Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги раҳбари қўлга олинди

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Омонулло Юнусов Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўз ишхонасидан қўлига кишан солиниб¸ олиб кетилган. Озодлик эга бўлган маълумотга кўра, 57 яшар Юнусов Тошкентнинг Юнусобод туманидаги “Гвардейский” дея аталадиган МХХ тергов изоляторида ушлаб турилибди.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларидаги ва ҳукуматга яқин ишончли манбаларнинг Озодликка айтишича Ўзбекистон матбуоти ва ноширлигини назорат қилувчи агентлик раҳбари Юнусов 22 август душанба куни қўлга олинган. (24 август куни ҳам ҳибсда қолаëтгани Озодликка маълум).

Ўзбекистондаги нашриëтлардан бирида ишловчи ва исми сир қолишини истаган мулозимнинг айтишича¸ Юнусов агентлик тизимидаги “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа уйи раҳбариятига қарши қўзғатилган жиноят иши доирасида сўроқ қилинмоқда.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларидаги мулозим Юнусов “Давлат бюджетидан китоб нашр қилиш учун ажратилган маблағларни талон-тарож қилиш билан боғлиқ” тергов асносида суриштирилаëтганлигини иддао қилди.

Юнусовнинг қўлга олингани агентлик мулозимлари тарафидан сир тутилмоқда.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги раҳбари қўлга олинди

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги расмий интернет саҳифасида 24 август куни ҳам Юнусов Омонулло Ҳамидуллаевич номи агентлик Бош директори мақомида турибди.

Айбсизлик презумпцияси нуқтаи назаридан Озодлик Юнусов Омонуллога қўйилаëтган айблов иддаоларни тарқатмасликни маъқул кўрди.

Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаси Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги тизимидаги нашриëтларда бундан икки ярим ой олдин кенг кўламли тафтишлар бошланганини айтди.

Мулозим иддаосига кўра, Тошкент шаҳар прокуратураси ва Ўзбекистон Молия вазирлигининг назорат тафтиш бошқармаси томонидан “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа уйида олиб борилган тафтишлар чоғида 2,2 миллиард сўмлик камомад аниқланган.

“Ўзбекистон” нашриёт-матбаа уйи раҳбари ва бошқа ходимлар ҳозирги кунда Ўзбекистон қонунчилигининг талон-тарожлик, мансаб сохтакорлиги сингари жиноятларда айбланаëтгани борасида ҳам Озодлик манбаси маълумот берди.

Омонулло Юнусов 2005-13 йилларда мамлакатда турдош корхоналар орасида монополист ҳисобланган “Шарқ” матбаа концернига раҳбарлик қилган.

2013 йилдан бери у Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори лавозимида ишлаб келмоқда.

Агентлик саҳифасида айтилишича¸ бу ташкилот матбуот¸ ноширлик¸ матбуот нашрлари ҳамда даврий нашрларни тарқатиш соҳасида давлат сиëсатини амалга оширадиган бошқарув органидир.