Июль ойи охирида Россия президенти Владимир Путин Қозоғистон ва Ўзбекистон билан ҳарбий-техник ҳамкорликка оид келишувларни ўзгартириш бўйича топшириқ берди. Амалдаги ҳужжатлар Москва билан Остона ўртасида 2013 йилда, Тошкент билан эса 2016 йилда имзоланган. Мазкур келишувлар қурол-яроғ ва ҳарбий техника етказиб бериш, ҳарбий мақсаддаги маҳсулотлар алмашинуви ҳамда технологиялар трансферини тартибга солади. Аммо Кремль нима учун айнан ҳозир, Украинадаги уруш давом этаётган бир пайтда, бу келишувларни қайта кўриб чиқишга қарор қилди, деган савол очиқ қолмоқда.
Ҳозирча Россия Қозоғистон ва Ўзбекистон билан тузилган ҳарбий-техник ҳамкорлик келишувларининг айнан қайси қисми ўзгартирилаётганига ойдинлик киритилмаган.
«Озод Европа/Озодлик радиоси»нинг сўровига Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жавоб бермаган. Қозоғистон Мудофаа вазирлиги эса ҳужжатлар устида иш тугалланмагунча уларнинг мазмуни юзасидан изоҳ берилмаслигини маълум қилган.
Вазирлик баёнотида, чекланган маълумотлар тоифасига кирмайдиган маълумотлар келишувлар тайёр бўлгач расмий манбалар орқали жамоатчиликка етказилиши айтилган.
Нега айнан ҳозир?
Янги ҳужжатларда нималар бўлиши мумкинлигини тахмин қилиш учун ҳозир Россияда кечаётган жараёнларга назар ташлаш лозим.
Москва 2022 йилда Киевга қарши бошлаган уруш аста-секин Россия ҳудудига ҳам кўчмоқда. Украина дронлари мамлакатнинг турли ҳудудларидаги нефтьни қайта ишлаш заводлари ва саноат объектларига мунтазам ҳужум уюштирмоқда.
Маркетплейслар омборлари ёнаётир, фуқаролик инфратузилмаси ҳам зарбалар остида қолмоқда. Бу Россия ҳарбий-саноат комплекси учун қурол ишлаб чиқариш ва фронтга етказиб бериш нуқтаи назаридан қўшимча хатарларни келтириб чиқармоқда.
Бундан ташқари, мамлакат Ғарб давлатларининг қаттиқ санкциялари босими остида қолмоқда. Бу чекловлар Россия ҳарбий-саноат комплексига ҳам қаратилган.
Шу билан бирга, Россия жаҳон қурол бозоридаги мавқеини ҳам йўқотмоқда.
Стокгольм Халқаро тинчлик тадқиқотлари институти маълумотларига кўра, 2021-2025 йиллар оралиғида Россия қурол экспорти аввалги беш йиллик даврга нисбатан 64 фоизга қисқарган. Жаҳон қурол экспортидаги улуши эса 21 фоиздан 6,8 фоизгача тушиб кетган.
Сўнгги кўрсаткич Россия учун 70 йилдан зиёд вақт ичида қайд этилган энг паст даража ҳисобланади.
Россия қўшинлари Украинадаги урушга ботиб қолган бир пайтда Москва хориждаги қурол харидорларини ҳам йўқотмоқда.
Масалан, Россия қуролининг асосий импортчиларидан бири бўлган Ҳиндистон харид ҳажмини қисқартирди. Нью-Деҳли буни Украинадаги уруш туфайли етказиб беришдаги узилишлар билан изоҳлади.
Россия жаҳон қурол бозоридаги мавқеини йўқотаётган бир пайтда, унинг геосиёсий таъсир доирасидаги давлатлар ҳисобланган Қозоғистон ва Ўзбекистон Москва учун ҳарбий маҳсулотлар сотиш бозори сифатида қаралиши мумкинми?
Экспертлар фикрича, албатта мумкин. Аммо бу ерда муайян нозик жиҳатлар ҳам бор.
Ҳарбий-техник ҳамкорлик бўйича келишувлар фақат Россия маҳсулотларини экспорт қилишни назарда тутмайди. Уларда қарши йўналишдаги етказиб беришлар ҳам кўзда тутилган.
Урушгача бу нормалар нисбатан расмий тусда қабул қилинган бўлса, ҳозир вазият ўзгармоқда. Москва қурол сотиш бозорини сақлаб қолиш билан бирга қўшни давлатлар билан ҳарбий-саноат ҳамкорликни кенгайтиришдан ҳам манфаатдор бўлиши мумкин.
Ҳарбий ишлаб чиқариш Марказий Осиёга кўчирилиши мумкинми?
Лондонда жойлашган Central Asia Due Diligence таҳлил маркази раҳбари Алишер Илҳомовнинг фикрича, янги ҳужжатларга кўра Россия ҳарбий ишлаб чиқаришнинг бир қисмини Қозоғистон ва Ўзбекистонга кўчиришга ҳаракат қилиши мумкин.
Бу орқали Москва ишлаб чиқариш қувватларини Украина зарбаларидан ҳимоя қилишга уринмоқда.
Таҳлилчи қайд этишича, ҳар икки давлат Совет Иттифоқидан нисбатан ривожланган саноат базасини мерос қилиб олган.
Масалан, Шарқий Қозоғистондаги «Семей инжиниринг» корхонаси Т-72 танклари ва бошқа бронетехникаларга хизмат кўрсатади.
Олмаотадаги 405-сонли авиатаъмирлаш заводи Ми-8 ва Ми-17 русумли вертолётларни таъмирлайди.
Ўзбекистондаги Чирчиқ авиатаъмирлаш заводи эса Ми-8, Ми-17 ва Ми-24 вертолётлари ҳамда Су-25 штурмовикларини таъмирлайди ва модернизация қилади.
Илҳомовнинг фикрича, ҳарбий ишлаб чиқаришни фуқаролик маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўринишида ниқоблаш орқали Тошкент ва Остонани Ғарб санкцияларидан муҳофаза қилишга уринишлар ҳам бўлиши мумкин.
Алишер Ильхамов
«Бу ҳам босим, ҳам қизиқтиришга уринишдир. Иқтисодий, молиявий ва моддий рағбат мавжуд. Ҳар икки давлат инвестициялар ва саноат буюртмаларига муҳтож. Россия ҳарбий-саноат корхоналари эса ҳозир зарбалар остида қолмоқда ва қиймат занжирларининг муайян бўғинлари узиляпти. Бу бўғинларни қандайдир тарзда тиклаш керак», дейди Илҳомов.
Алишер Илҳомовнинг айрим хулосаларига Forecast International таҳлил марказининг етакчи ҳарбий таҳлилчиси Дерек Бисаччо ҳам қисман қўшилади.
Унинг фикрича, келишувларни қайта кўриб чиқишда Ғарб санкциялари муҳим омил бўлган. Бу санкциялар нафақат Россия ҳарбий саноатига, балки Россияга икки мақсадли маҳсулотлар етказиб беришга ҳам қаратилган.
Бисаччо ўтган йили Москва қайта кўриб чиққан Қирғизистон билан ҳарбий-техник ҳамкорлик битимини мисол келтиради.
Мазкур протоколнинг фақат қисқача тавсифи очиқ манбаларда мавжуд. Унда томонлар ҳарбий маҳсулотлар етказиб бериш, таъмирлаш ва модернизация қилиш бўйича шартномалар тайёрлаш ҳамда уларни амалга ошириш тартибларини соддалаштиришга келишиб олгани айтилган.
Қирғизистон апрель ойида мазкур ҳужжатни ратификация қилди ва ўша ойнинг ўзида Европа Иттифоқининг иккиламчи санкцияларига дуч келди. Натижада мамлакатга айрим турдаги рақамли бошқарувли станоклар ҳамда радио жиҳозларини етказиб бериш тақиқланди.
Бисаччо фикрича, Россия Қозоғистон ва Ўзбекистон билан ҳам шунга ўхшаш ҳамкорлик механизмларини қўллашга ҳаракат қилиши мумкин.
Дерек Бисаччо
«Россия бошқа давлат ҳудудида ишлата оладиган ҳар қандай ишлаб чиқариш қуввати Украина учун операцияларни мураккаблаштиради. Украина кейинги пайтларда анча дадил ҳаракат қилмоқда, аммо менимча, у Қозоғистон ҳудудига дронлар билан зарба беришни истамайди. Бундай қадам жиддий эскалация сифатида қабул қилиниши мумкин ва украинлар бундан қочишга ҳаракат қилади. Россия ҳам буни яхши тушунади», дейди Бисаччо.
Агар экспертларнинг бу тахминлари тўғри бўлиб чиқса, Қозоғистон ва Ўзбекистон иккиламчи санкциялар ҳамда Ғарб ҳамкорлари билан муносабатларнинг ёмонлашиши хавфига дуч келиши мумкин. Ҳолбуки, сўнгги йилларда ҳар икки мамлакат Ғарб давлатлари билан ҳамкорликни изчил кенгайтиб келмоқда.
Москва ҳарбий ишлаб чиқаришни кўчиришни сўраса, Остона ва Тошкент бундай таклифни рад эта оладими?
Айниқса, Россия билан Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) доирасида ҳарбий-сиёсий мажбуриятларга эга бўлган Қозоғистон учун бу масала алоҳида аҳамиятга эга. Ўзбекистон эса мазкур ташкилот аъзоси эмас.
«Албатта, уларнинг суверенитетни ҳимоя қилиш ва миллий манфаатларни ҳимоя қилиш истаги бор. Бироқ Москва иродасини бутунлай инкор этишга ҳам ҳеч ким журъат қилмаяпти. Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий жиҳатдан Россияга боғлиқлиги сақланиб қолмоқда. Бу давлатлар жаҳон савдо йўлларига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга эмас. Шу сабаб инвестициялар жалб қилиш ҳам қийинлашади ва инфратузилмавий жиҳатдан Россияга боғлиқлик сақланиб қолади», дейди Илҳомов.
«Ҳасад» ва «ахборот шов-шуви»
Экспертлар Россиянинг ҳарбий келишувларни айнан ҳозир қайта кўриб чиқишига бошқа изоҳлар ҳам бермоқда.
Кремль Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг Туркия, Ғарб давлатлари ҳамда Хитой билан ҳарбий ҳамкорликни кенгайтираётганидан норози бўлиши мумкин.
Масалан, Туркия Ўзбекистон армиясини модернизация қилишда, ҳарбий кадрлар тайёрлашда иштирок этмоқда ва мамлакатга ҳарбий техника, жумладан, дронлар сотмоқда.
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған эса Anka дронларини Қозоғистон ҳудудида ишлаб чиқариш бўйича келишувга эришган.
Айрим экспертлар фикрича, бу ерда маълум маънода «ҳасад» омили ҳам мавжуд. Москва Марказий Осиё давлатлари унинг назоратисиз ташқи ҳарбий ҳамкорлик ривожлантираётганидан мамнун эмас.
«Россия ҳали ҳам минтақадаги давлатларга кўплаб ҳарбий техникалар таклиф қилмоқда. Илгариги келишувлар ҳатто КХШТ аъзоси бўлмаган Ўзбекистонга ҳам Россия техникасини имтиёзли нархларда харид қилиш имконини берган. Россиянинг ҳали ҳам муайян устунликлари бор. Бироқ Украинадаги уруш туфайли ўз ҳарбий саноатини ички эҳтиёжларга мослаштиришга мажбур бўлгани боис, бошқа таъминотчилар бўш қолган ўринларни тўлдира бошлади», дейди Бисаччо.
Россиялик собиқ ҳарбий ва «Хайр, қурол!» уюшмаси таҳлилчиси Алексей Альшанский эса янги келишувларда принципиал аҳамиятга эга ўзгаришлар бўлишини кутаётгани йўқ.
У Россия ҳарбий-саноат объектларини Қозоғистон ва Ўзбекистонга кўчириши эҳтимолини рад этади.
Таҳлилчи фикрича, Москва бундай объектларни мамлакатнинг ички ҳудудларига, масалан Сибирга кўчиришни афзал кўради.
Алексей Альшанский
«Бу ҳарбий келишувларни қайта ёзиш ва қайта имзолаш атрофидаги шов-шув кўпроқ ахборот фонидаги ҳаракатга ўхшайди. Владимир Путинга Россия халқаро майдонда яккалаб қўйилмаганини, Россия армияси гўё ҳамон кўпчилик учун қизиқ ва керакли эканини кўрсатиш муҳим», дейди Альшанский.
Қозоғистонлик собиқ ҳарбий, Миллий хавфсизлик қўмитаси чегара хизмати собиқ подполковниги Ғалимжон Садвақасов фикрича, Москва билан келишувларни қайта кўриб чиқиш кўпроқ Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг ўзи учун манфаатли бўлиши мумкин.
Унинг айтишича, ҳар икки давлат қурол-яроғ харидини диверсификация қилишга интилмоқда. Чунки Россия ҳарбий технологиялари замонавий уруш талабларига тобора камроқ жавоб бермоқда. Айниқса, дронлар тизимларининг аҳамияти ортиб бораётган шароитда бу яққол кўринмоқда.
Галымжан Садвакасов
«Россияда жиддий технологик ортда қолиш кузатилмоқда. Албатта, уларнинг гипертовушли ракеталар ва бешинчи авлод ҳарбий самолётлари каби афзалликлари бор. Лекин бу технологияларни биз билан бўлишмайди, чунки бу уларнинг энг катта устунлиги ҳисобланади. Шунинг учун Қозоғистон олдида қурол харидини қандай диверсификация қилиш масаласи турибди. Биз ҳарбий техникалар учун бутловчи қисмларда Россияга қараммиз. Бироқ замонавий урушда танк ва артиллерия асосий эмас, кўпроқ ёрдамчи вазифани бажармоқда. Менимча, Россиядан қурол харидини қисқартириш ташаббуси кўпроқ минтақамиз давлатларидан чиқяпти», дейди собиқ ҳарбий.
Ҳозирча Москва, Остона ва Тошкент келишувларнинг айнан қайси қисмларини ўзгартиришни режалаштираётгани маълум эмас.
Айрим экспертлар бу жараённи Россиянинг ҳарбий-саноат комплексини сақлаб қолиш ва минтақадаги таъсирини мустаҳкамлашга қаратилган уриниш деб баҳоламоқда.
Бошқалар эса буни ахборот шов-шувидан бошқа нарса эмас, деб ҳисоблайди.
Бироқ музокаралар қандай якунланишидан қатъи назар, Қозоғистон ва Ўзбекистон эски ва янги ҳамкорлар ўртасида мувозанатни сақлаш вазифасига дуч келишда давом этади.