Покистонда автобус ағдарилиши оқибатида камида 19 киши ҳалок бўлди

Балужистондаги авариялардан бири.

Покистон жануби-ғарбида жала ёғиши оқибатида давонда кетаётган автобус йўлдан чиқиб кетиб ағдарилди. Бунинг оқибатида камида 19 киши ҳалок бўлди.

Балужистон вилоятидаги Ширани округи расмий вакили Маҳтоб Шох автобусда 35 йўловчи бўлганини айтди. Айни пайтда аврия жойида қутқарувчилар ишламоқда.

Автобус Исломободдан Кветтага кетаётган эди. Барча йўловчилар катта ёшдаги эркаклар бўлган. Ағдарилиш оқибатида тан жароҳати олган йўловчилардан айримларининг аҳволи оғир экани айтилмоқда.

Покистонда кўп қурбонлар бериладиган бу каби йўл-транспорт ҳодисалари тез-тез содир этилади. Бунга инфраструктуранинг ёмонлиги, автомашиналар техник ҳолатининг қониқарли эмаслиги ва ҳайдовчиларнинг йўл қоидаларига амал қилмаслиги сабаб қилиб кўрсатилади.

Ўтган ойда Балужистоннинг бошқа бир туманида ҳам автобус довондан жарга қулаб тушган ва 22 киши ҳалок бўлганди.