Сурия суди собиқ президент Башар Асадни ўлим жазосига ҳукм қилди

Дамашқ яқинидаги Адрада қисман ёнган Башар Асад портрети. 2024 йил декабрь.

Сурия суди сешанба куни мамлакатнинг ағдарилган раҳбари Башар Асадни сиртдан ўлим жазосига ҳукм қилди. Суд уни қарийб 14 йил давом этган фуқаролик уруши йилларида одам ўлдириш, қийноқ ва ўзбошимчалик билан ҳибсга олишда айбдор деб топди.

Бу 2024 йил декабрида қўзғолончилар ҳужуми натижасида ҳокимиятдан ағдарилган Асадга нисбатан чиқарилган биринчи айблов ҳукмидир. Унинг ағдарилиши Сурияда Асад оиласининг ўнлаб йиллик авторитар бошқарувига ҳамда юз минглаб сурияликнинг умрига зомин бўлган урушга якун ясаган эди, деб ёзади Reuters.

Асад қўзғолончилар Дамашққа яқинлашган пайтда, қарийб икки йил аввал пойтахтдан қочган. Кўплаб хабарларга кўра, у ҳозир Москвада.

Сешанба куни собиқ ҳукумат амалдорлари устидан ўтган суд жараёнида судья Башар Асадни "бир неча кишини, жумладан болаларни қасддан ўлдириш, қийноқ, ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш ва инсониятга қарши жиноятлар" учун ўлим жазосига ҳукм қилди.

Асад режимининг хавфсизлик тузилмалари вакили Атеф Нажиб ҳам ўлим жазосига ҳукм қилинди. У суд мажлисида иштирок этган. Собиқ президентнинг амакиваччаси бўлган Нажиб Асад даврида Дараа вилояти сиёсий хавфсизлик бошқармасига раҳбарлик қилган.

Башар Асад отаси Ҳофиз Асад вафотидан сўнг, 2000 йилда президентлик лавозимини эгаллаган. У оиласининг ҳокимиятини ва аҳолисининг аксарияти сунний мусулмонлар бўлган мамлакатда алавийлар жамоасининг устун мавқеини сақлаб қолган. Асад даврида Сурия Исроил ва АҚШга душманона муносабатда бўлган Эроннинг иттифоқчиси бўлиб қолди.

2011 йилда бошланган фуқаролик уруши "Араб баҳори" воқеалари ортидан келиб чиққан. Демократик ислоҳотларни талаб қилган сурияликларнинг оммавий намойишлари ҳукумат томонидан куч билан бостирилган эди.