Нобель мукофоти соҳиблари Горбачёв ва Муратов “Мемориал” ҳимоясига чиқишди

СССРнинг тўнғич президенти Михаил Горбачёв

Нобель тинчлик мукофоти совриндорлари – СССР собиқ президенти Михаил Горбачёв ҳамда “Новая газета” бош муҳаррири Дмитрий Муратов Россия Бош прокуратурасини “Мемориал” ҳуқуқбонлик ташкилотини тугатишга оид даъводан кечишга чақиришди.

“Мемориал” кўп йиллик фаолияти давомида ҳамиша тарихий адолатни тиклаш, қатағонлар даврида ҳалок бўлган ва жабр чеккан юз минглаб инсон хотирасини асраш, бугунимиз ва истиқболимизда бунақа воқеалар бўлишига йўл қўймаслик учун курашиб келди”, дейилган Горбачёв ва Муратовнинг қўшма баёнотида.

Шунингдек, улар ҳуқуқбонлик ташкилотининг ўз ишини давом эттириши “Россия давлати ва жамияти манфаатларига уйғун”лиги, “ташкилотни ёпишни талаб қилиш эса мамлакатда безовталик ва қўрқув уйғотган”ини урғулаганлар.

11 ноябрь куни Россия Бош прокуратураси “Халқаро Мемориал” ҳуқуқбонлик ташкилоти ва унинг бўлинмалари – ҳуқуқбонлик маркази, архив, кутубхона ва музейни тугатиш талаби билан Олий судга мурожаат қилган. Бунга “хорижий агентлар”га доир қонунчилик тизимли равишда бузилгани, аниқроғи ташкилот ўз материалларида “хорижий агент”лиги ҳақида эслатма бермагани сабаб қилиб кўрсатилган.

“Мемориал” вакиллари Россия расмийларининг хатти-ҳаракатларини “сиёсий босим” деб атаб, “ташкилотни тугатиш учун ҳеч бир қонуний асос йўқ”лигини таъкидлашмоқда.

Бир неча кун олдин Европа Кенгаши ҳам Россия ҳукуматини “Мемориал”ни тугатишдан воз кечишга чақирган.