Озарбайжон расмийлари Москвага мамлакат ҳудудида Россиянинг “Россотрудничество” агентлиги фаолияти тўхтатилиши ҳақида расмий нота йўллашди. Бу ҳақда 6 февраль куни Report нашри ва Minval телеграм-канали каби расмий Бокуга яқин оммавий ахборот воситалари хабар қилишди. Кечга яқин бу борада Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги сайтида ҳам расмий хабарнома пайдо бўлди.
“Россия “Россотрудничество” агентлигининг Озарбайжондаги ваколатхонаси бўлиб ҳисобланган “Рус уйи” (“Русский дом”) ахборот-маданият маркази юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтган эмас”, дейилган ТИВ вакили Айхан Гажизаде баёнотида.
Иддаога кўра, “ташкилот Озарбайжон қонунчилигини жиддий равишда бузган”, шу сабабли “2025 йилнинг 3 февралида Россия томонига “Рус уйи” фаолиятини тўхтатиш ҳақида нота юборилган. Хабарномада Россия томонидан “тегишли чоралар кўриш” кутилаётгани урғуланган.
“Россотрудничество” раҳбари Евгений Примаков ТАСС агентлигига Озарбайжон расмийлари ҳақиқатан ҳам ташкилотнинг бу мамлакатдаги ваколатхонасини рўйхатдан ўтказишни талаб қилишгани, чунки ҳозирда у юридик қайддан ўтмаганини тасдиқлаган. Айни пайтда у “Рус уйи”ни ёпиш талаб қилинганини очиқ айтмаган. “Россотрудничество”нинг Бокудаги ваколатхонаси ходимлари РИА "Новости”га “ҳозирда Рус уйи одатдаги тартибда ишлаётган”ини маълум қилишган.
Примаковга кўра, Москва Бокудаги “Рус уйи”ни рўйхатдан ўтказишга доим тайёр бўлган, бироқ унинг мурожаатлари гўё жавобсиз қолган.
Report нашрининг манбалардан олинган маълумотларга таянган ҳолда ёзишича, Озарбайжон расмийларининг қарори Боку “ўз миллий манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича изчил йўналишдан боришда давом этмоқда ва ўзининг ички ишларига хориждан аралашилишига тоқат қилмоқчи эмас”лиги билан боғлиқ. Нашр аввалроқ Боку мамлакат ҳудудида АҚШнинг USAID агентлиги фаолиятининг тўхтатилишини талаб қилган. Мазкур ташкилот ҳозирда қайта тузилмоқда ва ўз дастурларининг аксариятини тўхтатиб қўйган.
Аввалроқ Озарбайжон расмийлари назорати остида бўлган Baku.tv Озарбайжондаги “Рус уйи” фаолияти ҳақида лавҳа тайёрлаган. Лавҳада “Рус уйи” ходимлари дўст бўлмаган, ҳатто жосуслик фаолиятида феълан айбланган. Ўшанда “Россотрудничество” раҳбари Евгений Примаков “Рус уйи”ни ҳимоя қилиб чиққанди. Унга кўра, ваколатхона “фақат ва фақат таълим, маданият, фан соҳаларидаги фаолият билан” шуғулланади.
Мазкур репортаж “Озарбайжон ҳаво йўллари” авиаширкати учоғи Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрида қулаганидан бир неча ҳафта ўтиб ёйинланган. Озарбайжон президенти Илҳом Алиев фожиага Россия алоқадорлигини билдириб, учоқ Грознийга қўнишга уринган пайтда у ерда Россия ҳаводан мудофаа тизими ишлаб турганини қайд этган. Алиев Россия расмийлари содир бўлган воқеа учун масъулиятни ўз зиммаларига олмаганини танқид қилган. Айни пайтда Боку фожиада ҳали расман Россияни айблаб чиққани йўқ.
“Россотрудничество” федерал агентлиги Россия Ташқи ишлар вазирлиги назорати остидаги давлат идораси бўлиб, хориждаги ватандошлар билан ҳамкорлик, “Россиянинг дунёдаги гуманитар таъсирини кучайтириш” ва “хорижий ўлкаларда замонавий Россия ҳақида объектив тасаввурни ёйиш” кабилар унинг вазифасига киради, дея қайд этган “Холод” нашри. Агентликнинг ўзи 2022 йил июлидан буён ЕИнинг санкция рўйхатига киритилган, бироқ аввал Россия фан ва маданият марказлари деб аталган “Рус уйлари” Европанинг айрим мамлакатларида ўз ишларини давом эттиришмоқда.