Путин Тожикистон президентини Москвада 9 май куни бўлиб ўтадиган парадга таклиф қилди

Владимир Путин (ч) ва Эмомали Раҳмон (ў), 2021 йил 9 майи

Россия президенти Владимир Путин тожикистонлик ҳамкасби Эмомали Раҳмонни “Ғалаба кунига бағишланган тадбирларда иштирок этиш учун” Москвага таклиф қилган. Бу ҳақда Тожикистон президенти матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Хабарномада 5 май куни Раҳмон билан Путин ўртасида телефон сўзлашуви бўлиб ўтгани, унда “президентлар Тожикистон-Россия ўртасидаги стратегик ҳамкорлик ривожланишидаги ижобий динамикани қайд этишган”и ва бир-бирларини Ғалабанинг 78 йиллиги билан табриклашгани айтилган.

Эмомали Раҳмон Путиннинг таклифини қабул қилган-қилмагани, агар қабул қилган бўлса, Москвага айнан қачон бориши очиқланмаган.

“Известия” нашри Тожикистон президенти матбуот хизматига таянган ҳолда Раҳмоннинг Москвага сафарига оид қарор ҳали қабул қилинмагани ҳақида хабар қилди.

Аввалроқ 9 май куни Москвада бўлиб ўтажак парадда Қирғизистон президенти Садир Жапаров иштирок этиши хабар қилинган эди. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков парадга бошқа хорижий лидерлар таклиф қилинмаганини билдирган. Путин Раҳмонни нима учун таклиф қилгани ҳозирча номаълум. Кремль мазкур телефон сўзлашуви ҳақида ҳали маълумот тарқатган эмас.

З май куни Путиннинг Кремлдаги қароргоҳига икки дрон билан ҳужум уюштирилган. Ҳодиса чоғида ҳеч ким жабрланмаган. Россия расмийлари буни президентга суиқасд деб атаб, ҳужум учун масъулиятни Украина зиммасига юклаган. Киев дрон ҳужумига алоқаси мутлақо йўқлигини айтмоқда.

Ҳужум ортидан Москвада хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Песковга кўра, 9 майдаги парад режага мувофиқ равишда бўлиб ўтади, Путин эса ўша куни Қизил майдондаги минбарда бўлиши керак.

Эмомали Раҳмон 2021 йил 9 майида Москвада бўлиб ўтган парадга борган ягона хорижий лидер бўлган. Россия қўшинлари Украинага бостириб кирган 2022 йилдаги парадда бирорта чет эллик лидер қатнашган эмас.