Ўшда “Америка овози” радиоси мухбири калтакланди

Ўш шаҳрида калтаклаб кетилган журналист Даврон Насибхонов

“Америка овози” (Voice of America) радиосининг Қирғизистондаги мухбири Даврон Насибхонов 17 сентябрь куни Ўш шаҳрида калтаклаб кетилди.

Журналистнинг “Озодлик”ка айтишича, у шанба куни соат 17:00 лар атрофида қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли тўқнашувларда жабрланган боткенликлар учун ташкил қилинган гуманитар ёрдам тўғрисида лавҳа тайёрлаш учун Ўш мэрияси биноси олдидаги марказий майдонга борган.

Насибхонов марказий майдонда суратга олиш ишларини тугатганидан сўнг унинг олдига милиция ходими келиб, ким эканини сўраган ва журналист эканини билгач, у ердан кетган.

(Даврон Насибхоновнинг 17 сентябрь куни Ўш шаҳар марказий майдонидан тайёрлаган стендап-лавҳаси)

Журналист марказий майдондан 30-40 метр узоқлашгач, орқасидан фуқаролик кийимида бўлган икки нотаниш одам етиб келган. Келганлардан бирининг қўлида пичоқ бўлган. Улар журналистни Тожикистон айғоқчиси деб гумон қилиб (буни Д. Насибхонов кейинроқ тушунганини айтди – таҳр.), бошқа томонга торта бошлаган.

Насибхонов оломон олдида турган ҳарбий кийимдаги қуролли одамни кўриб, “Мен журналистман, ҳужжатларимни кўр, олган видеоимни кўр, агар бирор нарсадан шубҳангиз бўлса, мени милиция топширинглар ёки “СНБ”га бериб юборинглар, ўшалар текширсин”, деган. Шунга қарамай, Насибхоновнинг сўзларига биров эътибор бермай, уни калтаклай бошлашган.

Журналистларнинг айтишича, кетма-кет зарбалардан кейин у ҳушини йўқотиб, ерга йиқилган.

“Бу орада қанча вақт ўтгани, нима бўлганини эслолмайман. Фақатгина кимдир қўлимдан тортиб, турғизганида ҳушимга келдим”, деди у.

Д. Насибхоновни оломон орасидан бир милиция ходими олиб чиққан, шундан сўнг у воқеа жойидан олиб кетилган.

Журналист аввал Ўшдаги Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биноси олдига олиб келинган. Автомобиль ичида уни бир фуқаролик кийимидаги шахс қисқа тергов қилган. Насибхоновнинг тахминича, у махсус хизмат ходими бўлиши мумкин. Кейин журналист у ердан Ўшдаги “Сулайман Тоо” милиция бўлимига олиб борилган. Милиция бўлимидан журналист касалхонага юборилган - шаҳар касалхонасида юзининг ёрилган қисми тикилган.

Касалхонадан қайтгач, милиция бўлимида журналист ва воқеага гувоҳ бўлган ИИБ ходимлари сўроқ қилинган.

Ўш шаҳар милицияси Озодликнинг қирғиз ҳизматига бу маълумотни тасдиқлаган ва журналист ариза ёзишдан бош тортганини айтган.

Насибхоновнинг ўзи эса буни: “Мени 2014 йилнинг август ойида ҳам кўчада номаълум одамлар калтаклаб кетган эди. Ўшанда милицияга ариза билан мурожаат қилганман. Кейин икки йил давомида сарсон қилиб, милицияга чақириб юришди, бироқ мени урганлар топилмади. Ўша иш бўйича охирги марта мени Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига чақиришган ва ўшандан кейин чақиришмай қўйган. Шу сабабли “яна ўзим югуриб юраманми”, деб ариза ёзмадим”, дея изоҳлади.

Бу тараддуд ортидан журналист ўзини калтаклаганлар устидан ИИБга ариза ёзиш-ёзмаслик тўғрисида ҳали бир қарорга келмаганини айтди.

Якшанба куни милиция бўлимига келган Д. Насибхоновнинг ҳамкасблари: “Марказий майдондаги кузатув камералари ёзувини олиб, Давронни урганларни ўша видео орқали топиш мумкинми?” деган саволига милиция ходимлари “майдондаги камера видеоларини фақат пойтахт Бишкекда, Ички ишлар вазирлигидан олиш мумкин”, дея жавоб беришган.

Даврон Насибхонов 2000 йилдан бошлаб ўзбек тилида чоп этилувчи “Демос таймс”, “Фергана”, “ДДД” газеталари, кейинроқ “Сиёсат” нашри, 2010 йилдан кейин эса “Интимақ” телеканалида ишлаган. 2016 йилдан бери эса у “Америка овози” радиосининг Қирғизистондаги мухбири сифатида фаолият юритиб келмоқда.