Озарбайжон Россиянинг федерал телеканалида янграган “душманона мулоҳазалар” ортидан нота йўллади

Озарбайжон “Биринчи канал”да ёйинланмиш “Катта ўйин” (“Большая игра”) кўрсатувида янграган “душманона мулоҳазалар” юзасидан Россияга норозилик нотаси юборди. Бу ҳақда Озарбайжоннинг Москвадаги элчихонаси маълум қилди.

“Кўрсатувда келиб чиқиши арман бўлган россиялик сиёсатшунос ва таҳлилчилар Озарбайжонга қарши очиқ-ойдин хуружлар қилишди, Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлиги шубҳа остига қўйилди, намойиш қилинган жўғрофий харита эса янглиш эди”, дейилган хабарномада.

Элчихона қайдича, давлат телеканали ёйинида нохолис мулоҳазалар қўлланилиши ва ошкора сиёсий провокацияларга йўл берилиши фақат мамлакат президенти томонидан бир неча бор очиқланган Россиянинг расмий позициясига зид бўлиб қолмай, минтақада узоқ муддатли тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш учун қўйилган қадамларга путур етказади.