Кузбассдаги шахтада юз берган портлашда 11 киши ҳалок бўлди, ўнлаб кончи ер остида қолмоқда

"Листвяжная" кўмир конида қутқарувчилар ер остидан 230 кончини олиб чиқди.

Россиянинг Кемерово вилояти Белов шаҳридаги "Листвяжная" кўмир конида юз берган портлаш оқибатида, сўнгги хабарларга қараганда, 11 киши ҳалок бўлди, камида 40 кончи жароҳатланди. Бундан ташқари яна ўнглаб кончи ер остида қолмоқда. Бу ҳақда Кемерово вилоят губернатори Сергей Цивилёв маълум қилди.

Расман билдирилишича, портлаш юз берган конда 285 шахтер ишлаётган эди. Айни пайтда улардан 230 нафари ер устига олиб чиқилди. Шахтада яна 48 ёки 49 киши қолмоқда. Улар билан алоқа узилган.

Портлаш 250 метр ер остида юз берди. Дастлабки таҳминларга кўра, портлашга кондаги техниканинг носозлиги сабаб бўлган.