммадийга берилди

Муҳаммадий Эронда 13 марта ҳибс қилинган, беш марта судланган.

2023 йил учун Нобел тинчлик мукофоти “ аёлларнинг таҳқирланишига қарши курашган ва барча учун эркинликлар ҳамда инсон ҳуқуқлари таъминланишини олға сурган” эронлик ҳуқуқ фаоли Наргис Муҳаммадийга берилди.

Нобел қўмитаси баёнотида айтилишича, Муҳаммадий айни пайтда Эрон қамоқхонасида сақланмоқда. Эронда у 13 марта ҳибс қилинган, беш марта судланган. Суд ҳукми билан у жами 154 дарра урилишга ва 31 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Муҳаммадий биринчи марта талабалик чоғида - 2011 йилда сиёсий маҳбуслар ва уларнинг оилаларига ёрдам бергани учун қамалганди. Гаров эвазига қамоқдан озод қилинган Муҳаммадий ўлим жазосини бекор қилиш кампаниясига қўшилди ва 2015 йилда иккинчи марта озодликдан маҳрум қилинди.

Муҳаммадий қамоқда ўтирган пайтида - 2022 йил кузида ҳижобни тўғри ўрамагани учун қўлга олинган 22 ёшли Махси Аминий полицияга олиб кетилганидан сўнг вафот этгани ортидан бошланиб кетган бир неча ойлик намойишларни қўллаб-қувватлаган.

Муҳаммадий 351 номзод - 259 киши ва 92 ташкилот - орасидан танлаб олинди. Мукофот номинанти бўлган шахслар ва ташкилотлар номи, белгиланган тартибга асосан, 50 йилдан сўнг ошкор этилади.

Муҳаммадийни тақдирлаш маросими 2023 йил декабрида Ослода бўлиб ўтади.

Тинчлик Нобел мукофоти «тинчликни мустаҳкамлаш учун улкан ҳисса қўшган шахс»ларга 1901 йилдан берила бошланган. Шу кунгача бу мукофотга 110 киши ва 27 ташкилот сазовор бўлган.

Лауреатлардан 18 нафари аёл. Улардан энг ёши покистонлик ҳуқуқ фаоли Малала Юсуфзайдир. У 2014 йилда, яъни 17 ёшида бу мукофот билан тақдирланган. Халқаро Қизил Хоч жамияти уч марта Нобел тинчлик мукофотини олган.