Кўпайган текширишлар
Москвада курьер бўлиб ишлайдиган қирғизистонлик Али (Россияда РСЕ/РС медиакорпорацияси "номақбул ташкилот" деб эълон қилингани сабаб исми ўзгартирилди)нинг айтишича, ресторандаги портлашдан сўнг уни уч марта текширишган.
"Мен мижозларнинг мебелини машинага ортган эдим. Ичкарида нима борлигини сўрашди. Мебель дедим. Қутиларни очишни буюришди. Бир-иккита қутини очиб кўрсатдим. Мебелни текширишди".
Велокурьерларнинг сумкалари ва етказиб бериш хизмати ҳайдовчиларининг юкхоналарини текшириш Москвада 1 август куни Кудринская майдонидаги Balzi Rossi ресторанида содир бўлган портлашдан сўнг кучайгани айтилмоқда.
Россия матбуотининг ёзишича, портловчи қурилмани ресторанга аёл курьер олиб кирган. Унинг сумкаси текширилаётган пайтда қурилма портлаб кетган. Курьер аёл билан бирга жами беш киши ҳалок бўлган, яна 21 киши жароҳатланган.
Тергов курьер қути ичида нима борлигини билмаган бўлиши, портловчи қурилма эса масофадан туриб ҳаракатга келтирилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги версияни кўриб чиқмоқда.
Асли қирғизистонлик курьер Урмат (исми ўзгартирилди) хавфсизлик хизмати ходимлари у олиб кетаётган қутиларнинг ўнтачасини очиб, ичини кўрсатишни талаб қилганини айтди.
"Балашихада тўхтатишди. Мени уч-тўрт марта тўхтатишди, машина юкхонасида қутилар бор эди. Қутиларни бирин-кетин очдим. Ичида пайпоқлар бор эди. Улар ҳаммасини очишни талаб қилишди. Ҳужжатларимнинг барчаси тартибда эди, уларни текшириб, мени қўйиб юборишди. Қўл билан пайпаслаб текширишди. Махсус қурилмалардан ҳам фойдаланишди", деди у.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
После взрыва в Москве усилили проверки курьеров-мигрантов
Шу воқеалар ортидан Россиядаги қирғиз диаспораси раҳбарияти муҳожир курьерларни эҳтиёт бўлишга чақирди.
"Курьернинг миллати ҳозирча номаълум. Унинг кимлиги ҳам аниқ эмас. Эҳтимол, у ҳеч нарсадан хабари бўлмаган оддий курьердир. Агар портлаш курьер орқали амалга оширилгани тасдиқланса, курьер бўлиб ишлайдиган ватандошлар, эҳтиёт бўлинг. Юкни қабул қилишда ҳам, уни топширишда ҳам ҳушёр бўлинг, жўнатувчига ҳам эътибор беринг. Шубҳали буюмлар бўлса, уларни қабул қилмасликка ҳаракат қилинг", деди Москвадаги қирғиз диаспораси раҳбари Кубаничбек Осмонбеков.
Муҳожирлар ҳавотирлари
Москвадаги ресторанда уюштирилган суиқасд кимга қаратилгани ҳали ҳам номаълум. Россия полицияси ва махсус хизматлари бу ҳақда расмий маълумот бермади. Кўплаб билвосита далиллар ресторанда 27 июл куни 55 ёшга тўлган Россия Ҳаво-космик кучлари бош қўмондони Александр Чайконинг туғилган куни нишонланганини кўрсатмоқда.
Украина Чайкони Россия армияси Шарқий ҳарбий округи қўшинлари қўмондони сифатида 2022 йил баҳорида Бучада содир этилган ҳарбий жиноятлар ва Киев вилоятидаги жанглар пайтида фуқаролик объектларини бомбардимон қилишда айблайди. Украина Москвадаги портлаш юзасидан расмий изоҳ бермади.
Россия расмийлари ресторандаги портлашни террорчилик ҳаракати деб атади. Бироқ ҳалок бўлганларнинг исмлари ҳамда курьернинг шахсига оид маълумотлар расман эълон қилинмади. Ҳокимият вакиллари орасида фақат Москва мэри Сергей Собянин баёнот берди. У жиноятга алоқадор шахслар аниқланиб, жавобгарликка тортилишини билдирди.
Автомобили экстренных лужб после взрыва в ресторане в центре Москвы. 1 августа 2016 года
Россияда яшайдиган, асли қирғизистонлик тадбиркор Азирет Атабеков портлашдан сўнг муҳожирлар хавотирга тушганини айтди.
"Ёпиқ, қадоқланган қутилар бирин-кетин очилиб, қаттиқ текширилмоқда. Кенг миқёсда жиддий муаммолар йўқ, аммо текширувлар ўтказиляпти. Курьерларнинг ёпиқ чатимиз бор. Ҳайдовчилар бир-биридан маслаҳат сўраб, ўзаро ёрдамлашмоқда. Ҳозир муҳожирлар хавотирда. Айбни муҳожирга юклашмайди, деган умиддамиз. Чунки бу Россиядаги барча меҳнат муҳожирлари ва уларнинг ватандошларига таъсир қилиши мумкин. Агар ресторандаги портлашда муҳожир айбдор экани расман аниқланса, бу биз учун жуда катта хавф туғдиради. Қўшимча текширувлар ва босим бўлади. Шундоқ ҳам кўп нарса бўляпти. Ҳаммасини айта олмаймиз. Аммо босим борлигини айта оламан", деди Атабеков.
Россияда терактлар ва портлашлардан кейин меҳнат муҳожирларига нисбатан текширувларнинг кучайтирилиши биринчи марта эмас. Икки йил аввал Москва вилоятидаги "Крокус Сити Холл" мажмуасида содир этилган терактдан сўнг Марказий Осиёдан келган муҳожирлар босимга дуч келган эди.
140 дан ортиқ одам ҳалок бўлган теракт ижрочилари деб Россия расмийлари Тожикистон фуқароларини атаган. Улар жорий йилда умрбод озодликдан маҳрум этилди. Шундан сўнг Россияда меҳнат муҳожирларига нисбатан ксенофобик кайфият кучайди, давлат даражасида муҳожирларга қарши қонунлар қабул қилиниб, янги ташаббуслар илгари сурилди.
Россияда муҳожирларга қарши сиёсатнинг қатъийлаштирилиши Марказий Осиё мамлакатларидан меҳнат миграцияси оқимининг камайишига олиб келди. 2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан ишлаш учун Россияга киришлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 15 фоизга қисқарди.
2026 йил январь-июнь ойларида ушбу уч мамлакат фуқаролари ишлаш мақсадида Россияга қарийб 1,9 миллион марта кирган. Бир йил аввал бу кўрсаткич 2,3 миллиондан ошган эди.