Норвегиянинг Конгсберг шаҳрида камон ва ўқлар билан қуролланган номаълум шахс 13 октябрь оқшомида одамларни нишонга олди. ОАВ хабарларига кўра, ҳодиса чоғида камида тўрт киши ҳалок бўлган, бир неча киши яраланган.
Қайд этилишича, ҳужумчи қўлга олинган. Унинг шахси ва одамларни ўққа тутиши сабаблари ҳали очиқланганича йўқ. Полиция вакилининг билдиришича, бунақа ҳодисалар одатда террор хуружи ўлароқ малакаланиши “табиий”, бироқ ҳали бу расмий версия бўлиб ҳисобланмайди. Полиция қурбонлар сонига ҳам аниқлик киритган эмас.
Ҳужум 30 мингга яқин аҳоли яшайдиган шаҳар марказида содир бўлган. Расмий маълумотларга кўра, ҳужумчи якка ўзи ҳаракатланган.
Бундан 10 йил муқаддам, аниқроғи 2011 йилнинг июлида Андерс Беринг Брейвик исмли ультра миллатчи шахс Норвегияда 77 киши ўлимига сабаб бўлган эди. Дастлаб у Ослодаги ҳукумат биноси олдида портлаш уюштирган ва бунинг оқибатида саккиз киши нобуд бўлган. Сўнгра Брейвик полициячи кийимини кийиб, Утойя оролидаги Лейбористлар партиясининг ёшлар лагерида яна 69 одамни отиб ўлдирган. Ҳужумчи 2012 йилнинг август ойида қамоқ муддатини узайтириш шарти билан 21 йилга озодликдан маҳрум этилган.