OzodDayjest: Самарқандда қутурган ит тишлаган йигит шифокорлар эътиборсизлиги сабабли оламдан ўтди

Иллюстратив сурат.

Тошкентда қирққа яқин даҳшатли жиноят содир этган тўда 22 йилдан кейин қўлга олинди. Нурободлик йигит қутурган ит тишлаши оқибатида вафот этди. Ўзбекистон маданият вазирлиги мулозими тарихий обидаларни сақлаш бўйича ЮНЕСКО талаблари бажарилмаганини тан олди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Тошкентда қарияларни ўлдирган тўданинг жиноятлари 22 йилдан кейин фош этилди

Тошкент шаҳрида кекса ва ногирон қарияларни ўлдирган жиноий гуруҳнинг қилмиши орадан 22 йил ўтиб фош қилинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот мультимедиа маркази бир қатор матбуот нашрлари орқали хабар тарқатди. Жиноий гуруҳга 1965 йилда туғилган, 4 фарзанднинг онаси Инобат Алматова бошчилик қилган. Жиноий гуруҳ мудҳиш режалар асосида қарияларни ўлдириб, мол-мулкини ўғирлаган. Масалан, Инобат Алматова 1921 йилда туғилган Мария Шишкинанинг оқкўнгиллигидан фойдаланиб, унинг уйида ижарачи бўлиб олган. Сўнг кекса аёлга уйқу дори қўшилган ширинлик беришга уринган. У рад этгач, жиноий шерикларини чақириб, ҳимоясиз кекса аёлни калтаклаб, бўғиб ўлдиришган ва уйидаги қимматбаҳо буюмларни ўғирлаб кетишган. Шу тариқа жиноий гуруҳ 1996-2004 йиллар давомида бу каби 38 та даҳшатли жиноятни содир этган. Одамлар орасида ваҳима уйғотган жиноятларни орадан йиллаб ўтиб Бош прокуратура фош қилган. Жиноий гуруҳ аъзолари узоқ йилларга қамалгани хабар қилинган.

Қутурган ит тишлаган йигит шифокорлар эътиборсизлиги туфайли вафот этди

Самарқанд вилояти Нуробод туманида яшовчи йигит қутурган ит тишлаши оқибатида вафот этди (“Ҳуқуқ”, 8 ноябрь). Исми ошкор этилмаган шахс велосипедда кетаётганида тўсатдан қутурган ит ташланиб, тишлаб олган. Итнинг тиши чуқур ботиб, жароҳатланган. Сўнг у вакцина олиш мақсадида туман марказий поликлиникасига борган. Аммо шифокор амалдаги тартиб-қоидаларга риоя қилмаган, яъни беморни диспансер ҳисобига олиб, зарурий муолажаларни қилмаган. Туман ветеринария бўлими, ИИБ ва ДСЭНМга шошилинч хабар йўлламаган. Енгил укол қилиб, йигитга жавоб бериб юборган. Орадан вақт ўтиб, йигитнинг аҳволи оғирлашган ва юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Аммо бу вақтда касаллик организмни енгиб бўлган эди. Йигит шифохонада вафот этган. Суд-тиббий экспертизаси шифокорлар беморни вақтида эмлаганида жароҳат унинг ҳаётига хавф солмагани ҳақида хулоса берган. Суд ҳукми билан бир инсон ўлимига сабаб бўлган шифокорга 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Маданият вазири ўринбосари: Ўтган 25 йилда тарихий обидаларимизни ЮНЕСКО талаби бўйича асрай олмадик

Ўтган 25 йил ичида Ўзбекистонда ЮНЕСКОнинг тарихий обидаларни асл ҳолида сақлаш бўйича талаблари бажарилмади (“Даракчи”, 8 ноябрь). “Бутун дунёда ЮНЕСКО томонидан жорий этилган талабларга кўра, тарихий бинолар, обидалар асл ҳолида сақланиб қолиши, уларни томоша қилиш учун келган сайёҳлар ўзини бевосита тарихий муҳит ичида тургандек ҳис қилиши лозим. Афсуски, ўтган йигирма беш йил ичида биз ана шу талабларга риоя қилмадик. Обидаларни сақлаб қолиш масалаларини назорат қиладиган тизим аста-секин издан чиқди. Жорий йилда ЮНЕСКО раҳбарияти томонидан Шаҳрисабзни Бутунжаҳон маданияти мероси рўйхатидан чиқариш масаласи жиддий муҳокама қилинди. Биз ҳозирча ана шу масалани кечиктиришга, имкон даражасида Шаҳрисабзни шу рўйхатда сақлаб қолишга уриняпмиз”, дейди Маданият вазирининг ўринбосари Камола Оқилова. Вазирлик ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши раиси Зафар Ҳакимов эса ўзбекистонлик мутасаддилар бир пайтлар Алишер Навоийнинг Ҳиротдаги мақбарасини тиклашда ҳам катта хатога йўл қўйгани, XV асрда қурилган бино таг-туги билан бузиб ташлангани ва буткул янгидан қурилганини ёдга олган.