Сўнгги йилларда Дубай хусусий бойлик оқиб келаётган дунёдаги энг тез ривожланаётган марказлардан бирига айланди.
Henley & Partners ҳисоботига кўра, 2024 йил декабрь ҳолатида Дубайда тахминан 81 200 нафар миллионер яшаган. Улар орасида бойлиги 100 миллион доллардан ортиқ бўлган 237 нафар шахс ва 20 нафар миллиардер бор. 2014–2024 йиллар оралиғида шаҳардаги миллионерлар сони 102 фоизга ошган.
Паст солиқлар, молиявий имкониятлар ва қимматбаҳо кўчмас мулк бозори бутун дунёдан тадбиркорлар, миллионерлар ҳамда сиёсий доираларга яқин шахсларни ўзига жалб қилмоқда.
Dubai Land Department маълумотларига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида Дубайда хорижлик инвесторлар қиймати қарийб 62 миллиард долларлик кўчмас мулк харид қилган.
Ўз навбатида, “Henley & Partners” консалтинг компанияси 2025 йилда миллионерлар миграцияси ҳисобига Бирлашган Араб Амирликларида уларнинг сони 9 800 нафарга соф кўпайишини прогноз қилган эди.
Аммо Дубайнинг бу қадар тез юксалиши халқаро ҳамжамият эътиборини ҳам тортди.
“Dubai Unlocked” суриштируви доирасида сиёсий мавқега эга шахслар, санкцияга тушган фигуралар, судланган жиноятчилар ва қидирувдаги шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектлари аниқланди. Бу топилмалар шаҳарнинг ҳашаматли кўчмас мулк бозори келиб чиқишини аниқлаш қийин бўлган бойликларни яшириш майдонига айланиб қолмаяптими, деган саволларни келтириб чиқарди.
Дубайдаги кўчмас мулкка оид ҳужжатларда Ўзбекистоннинг таниқли шахслари — шу жумладан мамлакат сиёсий элитаси билан алоқадор бўлган вакилларга тегишли маълумотлар ҳам учрайди.
Озодликнинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни тадқиқ этиш маркази — OCCRP ҳамкорлигида ўтказган янги суриштируви Дубайдаги кўчмас мулк ҳужжатлари орқали Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг оила аъзоларидан бирига олиб борди.
Отабек Умаровнинг махфий паспорти
Озодлик ва OCCRP томонидан ўрганилган ҳужжатлар орасида президентнинг кенжа куёви Отабек Умаров номига берилган Бирлашган Араб Амирликлари паспортига оид тафсилотлар ҳам мавжуд.
Ҳужжатга кўра, Умаров 2023 йилнинг 19 апрелида Бирлашган Араб Амирликлари фуқаролигини олган.
Ўша пайтда у Ўзбекистон президенти хавфсизлиги учун масъул махсус хизмат раҳбари ўринбосари эди.
Бу ҳали ҳаммаси эмас.
Дубай кўчмас мулк реестрида Отабек Умаров номига расмийлаштирилган ва умумий қиймати қарийб 6,7 миллион долларни ташкил этадиган камида 13 та квартира ҳам рўйхатга олинган.
Суриштирувимизда ушбу паспорт ва миллионлаб долларлик мулклар ортидаги ҳужжатлар ўрганилди.
OCCRP ва Озодлик журналистлари қўлга киритган Амирлик ҳужжатларининг ҳақиқийлиги суриштирув давомида мустақил равишда текширилди ва тасдиқланди.
OCCRP бош муҳаррири Миранда Патручич
“OCCRP’да фактларни текширишнинг жуда қатъий тизими бор. Шунингдек, бизга сизиб чиққан ёки ўзимиз қўлга киритган ҳар қандай ҳужжатнинг ҳақиқийлигини текшириш бўйича ҳам жуда қатъий жараён мавжуд. Биз олиб борган ҳар қандай суриштирувда эълон қилинадиган барча маълумотлар юқори малакали фактчекинг жамоамиз томонидан текширилади”, дейди OCCRP бош муҳаррири Миранда Патручич.
"Махфий паспорт & мулклар" суриштирувидан скриншот
Иккинчи фуқаролик: хавфсизлик масаласи
Ҳужжатларга кўра, Умаровга Амирлик паспорти Абу-Дабида берилган.
Бу пайтда Умаров ҳали лавозимида ишлаётган эди.
“Кимдир шундай юқори лавозимни эгаллаб турган, устига-устак ҳукмрон оила аъзоси бўлган бир пайтда иккинчи фуқароликни олса, бу жуда муҳим масала. Чунки, аввало, бу вазият унчалик барқарор эмаслиги мумкинлигидан дарак беради — ахир, нима учун инсон умуман иккинчи фуқаролик олишга эҳтиёж сезади, деган савол туғилади? Иккинчидан, сиз шунчалик юқори даражадаги хавфсизлик лавозимида ишлаганингизда, президент хавфсизлиги учун масъул бўлганингизда, ўз садоқатингиз ва келиб чиқишингиз ҳақида тўлиқ шаффофлик бўлиши жуда муҳим. Биз унинг иккинчи фуқаролиги ҳақида ҳукуматга маълум қилган-қилмаганини, бу фуқаролик тасдиқланганми-йўқми ёки бу ҳақда бирор киши хабардор бўлганми-йўқми, билмаймиз. Бу яна шу жиҳатдан ҳам муҳимки, БАА фуқаролигини олиш БАА ҳукуматига садоқат қасамёдини қабул қилишни талаб этади. Шунинг учун савол туғилади: сиз Ўзбекистон президентига содиқмисиз ёки БАА ҳукуматига?”, дейди OCCRP бош муҳаррири Миранда Патручич.
Умаров ушбу лавозимда ишлаган пайти президент Мирзиёевнинг хос қўриқчиси вазифасини бажариб келган.
“The Diplomat” нашри бош муҳаррири Кэтрин Путц.
“Унинг лавозими сир эмас эди. Одамлар унинг қандай вазифада ишлашини биларди, шунингдек, унинг президент билан қандай алоқаси борлиги ҳам сир эмас эди. Шунинг учун мамлакат президентининг куёви бўлган шахснинг иккинчи бир давлат фуқаролигини олгани менга ғалати туюлади. Бу эса бир қатор саволларни келтириб чиқаради: БААда бу жараён қандай кечган? Бу жараёнда пул иштирок этганми? Бу ҳақда ким билган ва қайси вақтдан бошлаб билган? Бу саволларга менинг ҳозирча жавобларим йўқ. Аммо, албатта, уларга жавоб берилиши керак”, дейди “The Diplomat” нашри бош муҳаррири Кэтрин Путц.
Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кўп ўтмай, унинг хавфсизлигини таъминлаш учун алоҳида ваколатли орган — Президент Давлат хавфсизлик хизмати ташкил қилинди.
“Президент давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонунга кўра, ушбу орган президентнинг нафақат ҳаёти ва хавфсизлигини, балки унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳам ҳимоя қилиши лозим.
Отабек Умаров қарийб олти йил давомида Президент хавфсизлик хизмати раҳбари ўринбосари бўлиб ишлади.
Унинг 2018 йилда бу лавозимга тайинлангани ҳам, 2024 йилда вазифасидан олингани ҳам расман эълон қилинмаган.
"Махфий паспорт & мулклар" суриштирувидан скриншот
Freedom for Eurasia нодавлат ташкилоти раиси, ҳуқуқшунос Лейла Назгул Сеитбек фикрича, агар Умаров ушбу лавозимда ишлаган пайтида хорижий фуқароликка эга бўлган бўлса, бу Ўзбекистон қонунчилиги бўйича жиддий ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Freedom for Eurasia нодавлат ташкилоти раиси, ҳуқуқшунос Лейла Назгул Сеитбек.
“Ўзбекистон қонунчилигига кўра, чет эл фуқаролигини олиш Ўзбекистон фуқаролигини йўқотишга олиб келиши мутлақо аниқ. Албатта, у ўша вақтда давлат хизматида бўлганини ҳисобга олсак, хизмат даврида чет эл фуқаролигига эга бўлиш ҳарбий қонунчиликка кўра, бу шахсни лавозимидан озод қилиш учун асос ҳисобланади. Бу қонунчилик унинг ўзи хизмат қилган тизимдаги фаолиятига ҳам татбиқ этилган. Яъни, бу ерда гап фақат фуқаролик тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ҳақида эмас. Гап ҳатто у раҳбарлик қилган идоранинг ўзи белгилаган, унинг ўзи ҳам риоя қилиши керак бўлган тўғридан-тўғри қоидаларни бузиш ҳақида кетяпти”, дейди Freedom for Eurasia нодавлат ташкилоти раиси, ҳуқуқшунос Лейла Назгул Сеитбек.
БАА паспорти ва Ўзбекистон қонунчилиги
Ўзбекистон қонунчилигида хорижий паспортга эга бўлганлик учун жиноий жазо ёки жарима белгиланмаган.
Бироқ “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонунга кўра, мамлакатда икки фуқаролик тан олинмайди.
Мазкур қонуннинг 25-моддасига кўра, агар шахс ихтиёрий равишда чет давлат фуқаролигини олган бўлса, бу Ўзбекистон фуқаролигини йўқотиш асосларидан бири ҳисобланади.
“Президент давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонуннинг 28-моддасига кўра, ушбу хизмат ходимлари ҳақиқий ҳарбий хизматда бўлади.
Ҳужжатлардан маълум бўлишича, Отабек Умаров Амирлик паспортини олгач ҳам яна 587 кун — яъни бир йилу етти ойдан ортиқ вақт — Президент давлат хавфсизлик хизмати раҳбари ўринбосари лавозимида қолган.
"Махфий паспорт & мулклар" суриштирувидан скриншот
Central Asia Due Diligence таҳлил маркази раҳбари Алишер Илҳомов.
“Президентнинг ўзи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи хизматлар ва, масалан, прокуратура, хавфсизлик хизмати унинг шундай икки фуқароликка, яъни иккинчи фуқароликка эга эканидан ва шу билан бирга бошқа давлатга садоқатга қасамёд қилганидан хабардорми? Улар бу ҳақда биладими ёки йўқми? Агар улар билмаса, бу хавфсизлик тизимида, умуман, бутун давлат тизимида улкан бўшлиқ, жуда катта тешик борлигини англатади. Агар улар, масалан, бу ҳақда хабардор бўлган бўлса, унда ўзлари ҳам қонун бузилишига дахлдор бўлиб чиқадилар”, дейди Central Asia Due Diligence таҳлил маркази раҳбари Алишер Илҳомов.
БААга садоқат қасамёди
2023 йил 30 апрель куни Отабек Умаров Бирлашган Араб Амирликлари паспортини олганига 11 кун бўлган эди. Шу куни Ўзбекистонда конституциявий референдум ўтказилди. Шу куни Умаров президент Шавкат Мирзиёевга ҳамроҳлик қилаётгани кўринади.
Мирзиёевнинг хориж сафарларига оид видео ва фотолардан англашилишича, Умаров нафақат қўриқчи, балки Ўзбекистон расмийси сифатида ўзбек делегацияси сафида кўринади.
Масалан, 2023 йил 2 декабрь куни Дубайда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён билан учрашади. Ўша пайтда Ўзбекистон делегацияси сафида кўринган Отабек Умаровнинг Амирлик паспортини олганига 228 кун бўлган эди.
2023 йил 2 декабрь куни Отабек Умаров Дубайда Ўзбекистон делегацияси сафида.
“Яъни, масалан, бошқа куч ишлатар тузилмалари билан кенг алоқалари бор бўлган, давлатнинг махфий сирларига оид маълумотлардан, жумладан, президентнинг ҳаёти ва оиласи ҳақидаги маълумотларга эга шахс ҳақида гап кетяпти. Яъни, муҳим ва биринчи қарашда унчалик муҳим бўлмаган айрим тафсилотларнинг барчасидан хабардор бўлган одам. Ҳозир у бошқа давлатга садоқат қасамёди қиляпти ва бошқа давлат фуқароси бўлган ҳолда, шу билан бирга Ўзбекистон фуқаролигини ҳам сақлаб қолса, бу каби маълумотлар бошқа давлат вакилларига берилиши хавфи пайдо бўлади. Бу масала мамлакат, биринчи навбатда президентнинг ўзи, шунингдек, бошқа махсус хизматлар томонидан жиддий эътиборга олинишини талаб қилади. Бу айниқса, мамлакат суверенитетини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан жуда жиддий аҳамият касб этади. Чунки суверенитет ҳимояси — бу кўп жиҳатдан президент хавфсизлиги хизмати ва бошқа куч ишлатар тузилмалари раҳбарлари ҳамда оддий ходимлари қанчалик садоқатли экани ва ўз вазифаларини қанчалик ҳалол бажаришига боғлиқ”, дейди Central Asia Due Diligence таҳлил маркази раҳбари Алишер Илҳомов.
Умаров БАА фуқаролигини қандай олган?
Айни пайтда Умаровнинг БАА фуқаролигини қандай ва қайси асосда олгани Озодликка ҳозирча маълум эмас.
Бирлашган Араб Амирликларининг “Фуқаролик ва паспортлар тўғрисида”ги Федерал қонунига 2021 йил январда киритилган ўзгартишлар айрим тоифадаги хорижликларга Амирлик фуқаролигини олиш имконини берди.
Улар орасида инвесторлар, шифокорлар, мутахассислар, олимлар, ихтирочилар, маданият ва санъат арбоблари ҳамда алоҳида истеъдод эгалари бор.
Аммо Бирлашган Араб Амирликлари қонунчилигига кўра, фуқаролик автоматик равишда берилмайди. Амирлик ҳукмдорлари, Валиаҳдлар девонлари, ижро кенгашлари ёки Вазирлар Маҳкамаси номзодни илгари суриши керак.
“Фуқаролик масаласи Бирлашган Араб Амирликларида тўлиқ Амирлик ҳокимиятининг ихтиёрига боғлиқ. Бу фуқароликни фақат ҳукмдорлар бериши мумкин”, дейди Freedom for Eurasia нодавлат ташкилоти раиси, ҳуқуқшунос Лейла Назгул Сеитбек.
БААнинг қонунчилигига кўра, фуқаролик олган шахс Амирликка садоқат ва вафодорлик қасамёдини қабул қилиши лозим.
Федерал қонунга кўра, Бирлашган Араб Амирликлари фуқаролигини олиш учун номзодлар қатор шартларга жавоб бериши лозим. Қонунда белгиланишича, жумладан, улар Амирликка садоқат ва вафодорлик қасамёдини қабул қилиши, Амирлик қонунларига риоя қилиш мажбуриятини олиши, шунингдек, бошқа давлат фуқаролигини олган ёки ундан маҳрум бўлган тақдирда, бу ҳақда Амирлик ҳукуматига хабар бериши шарт.
“У жуда кичик доирадаги одамлар учун, мамлакат ҳукмдорлари олдидаги қандайдир алоҳида хизматлари учун берилади. Бу ерда, албатта, савол туғилади: у Бирлашган Араб Амирликлари учун қандай хизматлар кўрсатган, қандай хизматлари учун унга бу фуқаролик берилган? Чунки бу мамлакат фуқаролигини оддий фуқаро ололмайди. Бу фуқароликни олишнинг оддий фуқаролар учун очиқ бўлган, ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган расмий тартиби мавжуд эмас”, дейди Freedom for Eurasia нодавлат ташкилоти раиси, ҳуқуқшунос Лейла Назгул Сеитбек.
Умаровнинг Амирлик ҳукмрон оиласи билан алоқалари
Суриштирувимиз давомида Умаровни Амирлик фуқаролигига айнан ким тавсия қилганини аниқлай олмадик.
Бироқ Умаровнинг Амирлик ҳукмрон оиласи вакиллари билан бир неча бор учрашгани ва уларнинг тадбирларида иштирок этгани маълум.
Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йил 24 март куни Бирлашган Араб Амирликларига илк расмий ташриф билан борган. Отабек Умаров президентнинг қўриқчилари сафида кўринади.
Мирзиëевнинг ўғли ва куëвлари Дубай амири ўғилларининг тўйида. 2019 йил, июн ойи.
Орадан қарийб икки ярим ой ўтиб, Отабек Умаров оиласи билан Дубай ҳукмдори Шайх Муҳаммад бин Рашид Ол Мактумнинг ўғиллари тўйида иштирок этган.
Умаров тўйдан сўнг Дубай валиаҳд шаҳзодаси Ҳамдан бин Муҳаммад бин Рашид Ол Мактум билан спорт залида тушган суратларини ҳам ижтимоий тармоққа жойлаган.
Шаҳзода Ҳамдан ҳар йили ов мавсумида Ўзбекистонга ташриф буюради. Бу ташрифлар давомида шаҳзода Умаровнинг хос меҳмони сифатида кутиб олинганини кўрсатувчи ўнлаб фото ва видеолар ҳам бор.
Аҳмед Жабер Ал-Ҳарбининг расмий очиқ Instagram саҳифасидан олинди. Сурат президент куёвлари ва БАА мулозимлари иштирокидаги зиёфатдан олинган.
Озодликнинг аввалги суриштирувларида Амирлик шайхларининг Ўзбекистондаги ов сафарларини ташкил этишда FALCON HUNTING SOLUTIONS компанияси иштирок этгани аниқланган.
Очиқ реестр ҳужжатларига кўра, 2018 йил ёзида ташкил этилган ушбу фирманинг 100 фоизлик эгаси — Азизжон Камилов.
Ўзбекистон Дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов Озодликнинг бошқа суриштирувлари қаҳрамонларидан бири.
“Кўплаб келишувлар оғзаки равишда, расмий ҳужжатларсиз амалга оширилади. Шунинг учун бундай келишувларни кузатиш, текшириш ва исботлаш жуда қийин. Шунинг учун биз хулосага келиш учун жуда кўплаб далилларни кўриб чиқишимизга тўғри келади — токи билвосита далилларнинг барчаси биргаликда битта хулосага ишончли равишда ишора қиладиган даражага етмагунча. Аммо бизда унинг БАА фуқаролигини олганини тасдиқловчи далил бор. Биз бунинг одатдаги тартиби қандай бўлишини тушунамиз ва у одатдаги жараёндан ўтмаганга ўхшайди, чунки агар у одатий тартибда фуқаролик олганида, буни тасдиқловчи маълумотлар бўлар эди. Бундан ташқари, бу мамлакатда амалга оширилган инвестициялар ва сотиб олинган кўчмас мулклар бор. Шунинг учун маълум бир нуқтага келиб, вазият аён бўлиб қолади. Лекин мен, албатта, бу муносабатларни алоҳида ўрганиб чиқиш ва воқеа айнан шу тарзда содир бўлган-бўлмаганини текшириш керак, деб ҳисоблайман”, дейди “The Diplomat” нашри бош муҳаррири Кэтрин Путц.
Озодлик Отабек Умаровнинг Бирлашган Араб Амирликлари фуқаролигини олгани билан боғлиқ саволларни у ҳозирда биринчи вице-президент бўлиб ишлаётган Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасига жорий йил 23 сентябрь куни йўллади. Бироқ ҳозиргача ушбу ташкилотдан ҳеч қандай жавоб бўлмади.
Озодликдаги ҳужжатларга кўра, Отабек Умаров Ўзбекистон фуқаролигидан воз кечмаган. Бугун у Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари. БАА қонунчилиги эса икки фуқароликни чекламайди.
Дубайдаги қарийб 7 миллион долларлик мулк
Бирлашган Араб Амирликлари кўчмас мулк реестридан OCCRP’га сиздирилган ҳужжатларга кўра, Умаров Дубайдаги иккита турар жой мажмуасида жойлашган 13 та хонадонга эгалик қилади.
Ушбу мулклар 2025 йилнинг январь ойида Отабек Умаров номига рўйхатдан ўтказилган бўлиб, уларнинг умумий қиймати деярли 6,7 миллион долларни ташкил этади.
БАА ҳужжатларига кўра, Отабек Умаров Дубайда қарийб 7 миллион долларлик мулкка эгалик қилади.
Дубайдаги бу кўчмас мулк активлари Озодлик бевосита Отабек Умаровнинг ўз номига расмийлаштирилганини тасдиқлай олган биринчи люкс активлар ҳисобланади.
“2025 йилда Умаров 13 та кўчмас мулк объектини сотиб олган. Бу объектларнинг барчаси Дубайдаги иккита бинода жойлашган, улар орасида бутун бир қаватни эгаллаган мулк ҳам бор”, дейди OCCRP бош муҳаррири Миранда Патручич.
Реестр ҳужжатларида қайд қилинган маълумотларга кўра, Умаров квартираларининг 11 таси Jadeel мажмуасида жойлашган. Бу — Madinat Jumeirah Living ҳудудидаги паст қаватли элита турар жой мажмуаси.
Квартиралар бир-бирига туташ жойлашган бўлиб, амалда бутун бир қаватни эгаллайди. Мажмуа деразалари эса сувнинг нариги томонидаги машҳур Burj Al Arab меҳмонхонасига қараган.
Расмий реестр ҳужжатларига кўра, Умаровнинг яна икки квартираси Дубай марказида Emaar компанияси қурган Fountain Views мажмуасида жойлашган. Улар Dubai Mall’дан бир неча қадам нарида, Burj Khalifa ва унинг машҳур фавворасига қараган.
“Ўзбекистонда амалдорлар ўз активлари ҳақида декларация тақдим этмайди ва бу мулклар жамоатчиликка маълум эмас. У биз изоҳлаш учун юборган сўровимизга ҳам жавоб бермади. Хўш, бу мулклар қандай шартларда сотиб олинган? Биз унинг собиқ давлат амалдори сифатидаги даромадлари билан бундай мулкларни сотиб олишга қурби етган-етмаганини билмаймиз. Бу борада ҳеч нарсани билмаймиз, шартлар қандай бўлгани ҳам бизга маълум эмас. Лекин биз шуни биламизки, Умаровнинг ўзи бойлигини кўпинча намойиш қилиб келган. Масалан, унинг жуда қиммат соат билан тушган суратлари ҳаммамизга маълум. Шунинг учун бундай мулклар унинг турмуш тарзига мос келади”, дейди OCCRP бош муҳаррири Миранда Патручич.
Квартиралар аввал Умаровнинг укаси номида бўлган
Кўчмас мулк реестри маълумотларига кўра, ушбу активлар Отабек Умаров номига 2025 йилнинг январь ойида расмийлаштирилган.
Ундан аввал квартиралар унинг укаси Ойбек Умаров номида бўлган. Бироқ реестр маълумотлари мулклар Ойбек Умаровдан Отабек Умаровга бевосита ўтганини кўрсатмайди — улар орада бошқа шахс ёки бир неча шахс номига ўтказилган бўлиши мумкин.
“Аслида, БААда журналистлар учун кўчмас мулкларнинг аввалги эгалари ҳақидаги маълумотларни олиш деярли имконсиз. Биз Умаров ҳозир Дубайдаги ушбу мулкларга эгалик қилишини тасдиқлай олдик, аммо уларни у аниқ қандай тарзда қўлга киритганини билмаймиз. Бизда Дубайдаги кўчмас мулклар базасидан бир нечта сиздирилган маълумотлар ҳам бор эди. Улар орқали ушбу мулкларнинг аввалги эгалари ҳақидаги маълумотларни текшириб, унинг укасига чиқдик. Биз бу мулклар 2021 ва 2022 йилларда сотиб олинганини биламиз, холос. Уларни аввал укасидан бошқа биров сотиб олиб, кейин Умаровга сотганми — билмаймиз. Ёки унинг укаси бу мулкларни унга тўғридан-тўғри ўтказиб берганми ёки ҳадя қилганми — буни ҳам билмаймиз”, дейди OCCRP бош муҳаррири Миранда Патручич.
Ўзини жамоатчиликка кўп кўрсатмайдиган, Қўқонда туғилган 40 ёшли тадбиркор Ойбек Умаров Озодликнинг ўнга яқин суриштирувида тилга олинган.
"Махфий паспорт & мулклар" суриштирувидан скриншот
Жумладан, “Мирзиёевнинг қудаси қандай қилиб миллиард долларлик бизнес эгасига айланди?” деб номланган суриштирувда Ойбек Умаровнинг Ўзбекистондаги ўнлаб бизнес лойиҳаларга алоқадорлиги аниқланган эди.
Ойбек Умаровнинг исми “Пандора ҳужжатлари” — Pandora Papers деб номланган глобал суриштирувда ҳам тилга олинган. Унда Ойбек Умаровнинг Ирландиядаги компаниялари ҳақида сўз борган.
Озодликнинг олти ой давом этган сўнгги суриштирувида эса Ойбек Умаров Humans бизнес империясида иштирок этган асосий фигуралардан бири экани аниқланди.
Дубай кўчмас мулк маълумотларига кўра, Ойбек Умаров ҳозирда акаси номига ўтказилган Дубайдаги барча кўчмас мулкларни бир неча йил аввал қисқа вақт ичида сотиб олган.
"Махфий паспорт & мулклар" суриштирувидан скриншот
Ҳужжатлардан маълум бўлишича, Ойбек Умаров 2021 йил охирида Дубай марказидаги икки квартирани сотиб олган. Кейин, 2022 йил июн ойида бир кунда Jadeel мажмуасидаги 7 та квартирани харид қилган. Jadeel мажмуасидаги қолган 4 та квартирани эса бир неча ҳафтадан кейин сотиб олган.
Озодлик Ойбек Умаров таъсисчиси бўлган ўнга яқин компанияга электрон почта орқали мурожаат қилиб, Дубайдаги 13 квартира бўйича саволларимизни Умаровга етказишни сўради. Бу саволлар компанияларнинг айримларига тегишли Телеграм ва Инстаграм саҳифалари орқали ҳам юборилди. Бироқ видео эфирга чиққунга қадар мурожаатларимизнинг бирортасига жавоб олмадик. Телеграмдаги 7FITNESS расмий аккаунти кейинги мурожаатларимизни блоклади. SOCIAL ACTIVE эса юборган хабарларимизни ўчириб қўйди.
Реестр ҳужжатларидаги саналардан маълум бўлишича, мулклар Умаровнинг номига Президент давлат хавфсизлик хизмати бошлиғи ўринбосари лавозимидан олинганидан кўп ўтмай расмийлаштирилган.
“Бизнинг минтақамизда амалдорлар ўз активларини яширишади ва уларни қариндошлари номига расмийлаштирадилар. Бу анча кенг тарқалган амалиёт. Агар у БАА паспортини олганидан кейин ўз активларини ўз номига ўтказган бўлса, демак, ўша пайтда у бу активларни БАА фуқароси сифатида ўз номида сақлаш уларни ҳимоя қилиш учун қулайроқ ва анча хавфсизроқ бўлади, деб ҳисоблаган, шекилли. Чунки, табиийки, агар у Ўзбекистондаги мавқеини йўқотиб қўйса ва у ерда ўзини, укасини ҳимоя қила олмай қолса ёки халқаро даражада нимадир нотўғри кетса, унинг активларини мусодара қилиш анча қийин бўлади. Шунинг учун у кўчмас мулкини БАА фуқароси паспортига эга бўлган ҳолда ҳимоя қилиши, албатта, ўзи учун анча қулайроқ бўлади”, дейди Freedom for Eurasia нодавлат ташкилоти раиси, ҳуқуқшунос Лейла Назгул Сеитбек.
Очиқ тижорат реестрларида Отабек Умаров президент хавфсизлиги хизмати раҳбарининг ўринбосари бўлиб ишлаган даврида бирор компания эгаси сифатида қайд этилмаганини кўриш мумкин.
“Савол туғилади: агар у бу мулкларни ўз номига ўтказган бўлса, демак, у ўзини уларнинг эгаси деб тан оляпти. Бу нима? Масалан, қандайдир ҳадями? У бу мулкларни нима эвазига олган, тушуняпсизми? Шу ерда жиддий манфаатлар тўқнашуви ҳақида шубҳа пайдо бўлади. Яъни, у қандай қилиб, қандайдир расмий маошга эга бўлган ҳолда бу мулкларни орттирган? Эҳтимол, ҳужжатларда унинг маоши қайд этилган. У Хавфсизлик хизмати раисининг ўринбосари сифатида олган маоши, ҳозир эса Олимпия қўмитаси раисининг ўринбосари сифатида олаётган маоши, шубҳасиз, бу квартираларни сотиб олиш учун етарли эмас. Демак, бу пуллар қаердан пайдо бўлган? Бу маблағларнинг манбалари қандай? Масаланинг асосий саволи айнан шунда”, дейди Central Asia Due Diligence таҳлил маркази раҳбари Алишер Илҳомов.
“Dubai Unlocked” рўйхатидаги ўзбеклар
Кузатувчиларга кўра, молиявий махфийлиги ва нисбатан паст солиқлари билан танилган Дубай дунёдаги бой ва қудратли шахслар ўз бойликларини сақлаш учун танлайдиган қулай манзиллардан бирига айланган.
Бу OCCRPнинг 2024 йилдаги “Dubai Unlocked” суриштирувида ҳам акс этган.
“Dubai Unlocked” — OCCRP сўнгги бир йил давомида Дубайдаги кўчмас мулк эгалиги бўйича мувофиқлаштирган бир нечта суриштирувлардан биридир. У БААдаги кўчмас мулк маълумотларининг сиздирилишига асосланган. Бу маълумотлар Дубайда турли хил шахслар кўчмас мулкка эгалик қилганини кўрсатади. Улар орасида уюшган жиноий гуруҳлар вакиллари, коррупцияда гумон қилинган амалдорлар, фирибгарликда айбланган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қидирилаётган шахслар ҳам бор. Яъни, Дубайда кимлар кўчмас мулкка эгалик қилгани ва ўз пулларини у ерга жойлаштиргани ҳақида турли хил шахслардан иборат кенг доира мавжуд”, дейди OCCRP бош муҳаррири Миранда Патручич.
Ушбу суриштирув доирасида Дубайдаги 800 мингдан зиёд кўчмас мулк ҳақидаги маълумотлар таҳлил қилинди. Улар орасидан санкцияга учраган сиёсатчилар, жиноятларда гумон қилинган шахслар, шунингдек, жамоатчилик эътиборидаги мансабдорлар, уларнинг қариндошлари ва яқинларига тегишли объектлар ҳам аниқланган.
"Махфий паспорт & мулклар" суриштирувидан скриншот
Ўша суриштирувда Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурори Рашитжон Қодировнинг ўғли — Алишербек Қодиров Дубайда умумий қиймати қарийб 8 миллион доллар бўлган тўртта офисга эгалик қилгани ҳам аниқланган. Бу эса алоҳида суриштирув мавзуси.
Эндиликда Отабек Умаровнинг номи ҳам Дубайдаги кўчмас мулклар билан боғлиқ ҳужжатларда пайдо бўлди.
“Шу тарзда бойиб кетган ва ҳокимиятга яқин шахслар ўзлари пул орттираётган тизимга ишонмайди. Албатта, улар ўз пулларини шу тизимнинг ўзида сақлашга етарлича ишонмайдилар. Улар бир кун келиб имтиёзли мавқеи тугаши, активлари тортиб олиниши, пуллари мусодара қилиниши ва ҳоказолар мумкинлигини тушунадилар. Улар буни жуда яхши англайдилар. Нега буни тушунадилар? Чунки буни ўзлари саноқсиз марта қилганлар. Улар бу қандай амалга оширилишини яхши биладилар. Шунинг учун бойликни мамлакат ташқарисида сақлаш улар учун муҳим аҳамиятга эга. Чунки ҳозирда алоҳида мавқе ва имтиёзларга эга бўлиб, шу мавқеидан бойлик орттириш учун фойдаланаётган одамлар ҳам бир кун келиб бу имтиёзларидан маҳрум бўлишлари мумкинлигини яхши тушунадилар”, дейди Freedom for Eurasia нодавлат ташкилоти раиси, ҳуқуқшунос Лейла Назгул Сеитбек.
Ойбек Умаров нега бу квартираларни акасига ўтказгани номаълум. Бундай ўтказма ўз-ўзидан қонунбузарликни англатмайди.
Коррупция ва пул ювишга қарши кураш бўйича мутахассислар сиёсий таъсирга эга шахслар ўртасида миллионлаб долларлик активлар ўтказилиши маблағ манбаси ва мулкнинг ҳақиқий эгаси ҳақида қўшимча текширув талаб қилиши мумкинлигини айтади.
“Биласизми, Ўзбекистон амалдорлардан шаффоф бўлиш талаб қилинадиган мамлакат эмас. Бу ерда амалдорлар ўз даромадлари ва активлари ҳақида жамоатчиликка маълумот бериб борадиган, амалдорлар ноқонуний даромад олмаётгани, расмий даромадлари билан сотиб олишга қурби етмайдиган активларга эгалик қилмаётгани ёки ўз бойликларининг келиб чиқишини тушунтириб бера олишига жамоатчилик ишонч ҳосил қилиши мумкин бўлган тўлақонли активлар декларацияси тизими мавжуд эмас. Шунинг учун, ҳа, амалдорлар одатда бундай маълумотлар бир кун келиб ошкор бўлади, деб ўйламайдилар. Аммо журналистлар амалдорларнинг хориждаги активларини аниқлаган ҳолатлар ҳам кўп бўлган”, дейди OCCRP бош муҳаррири Миранда Патручич.
Суриштирувда аниқланган маълумотларга нисбатан Ўзбекистон расмийларининг позициясини ўрганиш мақсадида Президент Администрацияси расмийларига саволлар йўлланди. Бироқ ҳозирга қадар Администрациядан ҳеч қандай жавоб келмади.
Озодлик суриштирувлари давом этади.