OCCRP журналистлар бирлашмаси Россиядаги фаолиятини тўхтатди

Коррупция ва уюшган жиноятчиликни тадқиқ этиш маркази (OCCRP) россиялик расмийларнинг мустақил журналистикага қарши кампанияси манзарасида журналистларни ҳимоя қилиш учун Россиядаги фаолиятини тўхтатишини эълон қилди. Бу ҳақда OCCRP сайтида билдирилган.

“Бу бизнинг мазкур мамлакатда кенг қулоч ёйган коррупция ҳақида ёзишни бас қилишимизни англатмайди. Шунчаки, ҳукумат, ўз одатига кўра, биз билан ҳамкорлик қилгани учун ўз фуқароларини жазолашини биламиз”, деган OCCRP ҳаммуассиси ва бош муҳаррири Дрю Салливан.

Унинг айтишича, марказ ҳамкорларининг аксарияти “хорижий агентлар” рўйхатига киритилган ёки “исталмаган ташкилот” деб эълон қилинган. Россиядаги ходимларга OCCRP бошқа мамлакатларга кўчиб кетишни таклиф қилган. Буни рад этганларга нафақа тўланган ва янги иш топишларида кўмаклашилган.

Коррупция ва уюшган жиноятчиликни тадқиқ этиш маркази (OCCRP) жаҳондаги элликдан зиёд мустақил ОАВни бирлаштирган ва йилига 100 дан ортиқ суриштирув чоп қиладиган ноҳукумат ташкилоти бўлиб ҳисобланади.

Айни пайтда Россияда 25 нафар журналист ва 18 та оммавий ахборот воситаси “хорижий агент-ОАВлар” рўйхатига киритилган. Сўнгги ярим йил ичида “Важные истории”, The Insider, VTimes.io, “Медуза” нашрлари ҳамда “Дождь” телеканали кабилар “хорижий агент-ОАВлар” реестрига киритилган.