Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Украинага гуманитар ёрдам кўрсатиш учун бир миллион доллар миқдорида маблағ ажратиш тўғрисида фармойиш имзолади. Бу ҳақда давлат раҳбари сайти орқали маълум қилинди.
Мазкур маблағ Озарбайжон Энергетика вазирлигига берилади, вазирлик эса электр билан ишлайдиган жиҳозлар сотиб олиб, уларни Украинага йўллайди.
Озарбайжон президенти фармойишида Боку билан Киев ўртасидаги муносабатлар дўстлик ва ҳамкорлик заминида ривожланаётгани қайд этилган.
“Украинада юзага келган вазият туфайли Озарбайжон давлати Украина халқига бир неча бор инсонпарварлик ёрдам йўллади”, дейилган ҳужжатда.
2023 йилда Озарбайжон инсонпарварлик ёрдами ўлароқ Украинага 7,6 миллион долларлик электр жиҳозлар йўллаган.
Россия томонидан Украинага кенг кўламли босқин бошланганидан кейин Алиев Боку Украинанинг ҳудудий яхлитлигини дастаклашини билдирган.
“Биз бошқа мамлакатлар каби Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаймиз ва бу ҳақда дарахт ортига беркинмай, очиқ-ойдин айтамиз”, деган у.
Ўтган йилнинг сентябрь ойида Боку озарбайжонлик уч фуқаро Нихад Рзаев, Элхан Ширинов ва Вугар Магеррамов Чеченистонда қўлга олиниши муносабати билан Россиядан Озарбайжон фуқароларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлашни талаб қилган эди. Озарбайжон расмийлари улар Украина урушига мажбуран йўлланганини иддао қилган.