Путин Тоқаевга Ўзбекистон билан уч томонлама газ иттифоқи ташкил этишни таклиф қилган

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 28 ноябрда Москвага борди.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва Россия президенти Владимир Путин Москвадаги учрашувда Ўзбекистон билан биргаликда “уч томонлама газ иттифоқи” ташкил этиш масаласини муҳокама қилган. Бу ҳақда қозоқ президентининг матбуот котиби Руслан Желдибай маълум қилди.

Унга кўра, мазкур иттифоқни ташкил этишдан мақсад газ транспортировкасини мувофиқлаштиришдир.

“Қасим-Жомарт Тоқаев ва Владимир Путин барча манфаатдор томонларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда бу масалани рационал тарзда ҳал этиш учун уч давлат экспертлари иштирокида музокаралар ўтказиш лозим деб ҳисоблайди”, деди Руслан Желдибай.

Аввалроқ Россия матбуотида 28 ноябрда Москвага борган Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳамкасби Владимир Путин билан музокаралар ўтказгани ва шундан сўнг Мишустин билан учрашгани ҳақида хабар берилган.

“РИА Новости”нинг ёзишича, Тоқаев Мишустин билан учрашувда Россия ва Ўзбекистон билан уч томонлама “қандайдир иттифоқ тузиш” масаласини кўриб чиқишга тайёр эканини билдирган.

“Бугун Владимир Владимировчи билан биз қандайдир уч томонлама иттифоқ тузишимиз кераклиги тўғрписида гаплашдим ва у Ўзбекистон президентига телефон қилмоқчи”, деб иқтибос келтиради Тоқаев сўзларидан агентлик.

Бироқ Тоқаевнинг матбуот хизмати сайтида ҳам, Кремль сайтида ҳам бу борада бирон маълумот берилмади.