Фейсбук таниқли сиёсатшунос Алишер Илҳомовни "ўлди"га чиқарди

Лондондаги Central Asia Due Diligence (CDD) таҳлил маркази директори Алишер Илҳомов.

Буюк Британияда яшаётган ўзбекистонлик сиёсатшунос Алишер Илҳомовнинг Facebook саҳифасида «Ёрқин хотира» деган ёзув пайдо бўлди. Бу — инсоннинг вафоти ҳақида хабар берилганидан сўнг унинг профили ўтказиладиган хотира режими.

Аслида, Илҳомов ҳаёт ва соғ-саломат. Сиёсатшунос ва Central Asia Due Diligence таҳлил ташкилоти раҳбари «Азаттык Азия» таҳририятига унинг аккаунти биринчи марта блокланаётгани йўқлигини айтди.

«2026 йил апрелида ўз саҳифамга кириш имконимни ёпиб қўйишди. Facebook профилимни фақат август бошида қайтаришга муваффақ бўлдим. Аммо бу узоққа чўзилмади, — дейди Илҳомов. — 27 август куни яна ўз логиним билан кира олмадим. Meta қўллаб-қувватлаш хизматига бир неча бор хат ёзиб, тирик эканимни тушунтирдим. Тизим талаб қилган зарур ҳужжатларни, жумладан, ўз суратимни ҳам юкладим. Аммо ҳозиргача жавоб олмадим».

Сўнгги пайтларда Марказий Осиёдаги ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар, фуқаролик фаоллари, мустақил оммавий ахборот воситалари ва журналистлар ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлари блокланишига тобора кўпроқ дуч келмоқда. Аммо вафот ҳақидаги ёлғон хабар асосида аккаунтнинг хотира режимига ўтказилиши мисли кўрилмаган ҳолатдир.

«Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари» ассоциацияси Алишер Илҳомовнинг вафоти ҳақидаги билдиришнома унинг қариндошлари, дўстлари ва ҳамкасблари орасида жиддий хавотир уйғотганини билдирди.

«Ҳозирча хотира мақомининг ноқонуний ўрнатилиши аккаунт бузиб кирилиши, Facebook’ка ёлғон маълумот тақдим этилиши ёки бошқа рухсатсиз аралашув оқибати бўлган-бўлмагани номаълум, — дейилади ассоциация баёнотида. — Текширув натижалари олинмагунча бу қандай усулда амалга оширилганини ишончли тарзда айтиб бўлмайди».

Ҳуқуқ ҳимоячилари вафот ҳақидаги ёлғон хабар Марказий Осиёдаги сиёсий воқеалар бўйича профессионал шарҳлари билан танилган экспертни мақсадли қўрқитиш ва унга рақамли босим ўтказиш шакли бўлиши мумкинлигини истисно этмаяпти.

Илҳомов ўзининг вафоти ҳақидаги хабарни бемаъни деб атади. У бу вазиятдан муайян фойда ҳам чиқара олганини айтди:

«Умуман олганда, Facebook’сиз вақтимни ёмон ўтказмаяпман. Ҳозир Лондонда “рақамли санъат” жанрида яратган ишларим кўргазмаси ўтказилмоқда. Шунинг учун ҳозирча ижтимоий тармоқларсиз яшаб, ўзимга кичик рақамли танаффус бердим».

Алишер Илҳомов — Марказий Осиё бўйича тадқиқотчи. У 2004 йилдан бери Буюк Британияда яшайди. 2022 йилда Central Asia Due Diligence нотижорат ташкилотига асос солган ва шундан бери унга раҳбарлик қилиб келмоқда.

Илҳомов давлат қурилиши, инсон ҳуқуқлари ва постсовет Ўзбекистон тараққиёти каби кенг доирадаги мавзуларга бағишланган юздан ортиқ илмий ва таҳлилий мақолалар муаллифидир. У илмий фаолиятдан ташқари фотография билан ҳам шуғулланади.