Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг юраги операция қилинган. Бу ҳақда Назарбоевнинг матбуот котиби Айдос Укибай маълум қилди.
“Жарроҳлик амалиёти муваффақиятли кечди. Биринчи президент ҳаёти учун хавф йўқ. Ҳозир у кузатув остида. Операция Миллий илмий кардиохирургия марказида таниқли кардиохирург Ю. Пя раҳбарлиги остида ўтказилди”, дейилган Укибайнинг Twitter микроблогидаги саҳифасида.
Жума куни эрталаб “Хабар 24” телеканалининг собиқ директори Александр Аксютиц Фейсбукдаги ўз саҳифасида Нурсултон Назарбоев касалхонага ётқизилгани ҳақида ёзган эди.
“Манбаларим Нурсултон Назарбоев Остонадаги касалхоналардан бирига ётқизилгани ҳақида хабар қилишди. Унинг юраги комплекс текширувдан ўтказилаётган экан. Тиббиёт ходимлари хирургик амалиёт бўлиши мумкинлигини айтишмоқда”, деб ёзган Аксютиц.
Мазкур пост тез орада ўчирилган, бироқ орадан бир муддат ўтгач, яна пайдо бўлган.
Ўтган ҳафта Қозоғистон парламенти Нурсултон Назарбоевнинг элбоши мақомини бекор қилиш ҳамда собиқ президент ва оиласини имтиёзлардан маҳрум қилишга оид қарорни маъқуллаган эди.