Покистонда сув тошқинлари оқибатида озиқ-овқат инқирози юзага келмоқда

Покистон ҳудудининг 25 фоизида сув тошқинлари юз берган.

Покистон ҳукумати июль ойидан бери давом этаётган сув тошқинлари оқибатида турли касалликлар тарқалиши ва озиқ-овқат етишмовчилиги юзага келишидан ташвиш билдирди.

Баёнотда таъкидланишича, Покистон ҳудудининг 25 фоизида сув тошқинлари юз берган. 31 августдан бошлаб кўп ҳудудларда сув тошқинлари тўхтаган. Табиий офат оқибатида камида 1100 киши ҳалок бўлди, бир миллионга яқин турар жой бинолари вайрон бўлди ва бир неча ўн миллион покистонлик зарар кўрди.

БМТ донор давлатларга мурожаат қилиб, Покистонга зудликда камида 160 миллион долларик ёрдам кўрсатишга чақирди. Расман билдирилишича, табиий офат оқибатида 220 миллион аҳоли яшайдиган Покистонда 500 минг киши уйларини ташлаб, хавфсиз ҳудудларда ташкил этилган лагерларда яшашга мажбур бўлмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Покистондаги ваколатхонаси сув тошқини юз берган ҳудудларда тез тиббий хизмат кўрсатиш, эпидемик назоратни кучайтириш ва касалликлар тарқалигининг олдини олиш чоралари кўрилаётганини билдирди.

Бош вазир Шаҳбоз Шариф бу Покистон тарихидаги энг кучли сув тошқини бўлганини айтди. 31 август куни қилган чиқишида Шариф “шолизорлар вайрон бўлгани”, “мева-чевалар ва сабзавотлар ҳосили тўлиқ йўқ бўлгани” ва 700 минг бош чорвани сув оқизиб кетганини айтди.