Олмаотадаги Хитой консуллиги олдида муддатсиз норозилик акцияси ўтказаётганларни полиция қўлга олди

Қозоқ полицияси акция ўтказаётганлардан бири Ҳолида Оқитхонни қўлга олган пайт.

Олмаотадаги Хитой консуллиги олдида Шинжон-Уйғур мухториятида Хитой қамоқларида сақланаётган қариндошлари озод этилишини талаб қилиб муддатсиз норозилик акциясини давом эттиришга келган бир неча кишини полиция қўлга олди. Бу ҳақда Озодлик радиоси қозоқ хизматига фаол Байболат Кунболатули хабар берди.

“Хитой консуллиги олдига келган Гавҳар Қурманалиева, Ҳолида Оқитхон ва Нурзат Ермекбай дарҳол полиция томонидан қўлга олинди. Уларни Медеу туман полициясига олиб кетишди. Мен билан бирга машинамда консулхонага келган Ақиқат Қалиўллуни ҳам машинамдан тушиши биланоқ ушлашди. Жами ушланганлар сони 4 киши”,-деди фаол.

Унга кўра, февраль ойидан бери Хитой консуллиги олдида намойиш ўтказаётган мазкур шахслар полиция уларга яна жарима соладиган бўлса, очлик эълон қилишларини билдирганлар.

Бундан аввал ҳам ўз қариндошлари озод этилишини талаб қилиб акция ўтказаётганлар бир неча марта полиция томонидан ушланган ва жаримага тортилган эди. Байболат Кунболатулининг айтишича, солинган жарималар миқдори 4 миллион танга (тақрибан 9 минг доллар)гача етиб бормоқда.

25 ноябрь куни норозилик акцияси бошланганига 291 кун бўлди. Норозилар Шинжондаги “қайта тарбиялаш лагерлари”да сақланаётган яқинлари озод этилишини ва Қозоғистонга чиқарилишини талаб этмоқда.

2018 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳақлари тузилмаси Шинжондаги лагерларда бир миллионга яқин мусулмон сақланаётганини маълум қилган эди.

АҚШ Конгресси ва Буюк Британия, Канада ва Чехия парламентлари Хитойнинг Шинжондаги сиёсатини геноцид ўлароқ баҳолайди. Пекин эса Шинжондаги вазият “Хитойнинг ички сиёсати” эканини иддао қилиб келади.