Саратонни енгадиган дори кашф қилганини айтган ўзбек олими Нобелга умид қилмоқда

Кимё фанлари доктори Рустам Нуриддинов Озодлик студиясида, 2017 йил, 13 июн.

Ўзбекистонлик олим, кимё фанлари доктори Рустам Нуриддинов, Озодликнинг Прагадаги студиясида суҳбат тугаб, мухбир билан хайрлашаркан, “Хуллас, Нобель мукофоти томон кетаяпмиз”, деди кулиб.

Rigard Farmsintez Латвия-Ўзбекистон қўшма корхонаси бош директори, 64 яшар Рустам Нуриддинов узоқ йиллар Латвияда ишлаган, номзодлик ва докторлик диссертацияларини шу мамлакатда ёқлаган.

Прагага хизмат сафари доирасида Озодликка берган суҳбати давомида олим ўтган йилнинг ёзида шов-шув бўлган кашфиёти тўғрисида айтиб берди.

2016 йилнинг ёзида “Ўзбек фармацевти саратонни тумов каби осон даволаш йўлини топди”, деган сарлавҳа сайтлардан сайтларга кўчган эди.

Ўшанда Озодлик бу мавзуни ўрганишга уриниб, Тошкентдаги Республика Онкология илмий марказининг Саратонга қарши препаратлар яратиш лабораторияси ходими, тиббиёт фанлари доктори Зулфия Еникеева билан суҳбатлашган, доктор Нуриддиновнинг ўзи билан боғлана олмаган эди.

Доктор Еникеева ҳамкасби тўғрисида бундай деган:

- Рустам Нуриддиновни шахсан танийман. У ўзимизда, Тошкент университетнинг кимё факультетида ўқиган. Кейин Ригага кетган ва номзодлик ва докторлик диссертацияларини ўша ерда ёқлаган. У иммунитетни кучайтирувчи, ўсмага қарши Леакадин препаратининг, спортчилар билан боғлиқ жанжалга сабаб бўлган, лекин юрак-қон томир касалликларидан азият чекаётган беморлар учун зарур бўлган Мельдронат препаратининг яратилишида иштирок этган. Мен Рустамни яхши одам ва жиддий олим сифатида танийман, ҳамкасблари уни ҳурмат қилади.

Доктор Еникеева ўтган йили Озодликка берган суҳбати чоғида “Рустам Нуриддинов саратноннинг устидан ғалаба қозонди”, деган гапларга муносабат билдираркан,“Бу журналистлар уйдирган бемаъни гап”,- деб жавоб берган.

Кимё фанлари доктори Рустам Нуриддинов Озодлик студиясида, орқа планда журналист Сарвар Усмон.

Бироқ Рустам Нуриддинов 2017 йилнинг 13 июнида Озодликка берган суҳбати давомида у ўз ҳамкасблари билан ишлаб чиққан саратонга қарши препаратни ва уни тўғридан-тўғри касалланган ҳужайрага етказиш усулини "саратонга қарши кураш соҳасидаги муҳим янгилик", деб баҳолади.

Докторнинг айтишича, у аъзо бўлган гуруҳ янги препарат устидаги тадқиқотларни 2013 йили Швейцарияда ўтказган.

Препарат патентланган, тадқиқот натижалари 2013 йили Флоренцияда ўтказилган илмий анжуманда эълон қилинган.

Қуйида кимё фанлари доктори Рустам Нуриддинов билан суҳбатни эътиборингизга ҳавола қилаяпмиз. Суҳбатни мутахассислар ҳам тинглашига, ўз фикрларини тингловчиларимиз билан ўртоқлашишига умид қиламиз.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Кимё фанлари доктори Рустам Нуриддинов билан суҳбат