Арманистон бош вазири Никол Пашинян Миллий йиғинда (парламент) қилган чиқиши чоғида мамлакат Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан (КХШТ) чиқишга ҳозирланаётганини маълум қилди, дея хабар қилди Озодликнинг арман хизмати. Бу ҳақда ТАСС ва “Интерфакс” агентликлари ҳам хабар қилишган.
“Сизлар нима деб ўйлайсизлар? Кейинги қадам қандай бўлиши лозим? Сиз ортга қайтамиз, деб ўйлайсизми? Йўқ, бошқа йўл йўқ. Хавотир олманг, ортга қайтмаймиз”, дея билдирган Пашинян.
У мамлакатнинг КХШТга киргани учун айбни мамлакатнинг аввалги расмийларига юклади. Пашинянга кўра, улар “аъзолари шартномадаги ўз мажбуриятларини бажармайдиган пуфак-иттифоқни тузганлар”.
Жорий йилнинг февраль ойида Пашинян Арманистон КХШТдаги ўз аъзолигини “музлатиб қўйгани”ни билдирган эди. Баҳорда мамлакат ташкилотни молиялаштиришни тўхтатиб қўйганди. Аввалроқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги Арманистоннинг КХШТ олдидаги молиявий мажбурияти сақланаётганини маълум қилган.