Назарбоев фонди АҚШдаги ноҳукумат ташкилотини судга берди

OCCRP суриштирувида “Назарбоев Фонд” активлари расман Қозоғистоннинг собиқ президентига тегишли эмаслиги, бироқ мулкларни сотиш ёки бировларга ўтказиб беришга оид қарорлар Нурсултон Назарбоев томонидан қабул қилиниши мумкинлиги айтилган

Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг жамғармаси қароргоҳи АҚШнинг Балтимор штатида бўлган Journalism Development Network ноҳукумат ташкилоти устидан судга арз қилган. Бу ҳақда Courthouse News Service сайти хабар қилди.

Нашр қайдича, даъвогар томони Коррупция ва уюшган жиноятчиликни тадқиқ этиш маркази (OCCRP) суриштирувидаги “фонд маблағлари мақсадга мувофиқ равишда ишлатилмаётгани”га оид тахминлар ўз обрў-эътиборига путур етказяпти, деган фикрда. Назарбоев жамғармасига кўра, OCCRP иддаолари ёлғон ва туҳматга асосланган.

Бу ерда гап Коррупция ва уюшган жиноятчиликни тадқиқ этиш маркази томонидан шу йил 19 январида ёйинланган суриштирув ҳақида бормоқда. Унда Назарбоев билан алоқадор бўлган тўртта хайрия ташкилоти фаолияти кўриб чиқилган. OCCRP мазкур фондлар активларини 7,8 миллиард АҚШ долларига баҳолаган.

Сourthousenews.com сайти чоп этган ҳужжатга мувофиқ, “Назарбоев Фонд” номидан даъво аризасини 29 июль куни қароргоҳи Нью-Йоркда бўлган Boies Schiller Flexner юридик фирмасининг бошқарувчи ҳамкори Мэтью Шварц топширган.