Покистонда ширкда гумонланган эркак тошбўрон қилинди

Покистоннинг Панжоб вилояти Ханевал қишлоғида 13 февраль куни ғазабланган оламон Қуръонни ҳақорат қилганликда гумонланаётган шахсни тошбўрон қилиб ўлдирди.

Маҳаллий полициянинг билдиришича, қишлоқдаги масжид қоровули аҳолига 12 февраль куни кечқурун бир эркак масжидда Қуръон китобини ёқиб юборганини кўргани ҳақида миш-миш тарқатган.

Полиция воқеа жойига келиб, тошбўрон қилинаётган шахсни қутқаришга ҳаракат қилган. Аммо бир неча юз кишидан иборат бўлган оламон полициячиларга тўсқинлик қилиб, эркакни ўлдирган. Полиция мазкур ҳодиса юзасидан бир неча ўн киши қўлга олинганини маълум қилди.

“Биз ҳеч бир одамга қонун ўрнини босишга изн бермаймиз. Самосуд қилганлар қонун олдида сўзсиз жаоб беради”,-деб ёзди Бош вазир Имрон Хон Twitter саҳифасида.

Бош вазирнинг диний ишлар бўйича махсус вакили Тоҳир Ашрафий телевидения орқали қилган чиқишида “тошбўрон қилинган одам руҳий бемор бўлган, унинг оиласи у 10-15 йилдан бери руҳий жиҳатдан соғлом бўлмаганини билдирди”,-деб айтди.

Покистонда ширкда гумонланган шахсларни тошбўрон қилиш ҳолати тез-тез содир этилади. Ҳуқуқ фаолларига кўра, бундай тошбўронлар диний озчилик вакилларини қўрқитиш ёки ўч олиш мақсадларида уюштирилади.

Покистонда ширк келтирган шахсларга қонун бўйича ўлим жазоси белгиланади.