NYT: АҚШ махфий ядровий стратегиясини қайта кўриб чиқди

АҚШ президенти Жо Байден март ойида Қўшма Штатлар учун ўта махфий стратегик ядровий режани тасдиқлади. Бу ҳақда 20 август куни АҚШнинг New York Times (NYT) нашри хабар қилди.

Агар авваллари тийиб туриш сиёсати асосан СССРга йўналтирилган бўлса, эндиликда АҚШнинг янги стратегик ядровий режаси эътибори ўз ядровий арсеналини бошқа давлатлардан кўра тезроқ кенгайтираётган Хитойга қаратилади.

Пентагон Хитой арсенали кейинги ўн йиллик мобайнида ўз ҳажми ва хилма-хиллиги бўйича Қўшма Штатлар ва Россия захиралари билан рақобат қилиш даражасига чиқади, деб ҳисоблайди.

Оқ уй аввал Байден қайта кўриб чиқилган “Ядровий қуроллардан фойдаланиш бўйича қўлланма” (Nuclear Employment Guidance) номли стратегияни маъқуллаганини очиқламаган эди. У илк бор АҚШнинг Хитой, Россия ва Шимолий Корея томонидан бўладиган муҳтамал мувофиқлаштирилмиш хавф-хатарга ҳозирлигига қаратилган.

Тақрибан ҳар тўрт йилда бир марта янгиланувчи ҳужжат шу қадар махфийлаштирилганки, унинг ҳатто электрон нусхаси ҳам йўқ, унинг фақат Пентагон дохил миллий хавфсизлик муассасаларида ишловчи бир неча мансабдор шахсга тақдим этилган босма нусхаси бор, холос.

Олдинлари АҚШнинг душманлари Қўшма Штатлар ядровий арсеналига чап бериши мумкин бўлган ядровий хавф-хатарларни мувофиқлаштириши эҳтимоли имконсиздан туюларди. Бироқ Россия ва Хитой ўртасида шаклланаётган ҳамкорлик, шунингдек, Шимолий Корея ва Эрон томонидан Украина уруши учун Россияга етказиб берилаётган одатий қурол-аслаҳалар Вашингтон фикрини ўзгартирди, дея қайд этган NYT.

Янги ҳужжат 2025 йилнинг 20 январида президент ўлароқ қасамёдга келтирилажак кишининг бундан уч йил олдингидан кўра ўзгарган ва беқарорроқ ядровий ландшафтга дуч келишига жиддий эслатма бўлиб ҳисобланади. Россия президенти Владимир Путин Украинага қарши ядровий қурол қўллаш билан бир неча бор таҳдид қилган.

АҚШ собиқ президенти Дональд Трамп аввалроқ Шимолий Корея лидери Ким Чен Ин ўз ядровий қуролидан воз кечишини ишонч билан башорат қилган эди. Бироқ бунинг акси бўлиб чиқди. Ким ставкани икки баравар оширди ва эндиликда унинг тасарруфида 60 дан зиёд каллак ва ундан кўпроқ ракета учун ёнилғи мавжуд.

Шимолий Кореянинг кўпайган қурол-аслаҳаси Покистон ва Исроил арсенали ҳажмига яқинлашмоқда ҳамда Москва ва Пекин билан назарий жиҳатдан хавф-хатарни мувофиқлаштиришга имкон берадиган даражада кўп, дея қайд этган NYT нашри.

Ядровий стратегия қайта кўриб чиқилганига оид махфий бўлмаган хабарнома Байденнинг президентлик ваколати тугагунига қадар тасдиқлаш учун Конгрессга йўлланиши кутилмоқда, дея хабар қилган Reuters агентлиги.