Олий Рада Россия армиясининг Украинадаги хатти-ҳаракатини геноцид ўлароқ тан олди

Олий Рада Россия сиёсий ва ҳарбий раҳбарияти ҳамда армиясининг Украинадаги хатти-ҳаракатларини геноцид деб тан олиш тўғрисида қарор қабул қилди. Ҳужжат учун 363 депутат овоз берди, дея маълум қилинган Украина парламенти сайтида.

Қарорда қайд этилишича, Украина Бош прокуратураси, ТИВ ва Адлия вазирлиги геноцид, инсонийликка қарши жиноятлар, ҳарбий жиноятлар амалга оширилиши бўйича барча ҳолатларни ҳужжатлаштириши ҳамда айбдорларни жавобгарликка тортиш ташаббуси билан чиқиши лозим.

Олий Рада россиялик ҳарбийларнинг Украинадаги хатти-ҳаракатларини геноцид сифатида тан олиш юзасидан БМТ, Европа кенгаши парламент ассамблеяси, Европа парламенти, ЕХҲТ парламент ассамблеяси, НАТО парламент ассамблеяси ва хорижий давлатлар парламентларига мурожаатнома йўлламоқчи.

Украиналик депутатлар Z ва V ҳарфлари ҳамда Россия Қуролли кучлари рамзларини тақиқлашга оид қонун лойиҳасини ҳам қабул қилганлар. Бу рамзлардан кийим-кечакда, ижтимоий тармоқларда, оммавий ахборот воситаларида, рекламада, жамоат жойларида фойдаланиш мумкин эмас.

Россия Украина ҳудудига жорий йилнинг 24 февралида бостириб кирган. Уруш туфайли Мариуполь, Харьков, Николаев ва бошқа шаҳарларда аксарият бинолар вайрон бўлган, 4,7 миллиондан зиёд украиналик уйини тарк этишга мажбур бўлган. БМТ маълумотига кўра, жанговар ҳаракатлар чоғида қарийб 2 минг киши нобуд бўлган. Украина ва Россия делегациясилари музокаралари ҳали бирор жўяли натижа берганича йўқ.