Физика бўйича Нобель мукофоти лауретлари аниқланди

Франциялик физик Ален Аспе.

Нобель қўмитаси 4 октябрь куни физика бўйича мукофот франциялик Ален Аспе, америкалик Жон Клаузер ва австриялик Антон Цайлингерга берилишини эълон қилди. Улар чалкаш фотонлар билан тажриба ўтказгани, Белл нотенгламаларидаги бузилишларни тадқиқ қилгани ва квант информатикаси соҳасидаги фаолияти учун мукофотланди.

Олимлар чалкаш квант ҳолатидан фойдаланган ҳолда икки зарра алоҳида-алоҳида бўлган ҳолида ҳам ҳудди битта заррадай ҳаракатланишига оид новаторча тажрибаларни ўтказишган. Квант механикасига асосан, зарралар бир вақтнинг ўзида турли жойда ва ҳолатда мавжуд бўлиши мумкин.

Нобель ҳафталиги анъанага биноан Стокҳолмда октябрь ойида бўлиб ўтади. Физика бўйича мукофот одатда иккинчи бўлиб берилади. Биринчи бўлиб тиббиёт ва физиология соҳаси лауреати номи эълон қилинади. Жорий йилда бу соҳа бўйича мукофот швециялик 67 ёшли генетик Сванте Паабога берилди. У қадимий одамлар ДНКси ва инсон эволюциясини тадқиқ қилган.

5 октябрда химия бўйича, 6 октябрда адабиёт бўйича лауреатлар номи эълон қилинади. 7 октябрда эса Ослода Нобель тинчлик мукофоти совриндори аниқланади.

Альфред Нобель хотираси учун 1969 йилда Швеция банки томонидан таъсис этилган иқтисодиёт бўйича мукофот 10 октябрда топширилади.

Ҳар бир соҳа бўйича бериладиган мукофот пули 900 минг долларни ташкил қилади.