Ғарб ва НАТО Москвани “ёлғон хабар тарқатганлик”да айбламоқда

Қатор ғарб давлатлари ва НАТО Россияни Украина билан чегарадош ҳудудлардан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетаётгани тўғрисида халқаро жамоатчиликка ёлғон хабар тарқатганликда айбламоқда.

Россия ҳукумати 17 февралда ҳам қўшинларни Украина билан чегарадош ҳудудлардан олиб чиқиб кетиш жараёни давом эттирилаётганини билдирган. Аммо АҚШнинг Maxar Technologies хусусий ширкати сунъий йўлдоши коинотдан олган суратларда бунинг аксини кўриш мумкин.

Икки ҳафтадан ортиқ вақт давомида Россия ҳарбийларининг Украина чегарасидаги ҳаракатини кузатган сунъий йўлдош Ерга узатган фотосуратларда Россия ўз қўшинлари сонини кўпайтираётгани кузатилган.

“Биз Москва ўз баёнотларига тескари иш тутаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Сўнгги 48 соат ичида Москва Украина чегарасидаги қўшинлари сонини 7 минг кишигача кўпайтирди”,-деб баёнот берди Британия мудофаа вазири Бен Уоллес Брюсселда 17 февраль куни ўтган НАТО саммити бошланиши арафасида.

Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен 17 февраль куни “Биз Россия ўз қўшинларини олиб чиқаётгани тўғрисидаги баёнотларни эшитяпмиз-у, аммо жой-жойларда вазиятнинг юмшаётганини кўрмаяпмиз”,-деб баёнот берди.