Ишчилар пахтада, имом, отинойи ва дастурхончилар терим отрядлари тузмоқда

Озодлик архивидан.

Бухоро ва Қашқадарëдаги завод-фабрикалар, аҳолига хизмат кўрсатувчи корхона, ташкилот ва муассасалар ишчилари 17 сентябрдан бошлаб пахта теримига чиқарилди.

Фарғона водийсидаги имомлар ва дастурхончилар эса, аҳолини пахтага олиб келишга сафарбар қилинди.

Бухоролик ишчиларнинг Озодлика айтишича¸ улардан “ўз ихтиëрим билан пахтага чиқдим”, деган тилхат ëздириб олинган.

Ўзини “Пахта-2018” республика штаби масъули", деб таништирган мулозимнинг айтишича¸ 11 сентябрь куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ўтказган селектор йиғилишида ўқитувчи ва шифокорлардан ташқари барча ишчи-ҳизматчиларни пахтага сафарбар қилиш буюрилган.

- Бу борада селектор якунларига оид 05-01-296 рақамли баëннома бор. Бу баëнномада ишчиларнинг оммавий равишда пахтага юборилиши кўрсатилган, деди мулозим.

Озодликка маълум бўлишича¸ Ўзбекистонинг барча вилоят ҳокимликларида “Пахта-2018” йиғим-терим мавсумига ходимларни жалб қилиш тўғрисида фармойишлар қабул қилинган.

Озодликда Сурхондарë хокимининг “терим отрядлари тузиш” ҳақидаги Ф-244 фармойиши ва бу фармойиш асосида Сурхондарë электр тармоқлари идорасига юборилган кўрсатма нусхаси мавжуд.

Бу кўрсатмага кўра¸ электр тармоқлари идорасининг “шаҳар ва туман бўлимлари ва хизматгоҳларида ишлайдиган ходимларининг пахта-йиғим теримига жалб қилиниши” таъминланиши керак.

Кўрсатмада пахтага чиққан ходимларнинг терим нормасини бажариши устидан доимий назорат ўрнатилиши ҳам таъкидланади.

Озодлик суҳбатлашган “Бухородонмаҳсулотлари” ширкатида ишлайдиган тегирмончига кўра¸ айни ташкилот ишчилари ëппасига пахтага чиқарилган.

- "Пахтага ўз ихтиëрим билан чиқдим", деб тилхат ëздириб олишди¸ деган суҳбатдош айни тилхат нусхасини Озодликка тақдим қилди.

Озодликка маълум бўлишича¸ Қўқон ëғ-мой комбинати ишчиларининг ярмиси 7 сентябрь куни бир ой муддатга Жиззах вилоятига пахтага юборилган. Айни завод ишчисига кўра¸ ишчиларнинг қолган ярми 7 октябрдан бошлаб бир ойга Жиззахга пахта теришга боради.

Данғара туманидаги Озодлик мобил мухбирига кўра¸ айни туман сув хўжалик идораси ва банк хизматчилари ҳам мажбуран пахтага юборилган.

Муллалар терим отрядлари ташкил қилмоқда

Андижон вилоят, Шаҳрихон шаҳридаги мобил мухбиримизга кўра¸ маҳаллий имомлар¸ отинойи ва дастурхончиларга терим отрядлари тузиш буюрилган:

- Имомлар маҳалла ҳудудидаги эркаклар¸ олдин қора рўйхатда бўлганларни йиғиб терим отрядлари тузиб беришди. Отинойи ва дастурхончилар эса маҳалла хотин-қизларидан иборат терим отряди тузишди.

Унга кўра¸ маҳаллалардаги кам таъминланган оилалар пахтага чиқишга мажбурланмоқда:

- Акс холда уларга бериладиган ëрдам пули кесиб ташланиши ҳақида тахдид қилинди.

Маҳаллий матбуот бу йилги пахта теримига 2 миллиондан ортиқ теримчи жалб қилиниши ва шу мақсадда мамлакат бўйича жами 26 мингдан ортиқ "кўнгилли отряд" ташкил этилишини билдирди. Бу "кўнгилли" отрядларнинг кимлардан ташкил топиши ҳақида ҳозирча расмий хабар берилмади.