Бозорлардан авиакомпаниягача: Ўзбекистонда нималар ва қандай шартлар асосида хусусийлаштирилади?

Ўзбекистонда хусусийлаштирилиши режалаштирилган давлат объектлари. Коллаж.

Ўзбекистонда кенг кўламли хусусийлаштириш дастури тасдиқланди. Бозор ва саноат корхоналаридан тортиб, банклар ва авиакомпаниягача — юзлаб объектлардаги давлат улушлари сотувга қўйилади. Ҳукуматга кўра, асосий мақсад мулкни сотиш билангина чекланмайди: корхоналарни модернизация қилиш ва узоқ муддатли ривожлантириш учун сармоя жалб этиш кўзда тутилган. Мустақил экспертлар эса яқин ўтмиш тажрибасини эслатиб, хусусийлаштириш жараёнида коррупция ва қариндош-уруғчилик хавфидан огоҳлантирмоқда.

Ўзбекистонда умумий қиймати 8 миллиард доллардан ортиқ давлат активлари хусусийлаштиришга қўйилмоқда. Бу мамлакатнинг ўтган йилги ялпи ички маҳсулотига нисбатан 5,5 фоизга тенг.

Давлат нималарни сотмоқчи?

Давлат 84 та йирик компания ва хўжалик тузилмасидаги улушларини сотишни режалаштирмоқда. Расмий маълумотга кўра, 1242 та кўчмас мулк объекти ҳамда тадбиркорлик ва шаҳарсозлик лойиҳалари учун қарийб 8 минг гектар ер савдога чиқарилади.

Хусусийлаштириш рўйхатига банклар ҳам киритилган. Улар орасидаги энг йирик молиявий актив — "Туронбанк". Унинг 98,9 фоиз акциясини очиқ савдога қўйиш режалаштирилган. "Ўзсаноатқурилишбанк" (SQB) ва "Асакабанк"ни ҳам хусусийлаштириш кўзда тутилмоқда. Ҳукумат 2030 йилгача давлат банклари сонини тўққизтадан тўртта атрофига тушириш ва банк активларидаги давлат улушини камайтириш ниятида.

Яқин вақт ичида устав капитали тўлиқ давлатга тегишли "Халқ суғурта" компаниясини ҳам хусусийлаштириш режалаштирилмоқда. Шунингдек, Humo Air авиакомпаниясининг 100 фоиз, "Ўзэкспомарказ"нинг 91,83 фоиз ва Халқаро бизнес марказининг 79,27 фоиз улуши савдога чиқарилади.

Транспорт соҳасида Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводининг 90 фоиз ҳамда "Ўзбекистон темир йўллари" таркибидаги Андижон механика заводининг 100 фоиз улуши сотувга қўйилади.

Ўнлаб бозорлар, жумладан, Тошкентдаги йирик ва таниқли савдо масканлари ҳам очиқ савдога чиқарилиши кутилмоқда. Рўйхатда "Сергели" автобозори, "Янгиобод", "Чилонзор", "Ўрикзор", "Абу Сахий", "Авиасозлар", "Наврўз", "Қўйлиқ" ("Кадышева"), "Қорақамиш" ва "Фарҳод" бозорлари бор. Шунингдек, Паркент универсал савдо мажмуаси, "Бек тўпи" савдо мажмуаси ва "Бешқўрғон савдо" корхонаси ҳам рўйхатга киритилган.

Ҳукумат режасига кўра, бозорлар ўрнида замонавий экобозорлар, савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари, кўнгилочар марказлар ҳамда кўп қаватли автотураргоҳлар барпо этилади.

Тошкентдаги Қўйлиқ бозори хусусийлаштириладиган объектлар рўйхатига киритилди.

Хусусийлаштиришдан мақсад нима?

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Ўзбекистонга хусусийлаштиришни жадаллаштиришни тавсия қилган. Жамғарма ҳисоботига кўра, мамлакатда давлат иштирокидаги корхоналарнинг қарийб 84 фоизи рақобат мавжуд соҳаларда ишлайди. Бундай соҳаларда давлатнинг бизнес билан шуғулланиши заруратини асослаш қийинроқ. Бозорлар, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш, туризм ва фармацевтика шулар жумласидан. Шу боис бюджет юкини камайтириш учун давлатнинг асосий вазифаларига кирмайдиган фаолият билан боғлиқ активларни хусусий қўлларга бериш тавсия этилмоқда.

Ўзбекистонда хусусийлаштириш кампанияси аввал ҳам ўтказилган. Йирик стратегик давлат активларини кенг кўламда сотиш сиёсати Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кейин бошланган. У ўн йил аввал, мамлакатни чорак асрдан ортиқ қаттиққўллик билан бошқарган Ислом Каримов вафотидан сўнг президентликка келган эди. Каримов хорижий инвесторларга ҳам, мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ғоясига ҳам ишончсизлик билан қараган.

Давлат активларини хусусийлаштиришнинг дастлабки кенг кўламли босқичи 2020–2025 йилларга тўғри келди. Бу даврда давлат мулкини сотишдан жами 6,5 миллиард доллардан ортиқ маблағ тушган.

2021 йил октябрида ўша пайтдаги молия вазири Тимур Ишметов америкалик журналист Райан Чилкотга берган интервьюсида хусусийлаштиришнинг асосий мақсади давлат бозордан чиқаётганини ва инвесторлар давлат корхоналарининг ноҳалол рақобатидан чўчимаслиги мумкинлигини кўрсатиш эканини айтган.

"Самарасиз давлат корхоналаридан қанча тез қутулсак, ўзимизга шунча яхши. Иш ўринлари яратиш, бозор самарадорлиги ва бюджет нуқтаи назаридан ҳам яхши", — деган эди Ишметов.

У аҳоли сони ўсиб бораётган Ўзбекистонда иш ўринлари яратиш долзарб масала бўлиб қолаётганини, одамларни иш билан таъминлашда хусусий сектор муҳим ўрин тутишини ҳам таъкидлаган.

Хусусийлаштиришнинг янги босқичи арафасида, шу йил сентябрь ойи ўрталарида Давлат активларини бошқариш агентлиги директори ўринбосари Алишер Миралиев маҳаллий нашрларга берган интервьюсида бу галги жараён корхоналарни модернизация қилиш учун сармоя жалб этишга қаратилганини айтди.

"Илгари ҳамма нарса кимошди савдосида сотилган бўлса, ҳозир асосий мақсад — корхонанинг кейинги фаолиятини яхшилаш ва хусусийлаштирилаётган активларнинг иқтисодий самарадорлигини ошириш", — деди Миралиев.

Бозорларда ишлаётган тадбиркорлар нимадан хавотирда?

Мирзиёевнинг 2026 йил 28 августдаги фармони давлат активларини сотиб олиш шартларини енгиллаштиради. Бошланғич тўлов 15 фоиз этиб белгиланган. Қиймати белгиланган мезонларга мос келадиган активлар ва ер участкалари учун тўлиқ тўлов шартлари бажарилганда 25 фоиз чегирма ёки беш ёхуд етти йил давомида фоизсиз бўлиб тўлаш имконияти кўзда тутилган. Давлат активи қийматининг камида ярмини тўлаган харидор уни реконструкция қилиш, жумладан, янги қурилиш учун бузиш ҳуқуқига эга бўлади. Савдо ҳақидаги эълонни олдиндан бериш муддати 30 кундан 15 кунга, такрорий савдоларда эса 10 кундан 5 кунга қисқартирилган.

Булар харидор учун молиявий енгиллик ва қулайликлардир. Аммо ўзгаришлар бевосита дахл қиладиган одамлар нима дейди? Хусусий қўлларга ўтказилиши режалаштирилган бозорларда ишлаётган тадбиркорларни, аввало, савдо жойлари ва ишлаш шартлари сақланиб қоладими, деган савол ташвишлантирмоқда.

Тошкент бозорларидаги савдогарлар "Азаттык Азия" билан суҳбатда ўз аҳволи бутунлай бозор эгаларига боғлиқ эканини эҳтиёткорлик билан айтади. Уларнинг фикрича, ҳозирги шароитни ҳам яхши деб бўлмайди: фойдани бозор маъмурияти билан бўлишишга тўғри келади, фавқулодда ҳодиса юз берса, зарарни ўз ҳисобидан қоплашади. Мулкдор алмашиши бу шартларнинг яна ўзгаришига олиб келиши мумкин.

"Бешқўрғон савдо" бозорида ишловчи тадбиркорнинг айтишича, у ҳар бир савдо жойи учун 500 доллардан тўлаб, ишлаш ҳуқуқини олган. У шу йил апрелидаги ёнғиндан кейин савдо расталарини тиклаш харажатлари тадбиркорлар зиммасига юкланганини айтмоқда. Бу тўловлар солиқ, транспорт харажатлари ва кредит тўловлари устига қўшилган.

Бошқа бир тадбиркор бозордаги савдо унинг ягона даромад манбаи эканини айтади. Унинг сўзларига кўра, товарни сотгандан кейин пулини бериш шарти билан олади ёки кредитга харид қилади. У қонунчиликдаги ўзгаришларни кузатмаслигини тан олади: унинг учун бозор эгаси билан муносабатни сақлаш муҳимроқ. Айтишича, ҳокимият ва бошқа давлат идоралари билан боғлиқ масалаларни бозор эгаси ҳал қилади. Тадбиркор ишини давом эттириш ва оиласини боқиш имкониятини ҳам айнан шу одам билан боғлайди. Унинг хавотирича, бозор эгаси алмашганда келиб чиқадиган низолар туфайли савдо жойидан ва тирикчилик манбаидан айрилиши мумкин.

Аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов бозорлар ёпилмаслиги ва уларда ишлаётган тадбиркорларнинг иш ўринлари сақланиб қолишини айтган эди.

Бироқ кузатувчилар фикрича, иш ўрнининг сақланиши дўконга эгалик ҳуқуқи, унинг аввалги майдони ва жойлашуви ҳамда мақбул ижара ҳақи ҳам сақланади, дегани эмас. Ҳар бир савдо нуқтаси эгаси олдида қандай мажбуриятлар олиниши ва улар бажарилмаса, ижроси қандай таъминланиши ҳақида очиқ маълумот йўқ. Бозорлар сотилиши манфаатларига дахл қиладиган тадбиркорларнинг ягона реестри бор-йўқлиги ҳам жамоатчиликка маълум эмас.

Ҳар бир объект бўйича бундай ҳисоб юритиляптими? Унинг тўлиқлигига ким жавобгар? Савдо нуқталари эгалари ўз ҳуқуқлари ва амалдаги шартномалари ҳисобга олинганини қандай текшириши мумкин? Исми ошкор этилмаслигини сўраган тошкентлик экспертнинг фикрича, бу маълумотларсиз ваъда қилинган кафолатлар барча тадбиркорларни қамраб оладими ва иш ўринларини сақлаш мажбурияти қандай бажариляпти, деган саволларга мустақил баҳо бериб бўлмайди.

"Хориж тажрибасида қўллаш мумкин бўлган айрим чоралар бор. Масалан, Ҳонгконгдаги Aberdeen Market бозори реконструкция қилинганда аввалги ижарачилар учун алоҳида савдо тартиби ва бозорга имтиёзли шартларда қайтиш имконияти кўзда тутилган. Лондондаги Elephant & Castle ҳудудини янгилашда муниципалитет тадбиркорларга ҳамёнбоп жой топишда қатнашган, айни пайтда ҳаммага ҳам мос жой топилмаганини тан олган. Ҳиндистоннинг кўча савдосига оид қонуни тегишли гувоҳномаси бор савдогарларга кўчириш ҳақида олдиндан хабар беришни ва уларни янги жой билан таъминлашни кафолатлайди. Булар турли шароитда қўлланган чоралар, ҳамма жойда бирдек муваффақият келтирадиган тайёр ечимлар эмас. Ўзбекистон учун тадбиркорларнинг ҳуқуқларини олдиндан ҳисобга олиш, ҳар бири олдидаги мажбуриятларни аниқ белгилаш ва натижани текшириш муҳим. Ҳар бир бозор бўйича айнан қайси мол-мулк сотилаётгани ва амалдаги шартномаларни очиқлаш керак. Реконструкция бошланишидан олдин тадбиркорлар вақтинча қаерда ишлаши, бозорга қандай тартибда қайтиши, кейин қанча тўлаши, қайси ҳолларда зарари қопланиши ва буларнинг ижросига ким жавоб бериши белгиланиши лозим", — дейди тошкентлик эксперт.

Унинг фикрича, бозорларни хусусийлаштириш оқибатларини алоҳида ва мустақил кузатиб бориш зарур.

"Гап савдодан топган даромади билан ўзини ва оиласини боқаётган, солиқ тўлаётган, кўп ҳолларда бошқаларни ҳам иш билан таъминлаётган тадбиркорлар ҳақида кетяпти. Ислоҳотга баҳо беришдаги асосий мезон — ҳозир ишлаётган тадбиркор аниқ ва қурби етадиган шартларда фаолиятини давом эттира оладими? Ҳуқуқи бузилса, уни ўз вақтида ва амалда тиклай оладими? Ҳар бир объект бўйича бу масалалар ҳал этилмас экан, иш ўринларини сақлаш ҳақидаги оммавий ваъда бизнесни сақлаб қолиш кафолати ўрнини босолмайди", — дейди эксперт.

Озодлик 2021 йилда минтақадаги энг йирик металлургия корхоналаридан бири — "Ўзметкомбинат" активлари давлат улушларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қарор асосида ҳукуматга яқин компанияларга берилгани ҳақида хабар берган эди.

Йирик корхоналар хусусийлаштирилиши ва "ҳалол рақобат" талаби

Сўнгги йилларда иқтисодиёти барқарор ўсаётган Ўзбекистон сармоя жалб қилишни ҳам фаоллаштирган. Ўтган йили мамлакат иқтисодиётига 43,1 миллиард доллар инвестиция киритилган — бу 2024 йилги кўрсаткичдан 24 фоиз кўп. Шундан 38 миллиард доллардан ортиғи тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳиссасига тўғри келади.

Ҳукумат инвестиция муҳити яхшиланаётгани ва йирик сармоялар жалб этилаётганини таъкидламоқда. Бироқ айрим ҳолларда бу жараён хорижий компанияларга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари орқали босим ўтказилгани ҳақидаги можаролар билан кечмоқда.

Сўнгги шундай можаролардан бири Россиянинг Solfy молиявий технологиялар компанияси Ўзбекистондаги бизнесини куч билан эгаллаб олишга уриниш бўлганини билдиргани ортидан юзага келди. Компаниянинг юқори лавозимли раҳбари Тошкентда ҳибсга олиниб, унга ўзлаштириш айблови қўйилган. Компания даъвосига кўра, давлатга алоқадор шахслар бизнеснинг катта улушини ҳеч қандай ҳақ тўламасдан ўзларига ўтказишни талаб қилган. Рад жавобини олгач эса маъмурий босимни ишга солган. Ўзбекистон Миллий банки ноқонуний босим ҳақидаги айбловларни рад этиб, Solfy ҳамкорлик шартномаси шартларини бузганини билдирган. Шу воқеалар фонида Amsterdam & Partners халқаро юридик фирмаси Ўзбекистонга сармоя киритишни хавфли деб баҳолади. Фирма Solfy раҳбарининг ҳибсга олинишини "қўрқитиш ҳаракати" ва бизнесни бошқа қўлларга ўтказиш учун босим воситаси деб атади.

Бундан аввал бир гуруҳ туркиялик тадбиркорлар ҳам Ўзбекистон устидан халқаро арбитражга даъво киритган. Улар ҳукуматни мол-мулкини ноқонуний олиб қўйиш ва икки томонлама инвестиция битимини бузишда айблаган.

Таҳририятдан исмини ошкор этмасликни сўраган тошкентлик экспертнинг таъкидлашича, сармоядор учун энг муҳим мезонлардан бири — давлат сиёсатининг қандай бўлишини олдиндан баҳолай олиш.

"Инвестиция муҳитига баҳо бериш бюджет кўрсаткичлари билан чекланмайди. Сармоядор учун тўловларнинг кафолатлангани, давлат қарорларини олдиндан баҳолай олиш ва мулкини ҳимоя қилиш имконияти муҳим. Шунинг учун молиявий ҳисоботлар билан бир қаторда тадбиркорларнинг ҳужжатлар билан асосланган мурожаатлари, суд қарорлари ва уларнинг ижроси ҳақидаги маълумотлар ҳам ҳисобга олиниши керак. Тўлиқ ахборот ва ҳуқуқларнинг амалда ҳимоя қилиниши хорижий инвесторга ҳам, маҳаллий бизнесга ҳам зарур", — дейди эксперт.

Лондондаги Central Asia Due Diligence ташкилоти директори, сиёсатшунос Алишер Илҳомовнинг фикрича, давлат нима ва қанча ишлаб чиқаришни белгилайдиган марказлашган иқтисодиётдан бозор иқтисодиётига ўтиш учун, аввало, рақобатни таъминлаш мумкин бўлган соҳалардаги давлат корхоналарини хусусийлаштириш зарур.

"Алоҳида таъкидлаган бўлардим: бу тизим ҳукумат ҳалол рақобатни таъминлагандагина тўғри ишлайди. Бозор ва хусусийлаштириш иштирокчилари тенг ҳуқуқларга эга бўлиши, устунликка эса фақат самарали ишлаши, сифатли маҳсулот ишлаб чиқариши ва истеъмолчи талабини яхшироқ қондириши ҳисобига эришиши керак. Коррупция бор жойда, айрим иштирокчиларга алоҳида имтиёзлар берилганда бозор рақобати ишламайди ёки кутилган натижани бермайди. Аксинча, аҳолининг бозор иқтисодиётига ишончини йўқотади", — дейди Илҳомов.

Ҳукумат эълон қилган хусусийлаштиришнинг янги босқичи доирасидаги аукцион ва савдолар ҳақида ҳозирча очиқ манбаларда маълумот кўзга ташланмайди. Илҳомов жараённинг шаффоф эмаслигини таъкидлайди.

Унинг фикрича, асосий муаммо шундаки, давлат корхоналарини хусусийлаштиришнинг навбатдаги босқичи коррупция, қарор қабул қилишдаги манфаатлар тўқнашуви, ошкораликнинг етишмаслиги, таниш-билишчилик ва қариндош-уруғчилик тизимли тус олган шароитда ўтказилмоқда. Айниқса, активларни тақсимлашга оид қарорларда бу ҳолатлар ҳокимият доираларига яқин шахсларга устунлик беради.

"Яқин ўтмишдан бир мисол келтирайлик. 2021 йилда "Қизилқумцемент" акциядорлик жамиятидаги давлат улуши хусусийлаштирилганда очиқ ва рақобатли тендер таъминланмади. Корхона Кипрда рўйхатдан ўтган United Cement Group (UCG) холдинги назоратига берилди. Нега айнан шу холдингга? Сабаби оддий: унинг эгаси Улуғбек Шодмонов президентнинг куёви Отабек Умаровга яқин шахс. Боз устига, "Қизилқумцемент" UCG'га корхона акцияларининг савдодан аввалги биржа қийматидан қарийб 20 фоиз арзонга сотилган. Хусусийлаштириш рақобат асосида ўтказилганида, сотув нархи ўша биржа қийматидан ҳам юқори бўларди", — дейди Илҳомов.

2026 йил августида хусусий мулкни ҳимоя қилиш мақсадида хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқишни тақиқловчи қонун қабул қилинди. Танқидчилар бу қонунга икки томонлама қарайди: бир томондан, у инвесторларга кафолат беради; иккинчи томондан эса, эҳтимол, арзонлаштирилган нархда сотиб олинган активларни янги эгалари қўлида қонуний мустаҳкамлаб қўйишга хизмат қилади.